Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Коронавирус – инсониятга ўзлигини англатган синов

Коронавирус – инсониятга ўзлигини англатган синов

Ислом таълимотида сиҳат-саломатлик улуғ неъматлиги, уни асраб-авайлаш, қадрига етиш лозимлиги алоҳида таъкидланган. Ер юзидаги жамики мавжудот учун сиҳат-саломатликнинг ўрни ғоят муҳим. Жумладан, инсонлар бахтли-саодатли ҳаёт кечириши ва кўзлаган мақсадларини амалга ошириши учун бу неъматнинг аҳамиятини ўз вақтида англаши керак. Акс ҳолда, ҳаёт мазмуни йўқолади ва дунёнинг ҳеч қандай лаззати ва жозибаси татимайди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар ғанимат билишлари лозим бўлган неъматлар сирасида сиҳат-саломатликни зикр қилганлар.

Имом Байҳақий ва Имом Ҳоким ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилдилар:

“Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат бил: кексалигингдан аввал ёшлигингни, бетоблигингдан аввал саломатлигингни, фақирлигингдан аввал бойлигингни, бир ишга машғул бўлиб қолишингдан аввал бўш вақтингни ва ўлиминг келмасидан аввал ҳаётлик вақтингни”.

Маълумки, Ислом дини инсониятни фақат яхшиликка етаклайди. Бизни йўқдан бор қилган Зот, инсонга нима фойдаю нима зарар экани ҳақида бизларни огоҳ этган. Шунинг учун ҳам Ислом дини барча замон ва маконларга салоҳиятли бўлган илоҳий таълимотдир. Аллоҳ таоло бундай дейди:

(Ахир) яратган Зот (Ўзи яратган нарсаларини) билмайдими?! У Латиф (лутфли) ва Хабир (хабардор Зот)дир” (Мулк сураси, 14-оят).

Аллоҳ таоло инсонга имтиҳон майдони қилган бу дунёда бошқа синовлар қатори турли хасталикларни ҳам яратган. Бандаларига тўғри йўлни кўрсатиб, уларни ризқлантирган Зот улар касал бўлганларида шифо бергувчи ҳам Унинг Ўзидир. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

“У мени яратган, мени ҳидоят қиладиган ҳам Ўзидир. Мени едириб-ичирадиган ҳам Ўзидир. Беморлигимда шифо берадиган ҳам Ўзидир” (Шуаро сураси, 78-80-оятлар).

Ояти каримада яратиш сифати Аллоҳ таолога нисбат берилмоқда. Дарҳақиқат, коинотдаги барча махлуқотларни Аллоҳ таоло яратган. Кеча ва кундуз, йил фаслларининг алмашиб туриши, аъзоларимизнинг бир-бирига мутаносиблиги, буларнинг барча-барчаси, улар ёлғиз Яратувчи томонидан эканига далолат қилади.

Кейинги оятда эса ризқ Аллоҳ таолога нисбат берилмоқда. Маълумки, осмон билан ер орасида, денгиз билан ер остида қанча-қанча жонзотлар бор. Кеч тушганда мана шу жонзотларнинг барчаси: “Эртага нима еймиз?” демасдан хотиржам уйқуга кетганлар. Мана, бугун янги тонг отди! Улар худди кечагидек ўз кунларини давом эттиришмоқда. Уларнинг инсонларга ўхшаб егулик маҳсулотларни ғамлаб қўядиган музлаткичлари ҳам, сандиқда пуллари ҳам ёки овқат сотиб оладиган дўконлари ҳам йўқ. Шундай бўлса-да, улар хотиржам уйқуга кетишмоқда. Аммо уларда асосий нарса бор, у ҳам бўлса, Аллоҳ таолога таваккул, ризқ ахтариш учун ҳаракат, борига қаноат ва хотиржамликдир.

Шу ўринда айтиб ўтишимиз лозимки, барчамиз биладиган ва имон келтирган: “Ризқ ҳам, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан”, деган ақидамизга қай даражада мустаҳкам ёки заиф эканимиз шу кечаю, кундузда билиниб қолди. Дунёнинг барча давлатларида тарқаган “СОVID-19” деб аталган коронавирус муносабати билан диёримизда карантин ҳолати эълон қилиниши баробарида, баъзи юртдошларимиз ўзларини бироз йўқотиб қўйдилар. Давлатимиз томонидан қанчалар огоҳлантирилмасин, ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатликка чақирилмасин, ватандошларимиздан баъзилари озиқ-овқат ва хизмат кўрсатиш нархларини оширишга ҳаракат қилишди. Гарчи бу “баъзи”лар жуда камчиликни ташкил қилса-да, асрлар давомида ислом оламига буюк зотларни етиштириб берган халқ учун бу орият масаласидир.

Ватанимиз мўмин-мусулмонлари томонидан Қуръони карим кўп маротаба хатм қилинди, истиғфор, салавотлар айтилди. Бу эзгу ва савоб ишлар бугун ҳам давом этмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан жума кунлари барча вилоят, туман марказлари ва зиёратгоҳларда қурбонликлар қилинди, Қуръони карим ва “Саҳиҳи Бухорий” хатмлари сўнгида Аллоҳ таолога бу касалликни даф этишини сўраб дуолар қилинди.

Бошга бирор мусибат тушганида хайрли амаллар қилиниб, уларнинг баракотидан ўша мусибатнинг аришини умид қилиш динимиз таълимотларида келган кўрсатмадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қийинчилик бўлганида Аллоҳ таолога ибодатларда дуолар қилар ва саҳобаларга ҳам шуни тавсия этардилар. Биз ҳам бугунги ҳолимизда қилган ожизона дуоларимизни Парвардигоримиз қабул қилишидан қаттиқ умидвормиз. Чунки яхши гумонда бўлиш мўминга хос иш. Ҳадиси қудсийда бундай дейилади:

“Мен бандамнинг Мен ҳақимдаги гумонидаман” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бугунги кунда коронавирус пандемияси дунё халқларини ташвишга солиб турган энг катта муаммо, десак муболаға бўлмайди. Мусулмон киши бу ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларга юборган бир синови эканини яхши билади. Биз бундан тўғри сабоқ чиқариб, Аллоҳ таолонинг бизга берган саноқсиз неъматларини қадрлашимиз, шукр қилишимиз, қўлимизда борини яқинларимизга, айниқса, муҳтожларга ҳам улашишимиз зарурлигини англаб етамиз.

Бу синов биз – инсониятни ортга яхшилаб назар солиб, қилган ишларимиз ҳақида тафаккур қилишга мажбур қилди. Маълумотларга кўра, коронавирус сабабли кўчалардаги тартибсизликлар, жиноятлар камайиб, одамлар бир-бирига меҳр-оқибатли бўла бошлаган, ота-оналари, оила аъзолари билан кўпроқ вақт бирга бўлмоқда. Биз мўминлар ҳар бир синовдан ҳикмат излаймиз. Аллоҳ таоло бундай деган:

“Ёқтирмаган нарсангизда сизларга яхшилик бўлиши мумкин, ёқтирган нарсангизда эса сизларга ёмонлик бўлиши мумкин. Аллоҳ билганини сизлар билмайсизлар” (Бақара сураси 216-оят).

Аллоҳ таоло бизларга отаонамиздан-да меҳрибон ва раҳмлидир. Шундай экан, инсониятнинг бахту саодати Унинг кўрсатмаларига амал қилиб, қайтарган ишларидан тийилишдадир.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, киши вабо ёки инсон ҳаётига хавф соладиган бошқа касаллик тарқалган вақтда шариатимиз кўрсатмасига амал қилиб, Аллоҳнинг тақдиридан рози бўлган ҳолда уйида ўтирса, гарчи ўша вабо сабабли вафот қилмаса ҳам, шаҳиднинг ажру савобига эга бўлади. Имом Аҳмад келтирган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хусусда бундай марҳамат қилганлар:

“Вабо келган вақтда, Аллоҳ унга ёзганидан бошқаси бўлмаслигини билган ҳолда савоб умидида уйида ўтирган кимсага шаҳиднинг ажри бўлади”.

Аксинча, шариатимиз эслатмалари ва жамиятда ўрнатилган қонун-қоидаларни менсимасдан ўзи ва ўзгаларнинг ҳаётини хавфга қўйиш ўзини ҳалокатга ташлаш билан баробардир.

Имом Термизий ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Мўмин киши ўзини хорлаши дуруст эмас”, дедилар. “Ўзини қандай хорлайди?” дейишди. “Тоқати етмайдиган балога ўзини рўбарў қилади”дедилар.

Шу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яна бир муборак ҳадиси шарифларини келтирмоқчиман:

Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб дедилар: (Исломда) Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ. Кимки зарар берса, Аллоҳ унга ҳам зарар беради. Кимки машаққатга солса, Аллоҳ ҳам уни машаққатга солади” (Имом Ҳоким ривояти).

Аллоҳ таоло бизларни Ўзининг ҳидоятидан адаштирмасин ва бошимизга тушган ушбу касалликни тез фурсатда кўтарсин ҳамда Ўзи Китобида айтганидек, машаққатдан кейин келадиган енгиллик, яхшилик билан сийласин!

Олимхон ЮСУПОВ

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 8-сонидан

Киритилди: 05:00 05.07.2020. Ўқилди: 2402 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!