Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Маст ҳолда МИБ ходимларини ҳақоратлаб, таҳқирлаган бухоролик эркакка ҳукм ўқилди

Маст ҳолда МИБ ходимларини ҳақоратлаб, таҳқирлаган бухоролик эркакка ҳукм ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди, судья А.Жабборов раислигида судланувчи Холмуродов Суннат (исмлар ўзгартирилган)га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Судланувчи С.Холмуродов, қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, ўз хизмат бурчини бажариш муносабати билан боғлиқ ҳолда жабрланувчининг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаб, ҳақорат қилиш жиноятини содир қилган.

Холмуродов Суннат спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси Бухоро шаҳар бўлимида, ўз хизмат вазифасини ўтаб турган ҳокимият вакиллари давлат ижрочилари Мустафоев Дилшод Телмон ўғли, Салимов Абдулазиз Улуғбекович, Хайдаров Асилбек Азамжон ўғли ва Хамидов Адиз Бахромовични хизмат хоналарига кириб, ўзининг даъвоси юзасидан юритилаётган ижро иши бўйича қарздор Мардонов Озодбек Орифовичдан ундирилиши лозим бўлган маблағларни ундириб беришни таъминлай олмаганликларини айтиб, шаъни ва қадр-қимматини камситиб, ҳақорат қилган.

С.Холмуродов айбига тўлиқ иқрорлик билдирди, мажбурий ижро бюросининг Бухоро шаҳар бўлими давлат ижрочиси Д.Мустафоев томонидан ижро ҳаракатлари қандай олиб борилаётганини билиш мақсадида қўнғироқ қилганида, Д.Мустафоев уни мажбурий ижро бюроси Бухоро шаҳар бўлимига келишини айтган, шундан сўнг ўғли Обидов Бехзод билан биргаликда МИБ Бухоро шаҳар бўлимига давлат ижрочиси Д.Мустафоевнинг хизмат хонасига борган. Шу вақтда унинг хонасида 4-5 нафар фуқаролик кийимидаги Д.Мустафоевнинг ҳамкасблари хизмат хонасидаги ўзларининг иш столларида ишлаб турган. У МИБ Бухоро шаҳар бўлимига спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда борган ва Д.Мустафоевнинг хизмат хонасига кириб, унинг олдига бориб, ижро иши бўйича қандай ҳаракатларни амалга ошираётганини сўраган. Шунда Д.Мустафоев унга ижро иши бўйича қарздорнинг номида мол-мулки бўлмаганлиги учун қарздорликни ундира олмаслигини айтган, агарда унинг ижро ишини олиб боришдан норози бўлса, тегишли жойларга мурожаат қилиши мумкинлигини тушунтирган. Шунда айбланувчининг жаҳли чиқиб, Д.Мустафоевга ижро ишини қила олмаса, қила олмаслиги тўғрисида ёзма равишда ёзиб беришни сўраган. Д.Мустафоев унга ижро ишини қила олмаслиги тўғрисида ёзиб бермаслигини айтган ва хизмат хонасидан телефон қилиш мақсадида чиқиб кетган. Шундан сўнг Д.Мустафоевнинг иш столи ёнидаги шериги кейинчалик исмини билган А.Қаҳҳоров унга қарата ҳақоратли гап айтган, шундан сўнг А.Қаҳҳоров билан бир-бирларини шахсиятига тегадиган сўзлар билан ҳақорат қилган. Шундан кейин бошқа иш столига ўтириб, қўлидаги ручкаси билан қоғозга ёзиб турган фуқаролик кийимидаги Д.Мустафоевнинг ҳамкасби кейинчалик билишича А.Ҳайдаров қўлидаги ручкасини унга қарата отган.

Суд, судланувчи С.Холмуродовга нисбатан жазо тайинлашда унинг муқаддам судланмаганлигини, қармоғида уч нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, жабрланувчиларнинг унга нисбатан даъвоси йўқлиги, оилавий аҳволини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб ҳисоблади.

Судланувчи Холмуродов Суннат Бахромович Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 140-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан айбли деб топилди ва унга шу модда билан 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, С.Холмуродовга қуйидагилар тақиқланди:

- ресторанлар, кафелар, барлар, клублар, дискотекалар, кинотеатрларга бормаслик;

- оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;

-ҳар ойда бир маротаба Бухоро шаҳар ИИО ФМБда рўйхатдан ўтиб туриш, ИИО ФМБнинг розилигисиз яшаш ва иш жойини ўзгартирмаслик, тегишли маъмурий ҳудуддан, яъни Бухоро вилоятидан ташқарига чиқмаслик;

- алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик;

- куннинг кеч соат 21:00 дан эрталаб соат 07:00 гача яшаш жойини тарк этмаслик.

 

 

А.Жабборов , Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судьяси                                                            

 

 

Киритилди: 17:06 11.06.2019. Ўқилди: 1684 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!