Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

«Конденсат иши»да айбланаётган қашқадарёликлар ДХХ ҳибсхонасида қийноққа солинганини айтди

«Конденсат иши»да айбланаётган қашқадарёликлар ДХХ ҳибсхонасида қийноққа солинганини айтди

Қашқадарё вилоятида «конденсат иши»да айбланаётган Алишер Гулистонов ҳамда Дилшод Умаровлар тергов жараёнида қийноққа солинганини, соатлаб қўлидан осиб қўйилиб, руҳий ва жисмоний босим ўтказилганини айтди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича вилоят судида маълум қилинди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

«Конденсат иши»да айбланаётган қашқадарёликлар ДХХ ҳибсхонасида қийноққа солинганини айтди

Алишер Гулистонов

Фото: «Дарё»

Хабар берилишича, Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судида «конденсат иши»да айбланаётган 31 нафар шахс ҳамда ушбу иш бўйича гувоҳлик берганлар фикри эшитилган.

Судда сўз олган айбланувчи Алишер Гулистонов ДХХ тергов ҳибсхонасида сақланаётган пайтида қийноққа солинганини, Нодир ва Ифтиҳор исмли ДХХ терговчилари айтганини қилмаса, отаси ва акасини қаматиб юбориш билан қўрқитганини билдирди.

«Нодир ва Ифтиҳор исмли ДХХ терговчилари тергов давомида қийноққа солиб, руҳий босим ўтказишди. Қўлимга кишан тақиб, оёғимни ерга теккизмай, тўрт соатлаб қўлимдан осиб қўйишди. Қийноқ тугагач, ‘нима бўлганини ёзиб бер’ дейишади. Ёзиб берсам, воқеа бундай бўлмаган, мана бундай бўлган деб ўзи айтиб беради ва у айтгандек ёзишимни талаб қилади. 500 варақлар ёздим. Ўқиб кўради, ўзи айтгандек бўлмаса, олиб йиртиб ташлайди», — дейди судланувчи.

Алишер Гулистоновнинг айтишича, ДХХ тергов ҳибсхонасида қийноққа солиниб, нима дейиши уқтирилган судланувчи прокуратура терговчиси Санжар Жалиловга дуч қилинган ва сўнгра кўрсатма олинган.

«Қийноқлар жондан ўтгач, улар айтганини ёзиб, қилмаган ишимни тан олдим. Ва судда барчасини айтаман деб ният қилдим. Агар ўша ерга молни олиб кириб, бизни қийноққа солгандек азоб беришса, мол ҳам гапириб юборарди. Биз-ку одам, додлаб юборганмиз», — дейди Алишер Гулистонов.

Гулистоновнинг қўшимча қилишича, ДХХ тергови пайтида ундан нефть маҳсулотлар ҳақида деярли сўралмаган.

«ДХХ ходимлари мени тергов қилиш пайтида қайси орган ходимига қанча пора бергансан, кимга ‘доля’ бериб юргансан дея сўрашарди. Нефть маҳсулотлари ҳақида деярли сўралмасди», — дейди у.

«Конденсат иши»да айбланаётган қашқадарёликлар ДХХ ҳибсхонасида қийноққа солинганини айтди

Дилшод Умаров

Фото: «Дарё»

Судланувчи Дилшод Умаровнинг аниқлик киритишича, Ифтиҳор Шарипов исмли ДХХ терговчиси унга вилоят прокурори ўринбосари, вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари ва яна бир неча прокурорларга қарши кўрсатма беришини, уларга пора берганини айтишини талаб қилган.

«2019 йил 22 декабрь сайлов бўлган куни мени ‘подвал’дан тепага олиб чиқишди. Ўша Ифтиҳор Шарипов деган ДХХ терговчиси формада экан. Унгача менга Шерали Ашуровга ‘показания’ берасан дейишди. Вилоят прокурорининг қайсидир ўринбосари экан. Отабек Қўлдошевга, Косонда прокурор бўлиб ишлаган экан. Деҳқонбой акага, Самад Турдиевга, вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари экан. Қолаверса, Саидмуродов Меҳриддинга, яна 3-4 та ‘ГАИ’ларга қарши ‘показания’ берасан дейишди. Буларни танимайман, қандай айтаман десам, айтасан дейишди. Имконим қолмагач, 2020 йил 21 январь куни Саидмуродов Меҳриддинга ёзма равишда ‘показания’ бердим», — дейди судланувчи Дилшод Умаров.

Судланувчи Алишер Гулистоновнинг ҳимоячиси Қаҳрамон Қиёмов мазкур жиноят иши бўйича 31 нафар айбланувчига нисбатан 6 та эпизод бўйича жиноят иши қўзғатилганини, бироқ 4 та эпизод бўйича бирор бир далил йўқлигини айтди.

«Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорига кўра, иш бўйича бирор бир далиллар йўқ бўлса, ҳар қандай шубҳа ва гумонлар судланувчи ёки айбланувчи фойдасига ҳал этилиши лозимлиги белгиланган. Демакки, бундай пайтда суд ушбу ҳолатга алоҳида эътибор қаратиб, ҳукм чиқаради деган умиддамиз», — дейди Қаҳрамон Қиёмов.

«Конденсат иши»да айбланаётган қашқадарёликлар ДХХ ҳибсхонасида қийноққа солинганини айтди

Қаҳрамон Қиёмов

Фото: «Дарё»

Адвокат Қаҳрамон Қиёмов ҳимояси остидаги фуқаро тергов пайтида қийноққа солинганини ўз вақтида айтмаганини, ўзи ҳам воқеадан суд жараёнида хабар топганини айтиб, мижозининг тергов пайтида қийноққа солинишига суд алоҳида эътибор қаратишидан умидворлигини билдирди.

Адвокатнинг қўшимча қилишича, суд айбланувчиларнинг терговда қийноққа солинишига аниқлик киритиш мақсадида прокуратура терговчиси Санжар Жалиловни судга чақирган. Терговчи судда судланувчилар қиёноққа солинмаганини билдирган.

«Дарё» суд жараёнини ёритишда давом этади.

Киритилди: 11:24 04.10.2020. Ўқилди: 3885 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!