Бугун 14 ноябрь, 2025 йил, жума

O'ZB

«Made in Central Asia» бренди остида қўшма ишлаб чиқариш майдонлари шакллантирилиши мумкин

«Made in Central Asia» бренди остида қўшма ишлаб чиқариш майдонлари шакллантирилиши мумкин

«Made in Central Asia» бренди остида қўшма ишлаб чиқариш майдонлари шакллантирилиши мумкин.

2025 йил 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ташаббуси билан Тошкентда Марказий Осиё ва Озарбайжон мамлакатларининг савдо ва инвестициялар вазирлари кенгашининг биринчи йиғилиши ташкил этилди.

Йиғилишнинг асосий мақсади минтақа давлатлари ўртасида савдо, инвестиция ва саноат кооперацияси соҳаларидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда қўшма ишлаб чиқариш ташаббусларини илгари суришдан иборат бўлди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири Арман Шаккалиёв, Тожикистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири Завки Завкизода, Туркманистон савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Назар Агаҳанов, Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири биринчи ўринбосари Элнур Алиёв ҳамда Қирғиз Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Дуйшонкул Чотонов иштирок этди.

Йиғилишда

  • товар айирбошлаш ҳажмини 20 миллиард долларга етказиш бўйича механизмлар,
  • «Made in Central Asia» бренди остида қўшма ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этиш,
  • халқаро молия институтлари ва йирик инвесторларни инфратузилма ҳамда саноат лойиҳаларига жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдоси охирги йилларда барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда. Агар 2017 йилда товар айирбошлаш ҳажми 3,2 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 6,9 миллиард долларга етди.

Хусусан, Қозоғистон билан савдо ҳажми 4 миллиард долларга яқинлашган, Қирғизистон билан – 700 миллион доллар, Тожикистон билан – 570 миллион доллардан ошган, Туркманистон билан эса 1,15 миллиард долларга етган. Озарбайжон билан савдо айланмаси эса йил бошидан буён 13 фоизга ўсгани қайд этилди.

Йиғилиш якунида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, кооперация ва қўшма ишлаб чиқаришларни ривожлантириш, шунингдек, инвестициявий ҳамкорликнинг янги механизмларини яратишга оид қўшма коммюнике имзоланди.

Тадбир конструктив ва ишчан муҳитда ўтди ҳамда Марказий Осиё давлатларининг саноат ва инвестиция соҳаларида минтақавий ривожланишни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади.

Киритилди: Бугун 15:16. Ўқилди: 313 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!