Бугун 23 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Касби туман ИИБ бошлиғи 11 кишига кишан тақди, семинарда қатнашмаган фермерга ходим юбориб, танобини тортмоқчи бўлди (видео)

Касби туман ИИБ бошлиғи 11 кишига кишан тақди, семинарда қатнашмаган фермерга ходим юбориб, танобини тортмоқчи бўлди (видео)

Ижтимоий тармоқларда ИИБ ходимлари ва фермер ўртасидаги тортишув тасвирланган видео пайдо бўлди. Унда фермер ИИБ ходимларининг «Семинарга нимага бормадингиз», дея берган саволига далада биолаборатория ишлари билан бандлигини, ўрнига вакили — фермер хўжалиги иш юритувчиси борганлигини айтади. Ва ИИБ ходимларининг кўпчилик бўлиб, бостириб келишига изоҳ сўрайди. Бунга жавобан эса ходим фермерга кунлик ишини бажариш учун ҳам туман ИИБ бошлиғидан рухсат олиши лозимлигини уқтиради.

«Дарё» мухбири воқеа тафсилотларини ўрганди. Аниқланишича, фермер ва ИИБ бошлиғи ўртасидаги келишмовчилик бир йил илгари бошланган.

— 2018 йил туман ҳокими ва бир неча фуқаро кийимидаги кишилар дала шийпонимга келганди, — дейди «Новот Ниёз» фермер хўжалиги раҳбари Акром Новотов. – Ўшанда ҳоким бува дала шийпонимнинг аҳволидан қониқмай, мени койиганди. «Хўп, тез орада камчиликларни тўғрилаб, дала шийпон тозалигини таъминлаймиз», дея жавоб бердим. Шунда фуқаро кийимидаги бир шахс, суҳбатга аралашиб «Тўғри-тўғри гапир», дея дўқ қилди. Шунда у кишига қараб, қаерда хато қилганимни сўрадим. «Тўғрилаймиз эмас, тўғрилайман деб гапир», дея ҳақорат қилиб кетди. Ёнимизда туман ҳокими турган бўлишига қарамасдан, «Ўғри, муттаҳам, сени қаматиб йўқ қиламан» дея сўкинди. Кейинчалик билсам, у киши туман ИИБ бошлиғи Чори Кўчаров экан. Мен ҳам бу ҳолатдан таъсирланиб, ИИБ бошлиғининг хатти-ҳаракати юзасидан Президент порталига шикоят қилдим. Мурожатим бўйича, хизмат текшируви тайинланиб, ҳолат ўрганилди. Аммо тайинли чора кўрилгани йўқ. Шу-шу ИИБ бошлиғи менга нисбатан адоват сақлайди.

Маълум бўлишича, Акром Новотов раҳбарлигидаги фермер хўжалиги 2003 йил ташкил этилган бўлиб, 2016 йил чорвачилик йўналиши ҳам қўшилиб, кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантирилган. Фермер давлатдан 117 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олиб, Украина давлатидан 69 бош қора мол келтириб, кўпайтирган. Айни кунда фермернинг қора моллари сони 150 бошдан ошган.

Акром Новотовнинг айтишича, ИИБ бошлиғининг унга нисбатан адовати сабаб, 7 июнда ўриб олинган 9 тонна арпа ҳам тортиб олинган.

— Ўтган йили чорва молларим учун йил оғир келди, ем-хашакдан қийналди, — дейди Акром Новотов. – Шу боисдан ҳам чорва молларим учун арпа ҳам эккандим. Аммо арпа топшириш бўйича шартнома қилинмаган. Арпа фақатгина қора молларимга озуқа сифатида экилганди. 7 июнь куни ММТП раисидан комбайн сўраб олиб, 9 тонна арпамни ўриб олдим. Ўша ерда турган ИИБ ходимлари арпани олиб бориб топширишимни айтди, мен эса арпа бўйича шартномам йўқлигини, арпани чорва молларим учун экканимни тушунтирдим. Тушунишгач, арпани олиб келиб омборимга тўкдим. Лекин ўша куни кечаси ИИБ бошлиғи ўринбосари келиб, мени ИИБ ходимларининг қонуний талабига бўйсунмасликда айблаб, шу ерда хизмат вазифасини бажараётган ходимларига бу ҳақда далолатнома тузишлари лозимлигини айтди. Мени эса Damas’да худди жиноятчилардек, ИИБга олиб кетишди. Куни билан ҳеч қандай сабабсиз олиб ўтиришди. Сўнгра кечки пайт бармоқ изларимни олиб, тушунтириш хати ёзиб беришимни айтишди. Ёзиб бердим. Қўйиб юборишди.

Фермер Акром Новотовнинг қўшимча қилишича, шу иш сабаб туман ИИБ фермерни судга ҳам берган. Аммо суд ҳужжатлар билан танишиб чиқиб, асос тополмагач, ишни 2 марта рад этган.

Маълум бўлишича, фермер ва ИИБ ходимлари ўртасидаги келишмовчилик тасвирланган видеоёзув 16 июль куни кундузги соат 10:30 да фермер Акром Новотов томонидан ёзиб олинган.

— 14 июль куни туш пайтидаги ва 16 июль куни эрталаб 6:00 даги семинарга иш юритувчимни юборганим менинг айбим экан, — дейди фермер видеоёзувдаги ҳолатни изоҳлар экан. – Иш юритувчи ҳам фермер хўжалигининг асосий ходими ҳисобланади-ку. Фермернинг асосий иши далада деб ўйлайман.

14 июль куни туш пайтидаги семинарда қўлига кишан тақилиб, автобусда олиб кетилган мироб Зоиржон Набиевнинг маълумот беришича, ҳудуд аслида туман ҳокими сектори ҳисобланади. Ҳоким вақтинча йўқлиги сабаб, сектор раҳбари вазифаси ИИБ бошлиғига юклатилган бўлиши мумкин. Шу боисдан ҳам семинарни ИИБ бошлиғи олиб борди.

— Аслида семинарда қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассислар келиб, фермерларга ер билан ишлаш сирларини ўргатиши керак, — дейди Зоир Набиев. – Туман ҳокимининг семинарида худди шундай қилинарди. ИИБ бошлиғининг 14 июлдаги биринчи семинарида эса иш фермерлар қўлига кишан тақишдан бошланди. Мен «Чиллабулоқ» канали раҳбари бўлганим учун, ИИБ бошлиғи менга дубликат сув қуйгансан деган айб қўйди. Аслида чекка ҳудудда жойлашган «Манзура Ҳамроева» фермер хўжалигига бир марта сув қуйганимизда охиригача етиб бормагач, ерни суғориш якунланиши учун такрорий сув қуйдик. Ер суғорилгач, охиригача сув етиб бормаса, фойдаси йўқ-ку. ИИБ бошлиғи эса менга сувни беҳуда сарфладинг, дубликат қуйдинг деяпти.

Зоир Набиевнинг маълумот беришича, 14 июлдаги ИИБ бошлиғининг биринчи семинарида 2 нафар сувчи ва 9 нафар фермер хўжалиги ишчи ходимларининг қўлига кишан тақилиб, автобусга қамалган. Ва семинар тугагунча автобусда олиб ўтирилиб, сўнгра туман ИИБга олиб кетилган. ИИБ ҳовлисида кечгача сабабсиз олиб қолиниб, сўнгра тушунтириш хати олингач, қўйиб юборилган.

— Семинарга 20 нафар ИИБ ходимини олиб келган, сал нарида маҳбусларни олиб кетувчи «зековоз» машинани келтириб қўйган мутасаддининг қандай семинар ўтиши кундек равшан, — дейди Зоир Набиев. – Хўп, агар айбдор бўлсак, жарима белгилашсин эди. Нега энди қўлимизга кишан тақишади? Қўлга кишан тақадиган иш қилмадик ҳали. Қизиғи, 20 нафар ходим вақтининг беҳуда сарфланиши, автобус ва ҳаракатланиши кўп ёқилғи талаб қилувчи «зековоз»нинг харажати кимнинг зиммасига тушар экан энди?

Фермер Акром Новотов 40–45 йилдан бери деҳқончилик билан шуғулланиб келаётганини, бу борада яхши мутахассис эканлигини айтиб, фермерларга ер билан тиллашиш ҳақида семинар ўтаётган туман ИИБ бошлиғининг қишлоқ хўжалиги бўйича билимига шубҳа қилмоқда.

— Одатда семинар бирор бир мутахассис иштирокида ўтказилиб, фермерларга ер билан тиллашиш сирлари ўргатилиши керак-ку, қандай қилиб ички ишлар ходими фермерларга деҳқончилик сирларини ўргатиши мумкин? Қани бу ерда мантиқ?

Акром Новотовнинг ўрнига 14 июль ва 16 июль кунлари семинарда иштирок этган «Новот Ниёз» фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Фаррух Дўстмуродов туман ИИБ бошлиғига олий маълумотли қишлоқ хўжалиги ходими эканлигини, фермер хўжалигида қонуний 5 йилдан бери фаолият юритишини айтиб, фермер хўжалиги билан боғлиқ ҳар қандай топшириқни бажаришини айтишига қарамасдан дала майдонидан қувилганини айтмоқда.

Акром Новотов «Дарё» мухбири билан суҳбати давомида унга арпасини ўриш учун комбайн берган ММТП раҳбарига ҳам ИИБ томонидан босим ўтказилаётганини, шунингдек семинарга ўзи бормагани учун бу ҳақда ММТП раҳбаридан билдирги ёздириб олганини айтмоқда.

— ММТП раҳбарига ҳам босим ўтказишяпти, — дейди Акром Новотов. – Семинарга ўзим бормай, иш бошқарувчимни юборганим учун бу ҳақда билдирги ёзидириб олган. ИИБ менинг айбимни топишга интилиб, тинч ишлашимга имкон бермаяпти.

Касби туман ИИБ бошлиғидан хатти-ҳаракатининг сабабини сўраш учун боғланишга ҳаракат қилган «Дарё» мухбири ИИБ бошлиғига қўғироқ қилиб тушолмади. Тўғрироғи, ИИБ бошлиғи телефонига жавоб бермай, қайтиш қўнғироғини босиб қўйди. Вилоят ИИБ матбуот хизмати орқали боғланишга ҳаракат қилишимиз ҳам самара бермади.

Киритилди: 10:49 22.07.2019. Ўқилди: 3422 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!