Беларус президенти бу ҳақда Минск Давлат лингвистик университетига ташрифи чоғида маълум қилди.
"Очиғини айтсам, бу деярли ҳар доим менинг рухсатим билан бўлган. Беларус ўша пайтда жиддий муаммога тўқнаш келганди. Агар биз ўшанда мамлакатда назоратни ушлаб турмаганимизда эди, бунинг оқибати ҳалокатли бўлар эди. Агар бу ҳолат яна такрорланса, биз интернетни бутунлай ўчириб қўямиз", — деди Александр Лукашенко.
Эслатиб ўтамиз 2020 йил 9 августда Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан кейин мамлакатда норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Ўшанда Беларусда интернетга кириш имкони деярли бутунлай йўқолиб, чекловлар уч кун давом этган эди. Сайловда давлатни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенконинг ғалабаси ҳақида эълон қилиниши аҳолининг норозилигига сабаб бўлган эди.
Беларусда навбатдаги президентлик сайлови 2025 йилнинг январ ойида бўлиб ўтиши белгиланган. Александр Лукашенко ушбу сайловда ҳам президентликка ўз номзодини қўйишини эълон қилган.