Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

"Кўпаймаган товуқлар": Самарқандда каттагина фирибгарлик фош бўлди!

"Кўпаймаган товуқлар": Самарқандда каттагина фирибгарлик фош бўлди!

Комил одамларни алдаб, пулидан фойдаланишда устаси фаранг бўлиб кетган. Бўлган бўлмаган гапларига шу қадар ишонтирадики, қандай қилиб пулингизни бериб қўйганингизни билмай қоласиз, деб ёзмоқда Адолат сари газетаси.

Улар Аслам билан 2001 йили танишган эди. Ўшандан бери салом-алик қилиб туради. 2012 йил Аслам Грин-Кард да ютиб оиласи билан Америкага кетди. Аслам 2016 йил Самарқандга келди. Ўз ишлари билан Мармар деҳқон бозорига борди. Таниши Комилни ҳам кўриб кетиш учун унинг олдига борди. Ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгач, Комил Асламни аврашга киришди.

- Каттақўрғондан катта товуқ фабрика қурганман. Ҳозир товуқдан зўр фойда қоляпти, - деб Асламни шу ишга қизиқтиришга жон-жаҳди билан киришди. Ҳаммаси яхшику, лекин фабрикани янаям катталаштиришим керак. Катта бўлгандан кейин фойдаси ҳам шунга яраша бўлади-да, бунинг учун пул ёки пулдор керак. Кел, бирга ишлайлик - деди.

- Э-э ака, олдин бунақа иш билан шуғулланиб кўрмаганман. Товуқ боқиш қўлимдан келмайди, - деди Аслам.

- Э, сен бу ёғини менга қўйиб бер. Мен ҳаммасини ҳисоб-китоб қилиб қўйганман. Бу ишлар учун камида 100.000 АҚШ доллари берсанг бўлди, - деди.

- Ака, аввал ҳам шунақа ишларга аралашиб кўрганман. Фирибгарларга йўлиқиб, ҳозир ҳеч кимга ишончим қолмаган, - деб гапни узди.

Лекин зулукдек Асламга ёпишиб олган Комил уни қўйиб юборгиси йўқ эди. Гап келганда отангни ҳам аяма деганидек:

- Охирги марта мендан пул олганингиз эсимдан чиққани йўқ. Ўшанда ҳам Россияга юк юбориб, катта фойда кўрамиз дегандингиз. Охири нима бўлди? Фойда у ёқда турсин, берган пулларимни майда-майда қилиб бергандингиз, - деди. Энди товуқ фабрикаси деб, сарсон қилмоқчимисиз? деди Аслам.

- Йўқ, укажон бу галгиси бошқача бўлади, - деди кўзлари ўйнаб. Мана мен ҳисоблаб чиққанман, деб калькуляторни олди. 4.000 сўмга товуқ олсак, 30-40 кунда гўштга тайёр бўлади... жами 2 миллион АҚШ доллари фойда қилишимиз мумкин, - деди.

Комил шунга ўхшаш бизнес режаларни қалаштириб ташлади.

- Ука, агар бу ишлар бўлмай қолса, товуқ фабрикани сени номингга ўтказиб бераман. Сен хавотир олма. деди аслида умуман бўлмаган товуқ фабрикасини ваъда қилиб.

Аслам қоп-қоп берилган ваъдаларга ишонди. У Комилнинг бозор атрофидаги иш жойи, яъни валюта айирбошлашга мўлжалланган офисида унга 30.000 АҚШ доллари берди.

- Кўпроқ берсанг, фойдаси ҳам кўпроқ бўларди-да, - деди.

Шундан сўнг Аслам ширин хаёллар оғушида Америкага кетиб, ўз ишлари билан банд бўлди.

Орадан 6-7 ойлар ўтиб, Аслам укасининг тўйини ўтказиш мақсадида юртга қайтди. Пул тиккан ишларига қизиқиб, Комилнинг олдига ўтди.

- Ука ҳаммаси жойида, - деди сир бой бермай. Тайёр броллерларни Тошкент вилоятига жўнатганман. Бугун-эрта 70-80 минг доллар пул келиб қолади. Укангни тўйига пул бераман, - деди Комил.

Лекин тўй ўтса ҳам Комилдан садо чиқмади. Аслам хафа бўлиб унинг ёнига борди.

- Ука, ишларимиз жойида. Бу бизнес пул бир-икки кун кечикади. Сен умуман хавотирланма. Мен сенга бошида айтгандим. Катта бизнесни камида 100.000 доллар билан бошлаш керак деб. Яна 90.000 доллар берсанг, ишларни янаям кенгайтирардим. Кўпроқ товуқ сотиб олардим. Ҳозир фойдани оборотга ташлаганман. Қўлимда бир сўм пул йўқ, - деди.

Аслам 2017 йили келганида олам-олам фойда олиб, пулнинг тагида қолишига ишонтирган Комилга яна 90.000 доллар бериб кетди.

Аслам унга қаттиқ ишонганидан ҳеч нимани сўраб суриштирмасди. Бу эса Комил учун айни муддао эди. Орадан вақт ўтиб Комилнинг муносабати ўзгарди. Гапириш оҳанги, хатти-ҳаракатлари аввалгига нисбатан совуқлашди. Кейинги йили яна юртга қайтган йигит Комилни йўқлаб борди.

- Ака, фойдадан ваъда қилганингизни яна сизга берган пулларимни қайтаринг, - деди.

Комил укажон, укажон деб уни тинчлантирди. Товуқ фабрикасини бир бориб кўриб келайлик деганда:

- Уёқда нима қиласан? Ўзим ҳаммасини ҳисоб-китоб қиляпман. Ҳеч қандай муаммо йўқ. Мана ҳамма ҳисоб-китоблар мана шу дафтарда, - деди.

Дафтарни номига кўрсатар, лекин ичидагиларни ўқишга қўймасди. Унинг қилиқларидан Асламнинг ҳайратлару шубҳалари ортиб бораверди.

Америкага кетишдан олдин йигит Комилни йўқлаб борди. У гап орасида бир кишидан бизнес қилишга анча пул олгандим. Кейин бошқа жойга сарфладим. Ҳозир қўлимда унча пул йўқ. Эгаси бўлса ҳар куни сўраб келаяпти , деди.

- Энди нима қиласиз, ака? - деб сўради Аслам.

- Ука, бу бизнес. У киши куйиб қолди. Мен ҳам билмасдим бундай бўлишини. Бир жойга тиккандим, у ер давлат тасарруфига ўтиб кетди, деб кулди.

Асламнинг қизиқиши янада ортди.

- Энди нима қиласиз? - деди.

- Бунинг ҳам иложи бор. Мендан қайси ташкилот ёки мансабдор шахс сўраса, процент га олгандим дейман, - деди кулимсираб.

Ўша одамнинг ўрнида мен бўлишим ҳам мумкинку, деб ўйлади Аслам. Йўғе, менга бундай қилолмас. Шунча йиллик танишмизку, ахир, деб ўйлади нохуш хаёлларни миясидан қувиб.

Аслам Комилнинг эрта-индин деган баҳоналаридан чарчади. Телефон қилса, жавоб бермай ўзини олиб қочишлари унинг аслида қандай одамлигини англатди.

Бир сафар унинг барча ваъдаларини ва олган пулларини эслатди.

- Пул олаётганда 3 кун олдин айтсанг бўлди, тайёрлаб бераман деганингиз эсингиздами?

- Ҳа-ҳа эсимда. Энди шунақа бўлиб қолдида, - деди.

Комил ҳаммасини тан олди. Аслам бу суҳбатни телефонига ёзиб олганди. У ёзувни дискка кўчириб тегишли жойга топширди.

***

Комил пулнинг ҳидини узоқдан оладиган хилидан эди. Бир куни у отасининг таниши Жўрақул акадан пул ундиришни режа қилди. Унга қўнғироқ қилиб, кўришишга келишди.

- Каттақўрғондан товуқ фабрика қурганман. Ишларим юришиб турибди. Фақат банк кредит чиқармаяпти. Ҳозир товуқларнинг емиши тугаб қолган. 15.000 доллар бериб туринг, - деди.

- Менда бунча пул йўқ, - деди Жўрақул.

Лекин Комил деганлари осонликча воз кечадиганлардан эмасди.

- Фабрикага сармоя киритсангиз, фойданинг 5 фоизи сизники. Агар фойда бўлмай қолса, пулингизни ўз чўнтагимдан бераман. Фойдага қараб қолган жойим йўқ. Шаҳарда 25 та савдо дўконим бор, улардан ойига 500-600 доллардан пул келиб туради. Қолаверса, банкдан яқинда 1 миллиард сўм кредит оламан. Банкдан чиқиши билан сизни пулингизни бераман, - деди.

Жўрақулнинг савол беришига ҳожат қолдирмади. Аввалига иккиланиб, кейин отасининг ҳурмати учун унга пул берадиган бўлди.

Илоннинг ёғини ялаган Комил 6 ойда қайтариш шарти билан тилхат ёзиб Жўрақулдан 15.000 доллар олиб кетди.

Ёлғон гапириш бобида Комилнинг олдига тушадигани йўқ. Манаман деганлар ҳам унинг олдида ип эшолмасди.

Олти ой ўтиб Жўрақул пулини сўради.

- Сиздан олган пулга куйдим. Ўша пулга буғдой эккандим. Ўсиб катта бўлиб қолганда туман ҳокими келиб, буғдойимни ҳайдатиб пахта эктирди. Хўжам худо денг. Пулларингизни чўнтагимдан бераман, - деб авради Комил.

Жўрақул анча сарсон бўлиб, маломатларга қолиб 7.000 долларини олди.

Бир гал суҳбатда қолганини ҳам тезроқ бер, ўзингни олиб қочавермай, бўлмаса судга бераман , деди Жўрақул уни бироз қўрқитиб қўймоқчи бўлиб. Аммо айёр Комил бу каби гаплардан чўчимасди.

- Майли истасангиз, судга боринг. Мени номимда ҳеч нарса йўқ. Кейин пулларингизни аста-аста йиллар давомида оласиз, - деди ахмоқ қилгандай кулиб.

Жўрақулнинг қаттиқ жаҳли чиқди. Унинг гапларига ишониб, пул берганига пушаймон бўлди. унга нисбатан қонуний чора кўриб, қолган пулларини ундириб беришини сўраб тегишли идорага мурожаат қилди.

Мурожаатдан сўнг Комил унинг пулларини келтириб берди.

Суд ҳукми билан Комил 65.301.900 сўм жарима жазосига тортилди.

Судланувчи томонидан жабрланувчи Аслам фойдасига 493.231.200 сўм моддий зарар ундириладиган бўлди.

Киритилди: 15:52 16.04.2019. Ўқилди: 2252 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!