Мексикалик миллиардер Рикардо Салинас Плиего ўз банки («Azteca») мижозларига миллион песо (тахминан 47 минг доллар) ҳадя қилишга қарор қилди.
«Бугун 1 миллион песо ҳадя қилиш истаги билан уйғондим, пуллар сизнинг «Banco Azteca» иловангизга ўтказиб берилади. Пулларни тақсимлашда ёрдамингиз керак: 1000 песодан 1000 та ўтказма, 5000 песодан 200 та ўтказма ёки 10 000 песодан 100 та ўтказма — қай бири маъқул?», — деб ёзди Салинас «Twitter»да.
Ижтимоий тармоқдаги овоз бериш якунларига кўра, «Salinas Group» асосчиси ва раҳбари (телекоммуникациялар, кўнгилочар бизнес, транспорт, молия ва савдо хизматларида улушларга эга) 10 000 песодан 100 та ўтказмани қандай тақсимлашини душанба куни маълум қилишини айтди.
«Forbes» рўйхатида турувчи миллиардернинг акциясини танқид қилганлар ҳам бўлди, улар пулларни шунчаки совургандан кўра, саратонга чалинган болаларга ёки озиқ-овқат фондига ёрдам беришга чақиришди.