Бугун 18 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Китоб туманида чақалоқ нобуд бўлди: "бевақт" туққан она айбдорми ёки кислород бермаган шифокорлар?

Китоб туманида чақалоқ нобуд бўлди: "бевақт" туққан она айбдорми ёки кислород бермаган шифокорлар?

«Дарё»га Китоб туманида яшовчи Ғолиб Эгамбердиев мурожаат қилиб, 12 июнь куни Китоб туман марказий шифохонасининг туғуруқ бўлимида туғилган фарзанди қон ютиб, нафас ололмай қолгани боис вафот этганини билдирди. Ва бу борада шифокорларни ўз вақтида керакли ёрдамни кўрсатмаганликда айблади.

Воқеа тафсилотларини ўрганиш мақсадида, «Дарё» мухбири Китоб тумани тиббиёт бирлашмасида бўлди.

— 12 июнь куни кеч 16:30 да ҳомиладор аёлим безовта бўла бошлади, — дейди мурожаатчи Ғолиб Эгамбердиев. – Тезда шифохонага олиб келдим. «Роддом»даги навбатчи шифокорга аёлимнинг аҳволи оғирлигини тушунтириб, операция қилиниши лозимлигини билдирдим.

Ўша куни Ғолиб Эгамбердиев аёлига керакли дори-дармонни келтиргач, шифокорлар ёрдам кўрсатишган. Сув аралаш қон кетиш ҳолати қисман бўлса-да, бартараф этилган. Шундан сўнг, «УЗИ» қилинган. Ғолиб Эгамбердиевнинг сўзларига кўра, туғилажак фарзанд 37 ҳафталик эканлиги айтилган. Шифокорлар эса ҳозирда ҳомила ўшанда 35 ҳафталик эди демоқда.

Ғолиб Эгамбердиевнинг аёли, бемор Гуласал Авлаёровани дастлаб бўлим навбатчи шифокори Санобар Худоёрова қабул қилиб олган бўлса, ишни шифокор Мақсуда Собирова давом эттирган.

— Аёлим ўзи туғишга қийналишини, унга ёрдам зарурлигини таъкидлади, — дейди Ғолиб Эгамбердиев. – Шунинг учун ҳам мен шифокорларга фарзандимизнинг операция қилиниб бўлса-да, туғилишига рози эканлигимни билдирдим. Дарҳол операция қилишлари лозимлигини айтдим. Бироқ қулоқ солишмади.

Шифокор Санобар Худоёрованинг таъкидлашича, Гуласал Авлаёровада ҳақиқатдан ҳам сув аралаш қон кетиш ҳолати кузатилган, аммо бунга қарши чора кўрилгач, хавф бартараф этилган. Бемор ҳолати операция қилишни талаб қилмаган.

— Менга оғир аҳволдаги бемор келди, дея хабар беришгач, ўша заҳоти биринчи қаватга тушдим, — дейди Санобар Худоёрова. – Йўл-йўлакай «УЗИ» аппаратини ҳам чақиртирдим. Назоратдан ўтказдик. Аниқланишича, бола 35 ҳафталик экан. Демакки, боланинг дунёга келишига ҳали эрта. Кам миқдорда қон кетгани маълум бўлгач, қон кетишига қарши даво чораларини кўрдик. Соат кечки 8 га яқин беморда дард келиш ҳолати кузатилди. Ўшанда она ўзи бемалол фарзандини дунёга келтиради дея вазиятни кузата бошладик. Бу пайтда операция қилишга ҳожат йўқ эди.

Ғолиб Эгамбердиев фарзанди кечки соат 22:40 да дунёга келганини, аммо туғилганда йиғламаганини, нафас олишга қийналиб, ҳиқиллаган товуш чиқарганини айтмоқда. Буни унинг аёли Гуласал Авлаёрова ҳам тасдиқлади.

— Кечки пайт 22:40 да фарзандим туғилди, — дейди Ғолиб Эгамбердиев. – Ўша пайт дераза ортида бўлганим учун фарзандим нафас ололмай уч марта ҳиқиллаган товуш чиқарганини эшитдим. Бундан хавотир олиб, тезда хабарлашдик. Мени ичкарига киритмагач, опам ичкарига уриб кириб борди. Бироз ўтиб мен ҳам ичкарига кирдим. Кирсам фарзандим вафот этган экан. Кейин билсак фарзандим қон ютиб, томоғига тиқилган қон сабабли, нафас ололмай вафот этган экан.

Шифокор Мақсуда Собированинг таъкидлашича, ҳар қандай чақалоқ туғилганда она қорнидаги ҳомилани ўраб турувчи суюқлик — қоғоноқ сувларини ютади.

— Беморни қабул қилганимда аҳволи нормал ҳолатда эди, — дейди Мақсуда Собирова. – Қон кетиш ҳолати кузатилмасди. Аҳволи назоратимиз остида эди. Соат кечки 22:00 га бориб, беморда дард пайдо бўлди. Тўлғоқ даври бошланди. Фарзандини ўзи дунёга келтиришини кута бошладик. Бола кечки пайт соат 22:40 да туғилди. Бола туғилган пайт йиғламади. Нафас ҳам олмаётганди. Сунъий нафас берувчи «Амбу» мешогини уладик. Кейин нафас ола бошлади. Ранги қизарди. Шундан сўнг бола ютган қоғоноқ сувларини тозалаб, киндигини кесиб ётқиздик. Ва педиатр назоратига топширдим.

Бўлимда ишловчи шифокор, Гуласал Авлаёрова истиқомат қилувчи ҳудуд шифокори Нилуфар Азимованинг қўшимча қилишича, туғилаётган бола нафақат қоғоноқ суви билан бирга, қонли ажралмаларни ҳам ютиши мумкин. Нилуфар Азимова эндигина туғилган чақалоқда ҳатто қон ютиш ҳолати ҳам учраб туришини, шахсан иш тажрибасида бу кузатилганини билдирди.

— Гуласал Авлаёрова биринчи фарзандини 2014 йил дунёга келтирган бўлса, иккинчи фарзандини 2018 йил туққан. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ҳомиладор бўлиши нафақат туғилажак фарзанди, ўзи учун ҳам зарарли эканлигини тушунтирганман, — дейди Нилуфар Азимова. – Энг ёмони ҳомила 35 ҳафталик эканлигида туғилаяпти. Чала туғилган бола барибир нимжон бўлади.

Ғолиб Эгамбердиев ва опаси Моҳичеҳра Эгамбердиевалар 2014 ва 2018 йилларда туғилган болалар ҳам 35 ҳафталикда дунёга келганини таъкидлаб, бу фаразни инкор этмоқда. Уларнинг таъкидлашича, чақалоқ туғилган пайт шифокорлар эҳтиётсизлиги сабаб нафақат қон ютган, шунча қийналса-да ҳатто сунъий нафас берувчи кислород ҳам уланмаган.

— Ичкарига кириб борганимда жиянимни тепага, чақалоқлар бўлимига дўхтир назоратига топширишган экан, — дейди Моҳичеҳра Эгамбердиева. – Аммо чақалоқ нафас олмаётганди. Шунчаки қўл кучи билан сунъий нафас беришаётган экан. «Кислород» улашларини сўрадим. Шунда болалар шифокори «бизда кислород йўқ» деди. Пастга тушиб, Назаров деган шифокорга ҳам кислород кераклигини, чақалоққа улашлари лозимлигини айтдим. Назаров эса «навбатчи шифокори ким бўлса, ўша олиб келиб уласин» деди. Шифокор Собировани излаб, шифокорлар хонасига кириб борсам, у чой ичиб ўтирган экан. Шунда жаҳл устида чойнак-пиёлани синдирдим.

Мақсуда Собирова Моҳичеҳра Эгамбердиева ўша куни уни ҳақорат қилиб, ҳатто қўл кўтаришгача борганини айтмоқда.

— Мен ўша куни ўз ишимни сидқидилдан бажардим, — дейди Мақсуда Собирова. – Аммо шундай бўлса-да, тақдир экан. Чақалоқ нобуд бўлди. Моҳичеҳра Эгамбердиева мени эшитмасдан, ҳолатда мени айблаб, ҳақорат қилди. Ҳатто қўл кўтарди.

Китоб туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Ҳаким Саидовнинг маълумот беришича, Моҳичеҳра Эгамбердиевага нисбатан ўша кунги хатти-ҳаракати учун туман ИИБ томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан иш очилган.

— Менга ҳолат ҳақида ўша куни ярим кечаси соат 1 га яқин хабар беришди, — дейди Китоб туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Ҳаким Саидов. – Келсам бўлимда ИИБ, туман прокуратураси вакиллари бор экан. Бор воқеани айтишди. Маълум қилишларича, чақалоқнинг аммаси ушбу ҳолатда шифокорни айблаб, унга қўл кўтарган. Натижада туман ИИБ томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан иш очилган.

Бош шифокор ушбу жараёнда шифокорлар Собирова ҳамда Худоёроваларни беморнинг яқинлари билан суҳбат ўтказиб, она ва бола ҳолати ҳақида батафсил маълумот бермаганликда айблади.

— Шифокорларимизнинг ягона айби, ўша куни беморнинг яқинларига юзага келиши мумкин бўлган ҳолат ҳақида маълумот бериб, тушунтириш ишларини олиб боришмаган, — дейди туман тиббиёт бирлашма бош шифокори. – Оқибатда бундайин тушунмовчиликлар юзага келмоқда.

Болалар шифокори Нодира Шоимова «чақалоққа «кислород» уланмади» деган иддаони рад этиб, унга кислород шарт бўлмаганини, кислород бемалол нафас ола бошлаган чақалоқларга уланишини таъкидламоқда.

— Ҳамшираларга кислородни тайёрлаб қўйишларини айтгандим, — дейди Нодира Шоимова. – Агар бола бемалол нафас ола бошласа улаймиз деб.

Ғолиб Эгамбердиев ва Моҳичеҳра Эгамбердиевалар эса ўша пайт болалар шифокори кислород йўқлигидан нолиганини, ўзлари эса Назаров исмли шифокорга кислород олиб келиши лозимлигини қайта-қайта уқтирганини билдирмоқда.

Китоб туман прокурори Т.Муродовнинг «Дарё»га маълум қилишича, ушбу ҳолат юзасидан туман прокуратураси суриштирув-тергов ҳаракатларини бошлаб юборган.

— Одатда шифохонада оналар ёки болалар ўлими қайд этилса, мурожаат қилинса-қилинмаса туман прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилади. Мақсад бола ўлимида шифокорларнинг қай даражада айби бор-йўқлигини аниқлаш. Бу иш юзасидан 12 июннинг ўзидаёқ тергов-суриштирув ишлари бошлаб юборилган. Вафот этган чақалоқнинг касаллик тарихи ҳам бизнинг қўлимизда, шундай экан буни ҳеч ким ўзгартиролмайди. Агарда ўлим ҳолатидан ўша куни хабар топмаганимизда бизга 10–15 кунда хабар бериб, балки касаллик варақасидаги маълумотларни ўзгартиришлари мумкин эди. Демакки, бундан хавотир олинмаса ҳам бўлади. Боиси барча ҳужжатлар бизда. Суд экспертиза натижалари чиқса, барча ҳақиқат аён бўлади.

Киритилди: 17:11 19.06.2019. Ўқилди: 4076 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!