Бугун 21 апрель, 2019 йил, якшанба

O'ZB

«Келин ҳам чаккимас, хммм...» Эркакка шу ярашадими?

«Келин ҳам чаккимас, хммм...» Эркакка шу ярашадими?

Йўқ, ошхонада овқатланиб ўтирган эркаклар ҳақида гапирмоқчи эмасман. Ошпазлик касби ўз йўлига ошхонада овқат пишираётган эркаклар ҳам мавзуимиздан ташқарида. Эсласангиз, Абдуллажон кинофильмида ота-боланинг қалбаки пулларни ўчоққа ёққан лавҳаси бор. Ўшанда Абдуллажоннинг онаси : Нима қилиб ўралашиб юрибсиз, эркак киши ошхонада?! дейди ярим ажабланиш, ярим киноя билан. Хулласки, мавзуимиз ўшандай, яъни ошхонада ўралашиб юрган эркаклар ҳақида!

Ҳар кимнинг ўз диди, ўз қизиқишлари бўлади. Шунингдек, бўш вақтини ҳар ким ўзича ўтказиши сир эмас. Кимга қанақа билмадим, аммо мен бўш вақтимда телевизор томошасига чоғланган пайтларим кам бўлади. Нима қиламан асабимни бузиб? У каналда ҳам сериал, бу каналда ҳам... Яна бир телеканалда Уйдаги гап деган кўрсатуви бўляпти экан. Кўрсатувнинг номиёқ мантиқдан анча нари: уйдаги гапни наинки кенг оммага, ҳатто кўчага олиб чиқиш шартми?! Ажаб... Бундай телекўрсатувларнинг ҳакам-у экспертлари ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотишга улгурмаган, гап-сўзларидан ҳаётга нисбатан енгил-елпи қараши сезилиб турувчи ёш шоу-бизнес вакиллари эканига нима дейсиз?!

...Таъбимни тирриқ қилган шундай эфирлардан бири қайнона-келин ўртасидаги овқат тайёрлаш жараёнини кўрсатувчи Бирга бир телекўрсатуви бўлди.

Келин ҳам чакки эмас!

Бу иборани бирор аёл ёки кампир айтган бўлганида парво қилмаган бўлардим. Лекин кап-катта эркак юзини экранига тутганча илжайиб: Келин ҳам чакки эмаас, ҳммм!. деса, ғалати бўларкан-да. Ҳай, қайнона-келин овқат тайёрлар экан, шунга ҳам ота гўри қозихонами, дерсиз? Эҳтимол. Бироқ ошхонада овқат тайёрлаётган икки аёлнинг ўртасига эркак кишининг туриб олиб, гап қўшиши жуда эриш кўринар экан.

Кенг ошхонада иккита стол. Бирида қайнона овқат тайёрлаяпти, бирида келин. Бошловчи қизиқчи Ботир Муҳаммадхўжаев эса гоҳ қайнонанинг қабатига суқилади, гоҳ келиннинг. Оилавий ҳаёт, бошқа икир-чикирлардан гап сўраб, камерага қараб илжайиб-илжайиб қўяди...

Кўнгилочар кўрсатувлар кўп, ажабланарлиси, уларнинг аксариятида овқат тайёрлаш ўргатилади гўё. Овқатхўр халқ эканимизга шунинг ўзи кифоя аслида. Бунақа кўрсатув меҳмонлари маълум: артист, хонанда, созанда... Майли, бу энди алоҳида мавзу.

Эркак кишининг ошхонада ўралашиб юришининг ўзи кўзга хунук кўринади. Энди нима дейсизки, қайнона-келинни ошхона ринги га чорлаб, ўртада секундантлик қилиш ҳам эркакка қолибди?! Шу ярашадими?

Байрам АЛИ

Manba: xabar.uz

Киритилди: 11:59 10.02.2019. Ўқилди: 8229 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!