Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Муҳаммад Мурсий ким ва у қандай қилиб вафот этди?

Муҳаммад Мурсий ким ва у қандай қилиб вафот этди?

Мисрнинг демократик йўл билан сайланган илк президенти, 67 ёшли Муҳаммад Мурсий суд мажлиси вақтида ҳаётдан кўз юмди. Унинг ўлимидан сўнг Муҳаммад Мурсий ким эди, нима сабабдан қамалган ва қандай вафот этди, деган мазмундаги саволлар кўпчиликда пайдо бўлди. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда Муҳаммад Мурсий фаолиятини оқлаганлар ва қораловчи томон ўртасида қизғин баҳслар ҳам бўлиб ўтди. Хўш, Муҳаммад Мурсий ким эди, қандай қилиб ҳокимият тепасига келди ва нима сабабдан лавозимидан четлаштирилиб, қамоққа олинди? Унинг давлат раҳбари сифатида йўл қўйган хатолари нималардан иборат эди? Шу ҳақда қисқача маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Муҳаммад Мурсий қарийб 30 йил президентлик қилган Ҳусни Муборак 2011 йилда бўлиб ўтган кенг кўламли норозиликлар ортидан ҳарбийлар аралашуви билан истеъфога чиққанидан сўнг, 2012 йилнинг июнь ойида бўлиб ўтган президентлик сайловида 51,73 фоиз овоз тўплаб, мамлакат тарихида илк бор демократик йўл билан президент этиб сайланди.

Муҳаммад Мурсий ким?

Муҳаммад Мурсий 1951 йилнинг 8 август куни Мисрнинг Нил дарёси дельтасида жойлашган Шаркия вилояти Ҳейва туманидаги Адве қишлоғида туғилган. Отаси фермер, онаси эса уй бекаси, беш ака-уканинг каттаси бўлган Муҳаммад Мурсий илк таҳсилини ўз қишлоғида олди. 1975-1978 йилларда Қоҳира университетида муҳандислик бўйича таҳсил олди. 1982 йилда АҚШнинг Шимолий Калифорния университети магистратурасида ўқиди. 1982-1985 йилларда Нортриждаги Калифорния штати университетида ёрдамчи доцент сифатида фаолият олиб борди. Сўнгра дарс ўтиш учун Мисрдаги Загазиг университетининг муҳандислик факультетига келди ва 2010 йилга қадар ушбу факультетда декан лавозимида ишлади.

Ливиянинг Траблус университети, Қоҳира университети, Загазиг университети ва Шимолий Калифорния университетларида «Тупроқни мустаҳкамлаш учун ечимлар» мавзусида илмий изланишлар олиб борди. Бир муддат АҚШ Космик тадқиқотлар агентлиги (НАСА)да фаолият олиб бориб, металлургия муҳандислиги соҳасида тажрибалар ўтказди ва турли тадқиқотларда иштирок этди.

Илм-фан билан шуғулланиш билан бир қаторда, ғоявий томондан яқин деб Мусулмон биродарлар ҳаракати сафида сиёсат билан ҳам шуғулланди. Мусулмон биродарлар ташкилоти фаолияти тақиқлангани боис мустақил сиёсатчи сифатида сайловларда иштирок этиб, ғалаба қозонди ва 2000-2005 йилларда Миср парламентида фаолият кўрсатди. 2011 йилнинг 30 июнь куни Мусулмон биродарлар ҳаракатининг сиёсий қаноти ҳисобланган Ҳуррият ва адолат партияси етакчилигига сайланди.

2012 йилги Миср президентлигига сайловда Мусулмон биродарлар номзди сифатида фаол сайлов кампаниясини олиб борди. Илк турда 25,5 фоизлик овоз тўплаб, иккинчи турда қатнашиш имкониятини қўлга киритди. Иккинчи турда эса 51,73 фоизлик овоз билан ғалаба қозониб, Мисрнинг бешинчи, демократик йўл билан сайланган биринчи президентига айланди.

Нима сабабдан Мурсий ҳокимиятдан четлаштирилди?

Муҳаммад Мурсий аслида мураккаб ва чигал вазиятда ҳокимият тепасига келган эди. Миср нафақат сиёсий ва иқтисодий, балки кўплаб ижтимоий муаммолар гирдобига ботган, халқнинг яшаш шароитлари оғирлашган, турли дин ва мазҳаб вакиллари ўртасида келишмовчилик авж олган, мамлакатнинг турли ҳудудларида террористик ҳуружлар содир этилаётган давр эди.

Хусусан, Мурсий даврида Синода террористик ҳуружлар сони ортди, жанубда қибтий насронийлари истиқомат қиладиган Асют ва Асуван каби вилоятлардаги отишмалар, одам ўғирлаш, жиноятчиликлар ҳолатлари кўпайди, 2013 йилнинг июнь ойида шиа мазҳабига эътиқод қилувчи тўрт мисрликнинг Гиза шаҳрида аҳоли томонидан ўлдирилиши каби ҳолатларга ўз вақтида барҳам берилмади (бу каби ҳодисалар Мисрда ҳамон содир бўлмоқда). Қолаверса, сиёсий доираларда ҳам парчаланиш, келишмовчиликлар кучли эди. Бу кучларнинг ўзаро келишувга эришмагани, биргаликда мавжуд муаммоларни бартараф этишга киришилмагани уларнинг Мурсий ҳукуматига қарши ҳаракатга келишига сабаб бўлди.

Таъкидлаш жоизки, секуляр мухолифат Мурсий ҳокимият тепасига келган вақтданоқ халқни янги давлат раҳбарига қарши қўзғаб, норозиликларни авж олдиришни бошлаб юборган эди. 370 кунлик президентликдан сўнг миллионлаб инсонлар яна Қоҳира марказидаги Таҳрир майдонига тўпланди. Вазиятнинг чигаллашиб бораётганини кўрган ҳарбийлар Мурсийга мухолифат билан тил топишиши учун 48 соат муҳлат берди. Орқада қайтишни истамаган Муҳаммад Мурсий 2013 йилнинг 3 июль куни ўша вақтдаги мудофаа вазири, ҳозирги пайтда мамлакат президенти бўлган Абдулфаттоҳ Сисий томонидан амалга оширилган ҳарбий давлат тўнтарилишидан сўнг ҳокимиятдан четлаштирилди.

Суд ва қамоқдаги ҳаёт

Давлат тўнтариши ортидан лавозимидан четлаштирилган ва ҳибсга олинган собиқ президент Муҳаммад Мурсий 2015 йилнинг 16 май куни Фаластиннинг «Ҳамас» ислом ҳаракати фойдасига жосуслик қилиш ва қамоқдан қочишда айбдор деб топилиб, ўлим жазосига ҳукм қилинди. Мурсийдан ташқари, Мусулмон биродарлар ташкилотининг яна 17 нафар раҳбари, шу жумладан ташкилот етакчиси Муҳаммад Бадий ҳамда бошқа юзлаб ташкилот аъзоларига олий жазо тайинланди. Ўлим жазоси тайинланганлар орасида Қатарда фаолият олиб бораётган Бутун дуён уламолари иттифоқи раиси Юсуф Қардовий ҳам бор.

Мурсий лавозимидан четлаштирилганидан сўнг унга нисбатан 6 та турли даъволар қўзғатилди. Ушбу даъволарнинг тўрттаси бўйича ҳукм эълон қилинган, 2 таси бўйича суд ва тергов ҳаракатлари давом эттирилаётган эди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Human Rights Watch (HRW) халқаро ташкилоти 2017 йилнинг 19 июнь куни Муҳаммад Мурсийнинг қамоқхонадаги ҳаёти ва оиласининг қийин аҳволи тўғрисида баёнотини эълон қилди.

Баёнотда Миср расмийлари ноқонуний равишда Мурсийни оиласи ва адвокати билан алоқада бўлиши ва уларнинг Мурсий билан кўришишини тақиқлагани келтириб ўтилади. Шунингдек, Мурсий малакали тиббий хизматдан ҳам маҳрум этилгани маълум қилинди.

Қамоққа олинганидан 4 йил давомида илк бор 2017 йилнинг 4 июнь кунида оиласи ва адвокати билан кўришишига рухсат берилади. HRW фақатгина Мурсийнинг турмуш ўртоғи ва қизи билан 30 дақиқа кўришишга изн берилгани, 4 ўғли ва бошқа қариндошлари билан учрашиш имкони тақдим этилмаганини маълум қилди. Мурсийнинг адвокатига эса 2015 йилнинг январидан буён илк маротаба 10 дақиқа суҳбатлашиш имкони берилган.

Шу билан бирга, собиқ президент якка ҳолда сақланган, унга телефонда суҳбатлашиш, газета ўқиш, телевизор кўриш тақиқланган. Мурсий оиласи томонидан қамоқхонага егулик ва дори-дармонлар киритилишига ҳам рухсат берилмаган. Қамоқхона шифокори ёки ҳамширасига Мурсийнинг қон босими ва қонидаги қанд миқдорини ўлчашдан бошқа даво чоралари кўрилмагани, сўнгги вақтларда саломатлиги билан боғлиқ жиддий муаммолари бўлгани ва озиб кетгани хабар қилинди.

Унинг охирги сўзларидан

Мурсий президентлик чоғида халққа мурожаат қилар экан, қуйидаги сўзларни тилга олган эди:

«Сизларни, фарзандларимизни, биздан кейин келувчи авлодларимизни қўриқлашни хоҳлайман. Қизларимиз, келажагимиз оналарини қўриқлашни хоҳлайман. Улар фарзандларига сизнинг боболарингиз ва аждодларингиз ҳақиқий эркаклар эди, ҳақсизлик ва ёмон фикрлар қаршисида асло бўйин эгмадилар, ватани, ҳақ-ҳуқуқлари ва динларидан зарра қадар воз кечмадилар, дейдилар».

Миср халқининг ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш учун жонини фидо этишини таъкидлаган Мурсий шундай деб давом этади:

«Бу ҳақларимизнинг бадали учун менинг қоним оқса, мен тайёрман. Ватан учун жонимни осонликча бераман. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир. Ҳеч ким сизни алдамасин, асло тузоқларга тушманг».

Санжар Саид тайёрлади.

Manba: azon.uz

Киритилди: 18:49 21.06.2019. Ўқилди: 4224 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!