Бугун 19 июль, 2025 йил, шанба

O'ZB

Махфий операция: Британия 4500 афғонликни яширинча кўчирди

Махфий операция: Британия 4500 афғонликни яширинча кўчирди


2022 йилдаги йирик маълумотлар оқиши $537 миллионлик махфий операцияга олиб келди.

Британия ҳукумати илк бор Мудофаа вазирлиги томонидан Британия қўшинлари билан ҳамкорлик қилган 18 000 дан ортиқ афғон ҳақидаги маълумотлар тасодифан ошкор қилинганини тан олди. Бу ҳолат туфайли ҳукумат минглаб инсонларни талиблар томонидан интиқомга учраш хавфидан қутқариш мақсадида махфий кўчириш дастурини амалга оширди.

Мудофаа вазири Жон Хили сешанба куни парламентда Afghan Response Route номли кўчириш дастури ёпилганини эълон қилди. Бу дастур орқали Буюк Британияга 4500 афғонлик олиб келинган. Дастур умумий ҳисобда 537 миллион долларга тушган. Яна 600 киши оилалари билан бирга келиши режалаштирилган эди.

«Мен бу кўчириш йўналишини ёпяпман, маълумотлар оқишини ошкор қиляпман ва суднинг нашрлар бўйича қўйган таъқиқи бугун тушдан кейин бекор қилинганини тасдиқлайман», — деди Хили. У суд таъқиқини “беназир” деб атади.

Маълумотлар оқиши 2022 йилда рўй берган, вақтинча номаълум қолган мансабдор шахс афғонликлар ҳақидаги шахсий маълумотларни расмий тизимлардан ташқарига юборади. «У мансабдор фақат 150 нафар аризачига оид маълумотни юборяпман деб ўйлаган. Аслида эса файлда 18 714 афғоннинг шахсий маълумотлари бўлган», — деди Хили ва буни «жиддий бошқарув хатоси» деб баҳолади.

Маълумотлар оқишининг ҳақиқий кўлами фақат 2023 йил август ойида, тўққиз нафар кишининг маълумотлари ижтимоий тармоқларда пайдо бўлганида аён бўлди. Олдинги ҳукумат бу ҳақдаги ҳар қандай нашрларни блоклаш учун беназир суд қарорига эришган эди. Бироқ, 15 июл куни Олий суд журналистлар учун ўрнатилган таъқиқларни бекор қилди.

Хили жамоатчилик ва парламент олдидаги очиқликнинг йўқлигидан «жиддий хавотир» билдирди ва маълумотлари ошкор қилинганлардан «чин юракдан узр» сўради.

Ҳисоботга кўра, ҳозирча талиблар британияликлар билан ҳамкорлик қилган афғонларга қарши интиқом уюштиришни режалаштираётгани ҳақида аниқ далил йўқ. Маълумотлар ошкор бўлиши уларнинг ҳаракат қилиш эҳтимолини оширишига далил топилмаган.

Бу маълумот ошкор қилиниши Британияда миграция масаласи сиёсий муҳокамалар марказида турган бир вақтга тўғри келмоқда. Олдинги ҳукумат даврида қонуний миграция кескин ошган ва Франциядан кичик қайиқларда минглаб бошпана сўровчилар келган эди.

Киритилди: 13:58 17.07.2025. Ўқилди: 764 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!