Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Мирзиёевга шикоят қилмоқчи бўлган аёлнинг муаммоси нима бўлди?

Мирзиёевга шикоят қилмоқчи бўлган аёлнинг муаммоси нима бўлди?

Бундан сал аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида яшовчи аёл турмуш шароитининг оғирлиги, 10 йилдан бери электр чироғисиз истиқомат қилаётгани ва энг ёмони унинг муаммосини туманда ҳеч ким тингламаётганини билдиради. Мурожаатчи аёл видео сўнгида Президент Шавкат Мирзиёевга дардини айтиш истаги борлигини ҳам маълум қилади.

Бироз ўтиб интернетга жойланган иккинчи видеода чиқиш қилган мурожаатчи аёл бу сафар ҳеч қандай муаммоси йўқлигини, ҳеч кимга шикоят қилмаганини айтади.

Қисқа фурсат ичида кетма-кет тарқалган видеолар бир-бирига тескари маълумотни узатгани учун аслида гап нимада эканлигини билиш мақсадида Дарё мухбири Отабек Қўлдошев Музработ туманининг Моҳият қишлоғида бўлди.

Мени ҳеч ким эшитмаяпти, маҳалламиз раиси тингламаяпти, дейди Музработ туманининг Моҳият маҳалласида яшовчи Раҳбар Зарипова. Шунинг учун ҳам бундан бир ой илгари туман Халқ қабулхонасига бориб, шароитим оғирлигини билдирдим. Моддий ёрдам беришларини сўрадим. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмади.

Маълум бўлишича, 10 йилдан бери ҳал бўлмай келаётган электр масаласи ижтимоий тармоқда тарқалган видеодан сўнг ижобий ҳал этилган.

Раҳбар Зарипованинг билдиришича, интернетда тарқалган биринчи видеони 4-секторда ишловчи ходим билан келган унга нотаниш фуқаро тарқатган.

Ҳақиқатдан ҳам электр токисиз яшаётган фуқаронинг хонадонига ток ўтказиб бердик, дейди Музработ туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Умидулла Ҳамидов. 5 та симёғоч орқали сим тортиб келдик ва улаб бердик.

Умидулла Ҳамидовнинг маълумот беришича, ушбу хонадон ноқонуний турар жой бўлгани боис ҳам шунча йиллар давомида электр токисиз яшаган.

Қўшниларимиз ўзаро пул йиғиб, электр сими тортиб келишганди, дейди Раҳбар Зарипованинг турмуш ўртоғи Шавкат Ботиров. Ўшанда бизга пул йиғаяпмиз қўшиласизларми? деб келишди. Аммо қурбимиз етмагани боис ҳам қўшнилар йиғаётган пулни беролмадик. Ва 11 йил давомида свет сиз яшадик. Барака топишсин, раҳбарлар 10 11 апрель кунлари келиб свет ўрнатиб беришди.

Шавкат Ботиров яшаб турган хонадони ҳақиқатдан ҳам кадастр ҳужжатига эга эмаслигини тасдиқлаб, айни кунда ҳужжатлаштириш ишларини олиб бораётганини билдирди.

Дарё мухбири билан телефон орқали мулоқотга киришган туман электр тармоқлари корхонаси масъули аҳолидан тушаётган мурожаатлар жуда кўплиги, барча муаммоларни ҳал этишга имкони йўқлигидан нолиди.

Мурожаатлар тиқилиб ётибди, дейди туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Умидулла Ҳамидов. Уларнинг ҳаммасини ҳам ҳал этолмаяпмиз. 60 70 фоиз мурожаатларни ҳал қилиб, қолган вилоят миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларни Обод қишлоқ ва Обод маҳалла давлат Дастуридан чиққан материаллар орқали ҳал этилиши ҳақида маълумот бераяпмиз. Бу ҳақда Раҳбар Зариповага сал аввалроқ маълумот ҳам бергандик.

Суриштирувларимиздан маълум бўлишича, Раҳбар Зарипова жорий йилнинг 2 апрель куни Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб, қишлоқ аҳолисининг кўпчилигида электр токи йўқлигини айтган. Бу борада амалий ёрдам сўраган. Мурожаатга жавоб берган масъул ташкилот Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси АЖ раҳбари М.Шамсиддинов эса 2019 йил 9 апрелдаги жавоб хатида мурожаатчига аҳоли манфаатларини ўйлаб қилган мурожаати нақадар аҳамиятли эканлигини айтса-да, мазкур муаммони келгусидаги режага киритишларини билдирган. Силлиқина қилиб, ҳозирча имкониятимиз йўқ, агар жавобимиздан норози бўлсангиз фуқаролик ҳуқуқингиздан фойдаланиб, бошқа ташкилотларга мурожаат қилишингиз мумкин дейишган. Алал оқибат Раҳбар Зарипова муаммоси ижтимоий тармоқ орқали дунёга жар солинган.

Раҳбар Зарипова маҳалладан берилиши лозим бўлган моддий ёрдам масаласида ҳам тўхталар экан, маҳалла раиси одатда 6 ой давомида бериб бориладиган бола пулининг 1 ойини хизмат ҳақи эвазига олишини айтади.

14 ёшгача бўлган бола пулига ҳужжат қилсак, 6 ой давомида моддий ёрдам пули ёзишса ўша пулнинг бир ойини маҳалла раисининг ўзи олади, дейди Раҳбар Зарипованинг турмуш ўртоғи Шавкат Ботиров. Йўқса моддий ёрдам ёзишмайди.

Раҳбар Зарипова ҳамда Шавкат Ботировлар Дарё мухбирининг Ҳозирда иш олиб бораётган маҳалла раиси сизлардан бир ойлик хизмат ҳақи олиб қолганми деган саволимизга нафақат ҳозирги раис олдинги раислар ҳам бир ойлик пулни ушлаб қолишарди, йўқса пул ёзмай сарсон қилади дея жавоб берди.

6 ой давомида олишимиз керак бўлган бола пулининг бир ойини раисга бермасак, бу ой ёзаман, кейинги ой ёзаман деб сарсон қилади, дейди Шавкат Ботиров. Яқинда шундай бўлди, ҳужжат тахладим. Раис декабрь ойидан бошлаб (2018 йил декабрь ойи назарда тутилмоқда таҳририят) пул оласиз деди. Кейин айтилган пайтига пул чиқмагач, янги йилдан кейин бордим. Борсам, февраль ойидан оласиз деди. Кейинги сафар эса апрель ойига кўчганини билдирди. Хуллас оладиган бола пулимизнинг бир ойлигини бермасак, бу ой, кейинги ой деб алдаб келишади.

Эндигина иш бошлаган пайтим Раҳбар ёнимга борди ва шароити оғирлигини, уйида свети йўқлигини айтди, дейди Моҳият маҳалла фуқаролар йиғини раиси Санобар Холмуродова. Моддий ёрдам ёзсак, свет ўрнатишини билдирди. Шунда оиланинг аҳволини ўрганиб, 2017 йил декабрь ойидан бошлаб 2018 йил май ойига қадар бўлган муддат учун моддий ёрдам пули тўлаб бердик. Аммо пулни ўз эҳтиёжига сарфлаб юбориб, свет ўрнатишмади.

Раис Санобар Холмуродова Раҳбар Зарипова хонадони ҳақиқатдан ҳам моддий ёрдам сўраб 2018 йил ҳам мурожаат қилганини, аммо 2018 йилги хатловда оиланинг томорқаси 10 сотихдан кўп эканлиги маълум бўлгач, ушбу хонадонга моддий ёрдам пули берилмаганини изоҳлади.

Ҳозирда уларда бир бош она-бола сигир борлиги ва томорқаси 10 сотихдан ошиб кетгани боис ҳам моддий ёрдам пули ёзмадик, дейди Санобар Холмуродова. Чунки бу оила даромади белгиланган мезондан ошиб кетяпти. Бу ҳақда уларга тушунтирдик.

Санобар Холмуродованинг маълумот беришича, Раҳбар Зарипова 2019 йил март ойида туман ҳокимининг халқ қабулхонасидаги қабулига борганда, ҳоким йўқлиги сабаб ўринбосари Комилжон Салимов ҳузурида бўлган. Мурожаатчи ҳоким ўринбосарига моддий ёрдам берилмаётгани ҳақида билдиргач, тумандан ишчи гуруҳ келиб хонадон аҳволини ўрганган. Ўрганиш натижаларига кўра, оила даромади белгиланган меъёрдан ортиқ экани аниқланган ва Раҳбар Зарипова хонадонига моддий ёрдам ёзилмаган.

Раҳбар Зарипованинг туман ҳокими қабулига боришидан мақсади свети масаласини ҳал этиш ва симёғоч сўраш эди, дейди маҳалла раиси. Аммо Раҳбар ўша куни ҳоким ўринбосарига фақат моддий ёрдам берилмаётганини билдирган. Симёғоч сўрамаган.

Раҳбар Зариповага кўра, интернетда тарқалган видеонинг биринчисини унга нўмалум кимса олган бўлса, иккинчи видеони туман ҳокимлигида суратга олишган.

Видеони интернетга тарқатган ўша номаълум кимса Боғи Эрам маҳалласида яшовчи Улуғбек Муродов эканлиги маълум бўлди, дейди Санобар Холмуродова. Улуғбек Муродов илгари туман электр тармоқлари корхонасида ишлаган экан. Ҳозирда эса ҳеч қаерда ишламайди. Шундай бўлса-да, Абдуқодир исмли 4-секторда ишловчи ходим билан ушбу хонадонга келиб, биз сизга ёрдам берамиз деб видеога олган ва интернетга тарқатган.

Маълум бўлишича, биринчи видеони интернетга жойлаган Улуғбек Муродов шахси маълум бўлгач, Моҳият маҳалласи раиси Санобар Холмуродова уни маҳалласи шаънини ерга уришда айблаб судга берган. Фуқаролик ишлари бўйича Музработ туман судининг 2019 йил 10 апрелдаги қарорига кўра, Улуғбек Муродов 5 суткага қамалган.

Журналистик суриштирувларимиз натижасида маълум бўлишича, Улуғбек Муродов тасвирга олган видео интернетда тарқалгач, Раҳбар Зарипова туман ички ишлар бўлимига олиб келинган. Ундан сўнг эса туман ҳокимлигига олиб борилиб, ўша интернетда тарқалган иккинчи видео съёмка қилинган.

Туман ички ишлар бўлимига маҳалла раиси ҳамроҳлигида олиб борилган Раҳбар Зарипова ички ишлар бўлимида унга босим ўтказилгани, қўрқитилганини айтиб, Онадан қайта туғилгандек бўлдим. Қўрқиб кетдим , дейди.

Раҳбар Зарипованинг туман ички ишлар бўлимига олиб борилганини тасдиқлаган маҳалла раиси Санобар Холмуродова дастлабки суҳбат унинг иштирокисиз бўлиб ўтганини айтиб, унга нисбатан босим ўтказилганидан бехабарлигини билдирди.

Дарё мухбири билан мулоқотда бўлган Музработ тумани ҳокими ўринбосари Фотима Normaматова ҳам видео интернетда тарқалгач, ҳудудга бориш учун маҳалла раиси Санобар Холмуродовага қўнғироқ қилганини, маҳалла раиси эса Раҳбар Зарипова билан бирга туман ички ишлар бўлимида эканлигини айтгач, шу заҳоти ички ишлар бўлимига етиб борганини билдирди.

Самарқанднинг Каттақўрғонидаги ички ишлар ходими билан боғлиқ воқеадан сўнг, жуда огоҳ бўлиб қолганимиз боис Раҳбар Зарипованинг ички ишлар бўлимига олиб келинганини эшитиб, тезда етиб бордим, дейди Фотима Normaматова. Суҳбат менинг иштирокимда олиб борилди. Мен боргунимга қадар нима гап бўлган билмайман, аммо менинг иштирокимда туман ички ишлар бўлими бошлиғи Баҳром Турсунов олиб борган суҳбат мобайнида Раҳбар Зариповага ҳеч ким босим ўтказгани йўқ.

Музработ туман ички ишлар бўлими бошлиғи Баҳром Турсунов Раҳбар Зарипованинг ўзига босим ўтказилгани ҳақидаги иддаосини тамоман рад этди.

Туман ИИБ бошлиғи фуқаро Раҳбар Зарипованинг ички ишлар бўлимига чақирилишини фуқаронинг ариза бериши билан боғлади. Бошлиқ Дарё мухбирининг фуқаро Раҳбар Зариповадан қандай ариза тушган? деган саволига уни интернетда видеосини тарқатиб юборган фуқаро устидан шикоят қилганини, аризага кўра фуқаро жавобгарликка тортилганини маълум қилди.

Қизиқ, Моҳият маҳалла фуқаролар йиғини раиси видеони интернетга тарқатган фуқарони мен судга бердим деётган бўлса, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Раҳбар Зарипова ўзига номаълум кимса устидан ички ишларга шикоят қилганини билдирмоқда.

Муаммони ўрганиш учун 19 апрель куни Музработ туманига қилган сафаримиз чоғида ғалати воқеаларга ҳам гувоҳ бўлдик. Дастлаб, мурожаатчи билан суҳбатимиздан сўнг, Моҳият маҳалласи раиси Санобар Холмуродовага ҳокимиятга боришимиз лозимлигини айтиб, йўл кўрсатишини илтимос қилдик. Бизга йўл кўрсатишни бошлаган раис автомобили қоронғи кўчада бир пасда ғойиб бўлгани етмаганидек, туман ҳокимлигини амаллаб топганимизда навбатчи томонидан чақириб берилган ҳоким ёрдамчиси ҳам журналист эканлигимизни билгач навбатчи ниқобига кириб ҳеч қандай маълумот бермай ҳокимлик биносини тарк этди. Тўғрироғи, қочиб қолди. На туман ҳокими ва на ўринбосарларини тополмагач, вилоят ҳокимлиги сайтида кўрсатилган телефон рақамларига қўнғироқ қилдик. Маълум қилишларича, Музработ туман ҳокими бошчилигидаги барча ўринбосарлар ўқишга кетган. (Фотима Normaматова билан телефон орқали мулоқотимизда у киши айни пайтда иш билан Қизириқ туманида эканлигини маълум қилганди. Яна бир ўринбосар Шуҳрат Азимов ҳам кейин кўриниш берди).

Раҳбар Зарипова хонадонининг 11 йиллаб зулматда яшаши ҳақидаги муаммо ижтимоий тармоқлар орқали дунёга жар солингандан кейингина ҳал этилгани яхшимас, аслида. Шу пайтга қадар масъуллар эшигини такрор-такрор қоққан аёл арз-доди шунчаки тинглангани ва тўрт қатор сўз билан бунинг имкони йўқлиги уқтирилгани ҳудуд раҳбарларининг фуқаро муаммосига қанчалик даражада масъулият билан ёндашганидан дарак бермаяптимикин? Ўша имконсиз дейилаётган муаммонинг ҳам ечими бор экан-ку. Масъуллар ҳар бир муаммони шу тақлид фақатгина жар солингачгина ҳал қилиш шартмикин?

Киритилди: 16:41 24.04.2019. Ўқилди: 2829 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!