Бугун 18 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Мудҳиш жиноят! Эркак хотини ва ўғлини ўлдириб, чуқурга кўмиб, сўнг уйини ёқиб юборди

Мудҳиш жиноят! Эркак хотини ва ўғлини ўлдириб, чуқурга кўмиб, сўнг уйини ёқиб юборди

Ҳа, инсоният интиҳога етиб келдимики, бу қадар ваҳшийликларнинг уддасидан чиқаётир деган ўйларга ўраб ташлагувчи ҳодисалар борки, ҳатто қоғозни титратади.

Ака-укалар муросасизлиги, оила парокандалигию аянчли оқибатлар, қондош-жондошларнинг ёқа олишишлари…

Қуйида келтирмоқчи бўлган фожеа жабрдийдалари, жабр етказган ҳам айни замондошларимиз.

1985 йилда турмуш қилган Муҳаббат билан Арслоннинг оиласи нотинч эди. Уруш-жанжал, бориш-келиш, ярашиш каби ҳолатлар ҳаёт мезонидай. Аччиқланган оғиздан чиққанлар эса кўнгил тубига қўрғошиндай қуйилиб, унинг поймонасини тўлдириб борарди гўё. Оилага бахт бўлиб кириб келаётган фарзандлар ҳам эр-хотин муросасини ўзгартира олмас, ота-она жанжаллари, муросасизлиги ўрамида катта бўлаётган давомчилар эса албатта синиқ, ҳаёт саодатини ҳис қилишга ожиз улғайиб борардилар.

ЯРИМ КЎНГИЛ

Бундайларни ҳам кўнгли яримлар дейишади. Отаси ёки онаси вафот этиб кўнгли ярим бўлсаку қисматга итоат этмакдан ўзга чора йўқ. Аммо юқоридаги зайлда улғайиб алал-оқибат ота бошқа, она бошқа яшаб кетса болалар бағриларини бутун қилишни истар эканларда.

Наримон икки қиздан кейин дунёга келган ягона ўғил. Икки опасини тоғасининг уйидан узатишганда дил-дили вайрон бўлган йигит энди бу ҳолатдан уялар, ўртоқлари, тенгдошлари ўртасида боши қўйи юришни асло истамасди. Шу боис ҳам ёлғиз ўзи яшашб, ҳаловатсиз умр кечириб келаётган отасининг олдига тез-тез борар, уни онаси билан ярашишга қистарди. Бу борада катталардан кўмак сўрарди ҳатто. Ҳа, у “фарзандлик бурчим”, деган мақсадига эришди. 12 йиллик айроликдан сўнг оила тикланди. У онаси билан ота уйига қайтишди. Бир қарашда ҳаммаси рисолага тушди, бу ҳолдан маҳалла-кўй ҳам “яхши иш бўлибди”, дея хурсанд бўлишганди. Аммо…

МАЖБУРИЯТ БЎЛСА-Ю…

Меҳр бўлмаса қийин экан. Эр-хотин гўё икки аламзада, икки йўлдаги шахслардек. На мақсадлар бирлиги, на орзу, на фарзандлар камоли йўлидаги бирлашув бўлмади. Наримоннинг бир дарди ўн бўлди. Ота-онанинг орасида қози бўлмоқликдан оғир иш йўқлигини билди. Қилган ишидан афсусланди. Жанжаллар эса…

Арслон бўйини бўйидан баланд қилиб баъзан ўшқириб, баъзан ақл ўргатиб юборадиган Наримонни ҳам ёқтирмай борарди. Аммо у ўғлининг ичидан эзилиши, ҳовлининг орқасига ўтиб унсиз йиғлаб-йиғлаб олишини асло ҳис этмасди. Гўё хотини, болалари бир тарафу, Арслон ўзи ёлғиз бир тараф эди. Мана шу ғалаён қалбига ёвузлик уруғини тикиб қўйганди гўё. Оилада бўлиб ўтаётган ҳар бир можаро эса ана шу уруғни ниш уриб бўй беришига хизмат қилар, бутун вужудини қоплаб борарди. Аёли, фарзандлари (яхшиямки қизлар аҳён-аҳён келишарди) бир бўлиб унга қарши исён кўтараётган мисоли ўзини ночор сезарди. Бунинг чорасини эса бу уйда ўзининг ҳукмронлигини кўрсатиб қўйишда деб биларди.

БИР ҚАДАМ

Шоду хуррамлик билан ғам-ғусса, бахтиёрлик билан бадбахтликнинг орасида бир қадамлик масофа бор , дейишади. Ана шу масофани ушлаб турмоқлик эса ҳар бир кишининг ўз қўлида.

Дилбандига ўз бахтини боғлаган она мисоли, инсон келажагига ўз камолини боғлайди. Қарангки, биргина қадамни тутолмас даражада иродасизлик инсон қисматини қанчалар ўзгартириб юборади.

Арслон ана шу – бир қадамни ушлаб туролмади. Неча йиллик турмуш, оила, фарзандлари ҳаққи-ҳурмати кунпаякун бўлди. У ҳатто набира кўрган, бобо бўлганди! Умрнинг қизиққон босқичидан ўтиб, иккинчи ярим йиллиги даврига, мулоҳазали, тажрибали деган мақомга етган эди.

Қонга тўлган тун

Қалбини ёвузлик эгаллаб бўлган Арслон қариндошининг тўйидан кечроқ қайтаркан, ширин уйқуда ётган аҳли оиласи, ўғли ва аёлининг ҳаловатини ҳазм қила олмади. У кайф эди. Ошхонага кириб, сув ичиб чанқоғини босгандай бўлди. Аммо бўғзидаги аччиқ аламзадалик босилмасди. Гўё қора тун уни гижгижларди. Пайпаслаб топгани пичоғини қўлида маҳкам қисганча ўғлининг хонаси томон юрди…

Қандайдир ваҳима, аллақандай товушлардан чўчиган Муҳаббат сапчиб туриб ўзини ўша томон урди. Ўғлининг устига ташланиб пичоқ ўйнатаётган эрининг қўлига ёпишди. Бу ҳолдан баттар қутурган эркак пичоқни аёлининг тўғри келган ерига санчиб-санчиб олаверди…

Юз бераётган фожеадан қонга тўлган бағри хун бўлган тун энди бунданда баттар ҳолатга рўбарў бўлишини асло кутмаган бўлса не ажаб.

Инсоннинг қадр-қиммати ўз йўлига, аммо майитнинг хўрланишига на шариат, на тариқат чидайди.

Арслон қилмишини яшириш илинжида аввал ўғли, кейин аёлининг жасадини судраб молхонага олиб борди. Гўнг ташлаш учун мўлжалланган салкам бир метрлик чуқурликдаги аҳлатхона олдига келиб ҳеч бир иккиланишсиз ўликларни ташлади ва устидан гўнг-тупроқ тортди…

Шундан сўнг аввал кийимини алмаштирди. Кейин уй, ҳовли-жой, қаердаки қон изи бўлса ювиб тозалади.

Тонг ёришиб, қилган ишини ўзи билан ўзи билан муҳокама қилиб ўтираркан, ичкари уйдан чиққан йиғи товушидан қўрқиб кетди. Ўзини ўнглаб улгурмагандики, худди аза очган ягона зот мисол чинқириб, 3 яшар қизалоқ, набираси остонада юз берди. У тўйдан уни эркалаб, суйиб, кўтариб келган бувисининг олдида йўқлигидан қўрқиб кетганди. Шундай қўрққанди-ки, мурғаккина овози бутун ҳовлини тутарди.

Арслон беихтиёр ўрнидан турди. Судралиб бориб набирасини қучди ва елкалари силкина-силкина унсиз фарёд солди. Гўё шу он ғафлатдан уйғонган, нималар қилиб қўйганини тасаввурига сиғдиролмаётгандек, типирчиларди.

ХУДБИН

Бу Арслонга шу тунда битилган тамға эди. Набирасини олиб қизиникига йўл олган Арслон йўл-йўлакай қизига тайинлироқ сўз топишга уринарди. Набирасини бир-икки кунгами (одатда шундай қиларди) ўзи билан юришга олиб кетган онасини сўраса нима дейди?

— Онанг аканг билан Россияга кетибди!

— Ие, н…нега, бундай гап йўқ эдию?…

— Э, мен билмадим!

Қизнинг кўнглига совуқ гумон тушди. Беихтиёр, “Аллоҳ асрасин”, деган калом тилидан учди. Уч кун ўтгач бировга ундай, бировга бундай “ахборот” бериб юрган, хавотирда уйига келган қизларининг олдида довдираган Арслоннинг чин маънода ҳаловати йўқолган эди. Тўртинчи кунга ўтар кечаси эса гўё ўт кетди қабилида бутун уйига керосин сепиб ёқиб юбордию ҳеч нима бўлмагандай кўчага чиқиб кетди. Аммо Арслон бир нарсани ўйламаганди. Ёнғин содир бўлган жой ўрганилиб, сабаблари қидирилар экан, кутилмаганда кўпчиликни гумонга қўйган мудҳиш ҳолат юз очди! Чиқинди чуқуридан чиқиб келган ёвузлик қурбонлари ёнмаганди!

ХОТИМА

Умрининг 60 йилини яшаб ўтган Арслон Аминов Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан йигирма йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Ҳаёт аталмиш буюк туҳфа инъомидан мосуво яшаб ўтган ва алал оқибат аянчли қисматга рўбарў бўлган бир оила шу тарзда пароканда бўлди. Инсон қадри топталди. Афсус, надоматлар эса ожиз…

Ҳар ишнинг ўз хотимаси бор ва унга қараб ё рағбат, ё мукофот ёинки жазо муқаррар. Ҳар бир ишдан эса тегишли хулосани ҳам олиш мумкинки, бу кишиларни тавба дейишга, оилада тарбияни, муҳитни шакллантиришда ниҳоятда хушёр бўлмоқликка ундайди. Шу маънода жамиятимизни бу каби иллат, жиноят, аламзадалик ва фосиқликдан асраш муддаоси, масъулияти барчамизда бирдек бўлмоқлигини истардик. Зотан, юқоридаги мусибат кимнингдир тақдирида такрорланишини ҳеч биримиз асло-асло истамаймиз!

Инсон шаъни улуғланган юртда яшарканмиз, дахлсизликни асраш бурчимиздир. Холбуки, муродимиз кимнингдир шахсини қораламоқ эмас, жамиятда учраб турган юқоридаги каби қусурларнинг олдини олишга ҳисса қўшишга, атрофимизга, маҳалла-кўй, қўни-қўшниларимиз ҳаётига бефарқ бўлмасликка, янада-янада хушёрроқ бўлишга сизни ҳам чақирмоқ, ундамоқдир. Шу маънода юқоридаги фожеа сабабчиси, жабрдийдалари номларини ҳам ўзгартириб беришни маъқул деб билдик.

Акром АРИПОВ,
Олий суд бош консультанти

Киритилди: 14:46 06.04.2022. Ўқилди: 9106 марта. Фикрлар сони: 2 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!