Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан Ўзбекистондаги мактабларда буллинг ёки безорилик ўқувчиларнинг академик ютуқларига қандай таъсир қилиши ўрганилди.
Жорий йилнинг 14-ноябрида Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни имзоланди. Хўш, ушбу қонун нега муҳим эди?
Мактабдаги буллинг ўқувчиларнинг руҳий саломатлиги ва таълим натижаларига салбий таъсир кўрсатиб, узоқ муддатда инсон капиталининг ривожланиши, демографик дивиденд, иқтисодий ўсиш ва барқарор ривожланишга салбий таъсир қилиши мумкин. Буллинг ҳолатлари юз берганда, у нафақат жабрланувчиларнинг руҳий ёки жисмоний ҳолатига зарар етказади, балки уларнинг ўқув кўрсаткичларини пасайтириб, таълим олиш даражасининг тушишига сабаб бўлади. Бу эса ўз навбатида, малакаси паст ишчи кучининг шаклланишига олиб келади ва натижада иқтисодий ривожланишга тўсқинлик қилади,
Тадқиқотда Ўзбекистонда олинган PISA 2022 сўрови натижаларидан фойдаланилди. Сўров мамлакатимизнинг турли ҳудудлари бўйича 15 ёшли ўқувчиларнинг жавобларини мужассам этган бўлиб, унинг асосида яратилган маълумотлар базаси 202 та мактаб ва 7293 нафар ўқувчини қамраб олади.
Мазкур сўров натижаларига кўра, камида ҳар етти ўқувчидан биттаси мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмайди ва зўравонлик ёки безориликка гувоҳ бўлган. Улар йилига камида бир маротаба дуч келадиган муаммолар булар: ўқувчиларнинг ёмон гапларни тарқатиши (21%), мактаб ҳудудида бошқа ўқувчилар билан уришиши (17%), бошқа болалар томонидан камситилиши (16%).
МҲТИ мутахассисларининг тадқиқоти натижаларига кўра:
1. Repest модели ёрдамида қилинган тадқиқот шуни кўрсатдики, мактабда хавфсизлик индексининг бир бирликка ёмонлашиши ўқувчиларнинг баҳосини математикадан ўртача 5,2 баллга, ўқишдан 6,2 баллга, табиий фанлардан 4,7 баллга камайтиради.
2. Буллингга учраш индексининг бир бирликка ошиши ўқувчиларнинг балларини математикадан ўртача 5,0 баллга, ўқишдан 5,4 баллга, табиий фанлардан 4,8 баллга камайтиради.
3. Буллинг турлари орасида товламачилик (яъни, қўрқитиш орқали пулни тортиб олиш) ўқувчиларнинг академик натижаларига энг кучли таъсир қилиши аниқланди. Ундан азият чеккан ўқувчиларнинг баллари математикадан ўртача 57,6 баллга, ўқишдан 67,4 баллга, табиий фанлардан 67,0 баллга камайиши аниқланди. Шунингдек, жисмоний ва оғзаки буллинг кабилар ҳам ўқувчиларнинг таълим олишига салбий таъсир кўрсатувчи омиллардир.
Таклифлар:
Финляндия тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон мактабларида ҳам буллингга қарши KiVa дастурини амалга ошириш. KiVa дастури ўз ичида буллингни олдини олиш учун дарслар ва онлайн ўйинлар, жабрланувчига маънавий кўмак, буллинг билан шуғулланган боланинг ота-онаси билан суҳбат, мактаб муҳитини баҳолаш учун ўқувчилар ва ходимлар учун онлайн сўровлар ўтказиш кабиларни жамлаган.
Италиянинг “No Trap!” номли буллинг ва кибербуллингга қарши дастурини Ўзбекистон учун жорий этиш. Бу дастур қуйидаги асосий хусусиятлардан иборат:
- ўқувчилар, ўқитувчилар ва психологлар учун ресурслар ва тайёргарликни тақдим этиш;
- онлайн ҳамжамият орқали ўқувчилар ўртасида муҳокамалар ташкил этиш;
- ўқувчилар тенгдошларидан буллингга қарши курашиш бўйича таълим олиб буллингга қарши курашишини таъминлаш.