Литва Ташқи ишлар вазирлиги Хитойнинг мамлакатдаги ваколатхонасининг уч нафар ходимни “персона нон грата” деб эълон қилди. Бу ҳақида Reuters хабар берди.
Литва ТИВ Хитой дипломатлари Вена конвенцияси ва мамлакат қонунчилигини бузганини билдирган, аммо тафсилотлар ошкор этилмаган. Вазирлик баёнотига кўра, ушбу ходимлар Литвани бир ҳафта ичида тарк этишлари керак. Хитойнинг Литвадаги ваколатхонаси бу хабарларга изоҳ бермаган.
"Бу ҳолат икки давлат ўртасидаги аллақачон таранг бўлган муносабатларни янада кескинлаштиради. Хитой 2021 йилда Тайванга Литвада де-факто элчихона очишга рухсат берилганидан сўнг ушбу мамлакат билан дипломатик алоқаларни пасайтирган", деб ёзади Reuters.