Бугун 23 июль, 2019 йил, сешанба

O'ZB

Наманганда 80 та мактаб ходимини бетон қуйишга мажбурлаган раҳбар жазоланди

Наманганда 80 та мактаб ходимини бетон қуйишга мажбурлаган раҳбар жазоланди

Халқ таълими вазирининг Ҳуқуқий-назорат хизмати Наманган вилояти, Косонсой туман марказида ташкил этилаётган “Яшил хиёбон” ҳудудида халқ таълими тизимида фаолият юритувчи техник ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатини ўрганиб чиқди, деб хабар бермоқда ХТВ матбуот хизмати.

Ўрганиш натижасига кўра, 28 июнь куни “Обод марказ” Давлат дастури асосида ҳар бир таълим муассасасига 10 метрдан жой ажратилиб, директорларга бетон қуйиш ҳамда ободонлаштириш ишларини бажариш юзасидан топшириқ берилган.

Топшириққа асосан, 29 июнь куни туман халқ таълими тизимининг 80 нафар техник ишчи ходимлари янги барпо этилаётган “Яшил хиёбон” ҳудудида “шанбалик” ниқоби остида эни 1,5-2 метр, узунлиги 410 метр жойга бетон қуйиш ва ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб этилганлиги маълум бўлди.

Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганиш натижаси бўйича Косонсой тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасини вақтинчалик бажарувчи Ф.Н. вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнига М.Аллохонова тайинланган.

80 нафар ишчи ходимларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги учун мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Бош прокурори номига жорий йилнинг 4 июль куни хат юборилган.

Бундан ташқари, халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларнинг шикоятларини қабул қилувчи виртуал инспекторни ишга туширди.

"Ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилганида, ҳуқуқлари бузилганда ёки турли тўловларга мажбурланган ҳолатларда ovoz.uzedu.uz сайти ёки +998 99 988 10 06 телефони ва телеграм рақамига мурожаатларини юборишлари мумкин", - дейилади хабарда.

Киритилди: 14:25 10.07.2019. Ўқилди: 864 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!