Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов билан учрашувда АҚШ масъулиятсиз чоралар кўриш орқали Украинадаги можарони чўзаётгани ва кескинлаштираётганини айтди.
Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги (KCNA) хабар бермоқда.
“Ким Чен Ин Украинадаги вазият кундан-кунга оғирлашиб бораётганидан жиддий хавотир билдирар экан, сўнгги пайтларда Қўшма Штатларнинг Россияга қарши кўраётган чоралари можарони чўзаётган ва барчага таҳдид солувчи масъулиятсиз ҳаракатлар эканлиги ҳақидаги позициясини билдирди”, дея хабар беради KCNA.
Ким Чен Иннинг сўзларига кўра, Россия ҳудудига зарба бериш учун Ғарбнинг узоқ масофали қуролларидан фойдаланиш можарога бевосита аралашув ҳисобланади ва бундай ҳаракатлар “халқаро ҳамжамият томонидан қораланиши керак”.
Шимолий Корея етакчисининг қўшимча қилишича, “КХДР ҳукумати, армияси ва халқи Россия Федерацияси сиёсатини изчил қўллаб-қувватлашда давом этади”.