Бугун 16 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Журналист Давлатназар Ҳақназаровнинг ўлимига сабабчи бўлган шахсга ҳукм ўқилди

Журналист Давлатназар Ҳақназаровнинг ўлимига сабабчи бўлган шахсга ҳукм ўқилди

2020 йил 19 февраль куни жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судида судланувчи Умидбек Сапаров (1979 йилда Хоразм вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - ўрта, оилали, икки нафар вояга етмаган фарзанди бор, муқаддам судланмаган, “Хоразм инвест” МЧЖда ҳайдовчи) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Мазкур жиноят иши судья Ш. Раззоқов раислигида кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг "ANIQ.UZ"га маълум қилишича, судланувчи У. Сапаров, 2019 йил 6 ноябрь куни, соат 23:30 да, ўзининг бошқарувида бўлган “Хоразм инвест” МЧЖ томонидан ижара шартномаси асосида олинган “Газ 330200” русумли 01 736 ТАA давлат рақам белгили юк автомашинасини йўл варақаси орқали, тегишли ҳужжатлари билан, спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда, Урганч тумани, Қоромон қишлоғи ҳудудидан ўтувчи 4р 158 Урганч-Хива автомобиль қатнов йўлида Урганч шаҳридан, Хива тумани томонга қараб бошқараётиб, эҳтиёткорлик чораларини кўрмасдан, Вазирлар Маҳкамасининг 24. 12. 2015 йилдаги “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 370-сонли қарорининг 3-бандида белгиланган, “йўл ҳаракати қатнашчилари “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ва Йўл ҳаракати Қоидалари талабларини билишлари, уларга амал қилишлари, шунингдек уларга берилган ваколат доирасида йўлларда ҳаракатни тартибга солувчиларнинг кўрсатмаларини сўзсиз бажаришлари шартлиги”, 11-бандининг “г” кичик бандида белгиланган, “ҳаракатланиш жараёнида пиёдалар, айниқса, болалар, ногиронлар, қарияларга ва велосипедчиларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўриши”, 12-бандида белгиланган, “транспорт воситасини мастлик ҳолатида, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражадаги чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида бошқариш” ва 77–бандида белгиланган, “ҳайдовчи ҳаракатнинг серқатновлигини, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, шунингдек ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда транспорт воситаси тезлигини белгилангандан оширмасдан бошқариши кераклигини, тезлик ҳайдовчига ушбу қоидалар талабларини бажариш учун транспорт воситасининг ҳаракатини доимий назорат қилиб бориш имкониятини бериши кераклигини, ҳаракатланиш вақтида ҳайдовчи аниқлай олиши имкониятидаги хавф юзага келса, у транспорт воситасининг тезлигини у тўла тўхташни таъминлайдиган даражада камайтириши ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавф туғдирмаган ҳолда айланиб ўтиш чораларини кўриши керак” деб баён қилинган бандларини қўпол равишда бузиб, ушбу йўлнинг 5 км га келганида, йўлнинг ўзига нисбатан ўнг томонидан чап томонига кесиб ўтаётган пиёда Д. Рўзметовни автомашинасини олд чап томон қисми билан уриб юбориб, йўл транспорт ҳодисаси содир қилган.

Натижада, пиёда Д. Рўзметов олган оғир тан жароҳати оқибатида ҳодиса содир бўлган жойда вафот қилган.

Бундан ташқари, мазкур ЙТХ натижасида “Хоразм инвест” МЧЖ раҳбари Д. Мадримовга қарашли бўлган “Газ 330200” русумли 01 736 ТАA давлат рақам белгили юк автомашинасига 2 990 000 сўм миқдорда моддий зарар етказилишига сабабчи бўлган.

Судланувчи У. Сапаров судда, айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, “Хоразм инвест” МЧЖда ҳайдовчи вазифасида ишлаб, Газел русумли 01 736 ТАА давлат рақам белгили юк автомашинаси бириктирилганлигини, 2019 йил 6 ноябрь куни соат 19:00 да уйида ўтирганида, жамиятда ишловчи М. Қаландаров телефон қилиб, автомашинаси бузилганлигини, машинасини техник устахонага олиб, боришда ёрдам сўраганлиги учун Газел автомашинасида Д. Мадримов билан М. Қаландаровнинг турган жойга бориб, машинасини шатакка олиб, Урганч шаҳри, Хива кўчасида жойлашган техник хизмат кўрсатиш шохобчасига олиб борганлигини, кейин Д. Мадримовни уйига ташлаш мақсадида Урганч-Хива автомобиль йўлига чиқиб, соат 23:30 да Хива туманига қараб соатига 60-70 км тезликда ҳаракатланиб, “Урганч-Хива” қатнов йўлининг устидан ўтган темир йўл кўприги остидан ўтаётганида йўлнинг чеккасида битта фуқаро қўлида шапкаси билан машинани тўхтат дегандай ишора қилиб, тахминан 2-3 метр қолган вақтида бошқарувидаги автомашина олдига югурганлигини, ушбу шахс югурган вақтида дарҳол тормозини босганлигини, шундай бўлсада ҳайдовчи томон билан ушбу пиёдани уриб юборганлигини, шундан кейин машинадан тушиб, пиёда ёнига бориб, уни кўтармоқчи бўлиб борганида нотаниш шахс ёрдам бериш учун уни юрагини массаж қилганлигини, шундан кейин ҳодиса жойига тез ёрдам машинаси келиб, пиёданинг вафот этганлигини айтишганлигини, шундан кейин ҳодиса жойига ИИБ ходимлари келишиб, ҳодиса жойини чизишганлигини, йўл транспорт ҳодиса содир қилинган кун спиртли ичимлик истеъмол қилмаганлигини, лекин бир кун олдин спиртли ичимлик истеъмол қилганлигини, Хоразм вилоят наркология диспансерида мастликни аниқлаш бўйича ўтказилган текширувда қўрққанидан нима ёзганлигини билмаганлигини, жабрланувчининг оила аъзоларидан кечирим сўрашини, етказилган зарарни қоплаганликларини инобатга олиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, енгиллик қилишни сўраб, кўрсатма берди.

Жабрланувчининг қонуний вакили Л. Алиева судда сўралганида, марҳум Д. Рўзметов турмуш ўртоғи эканлигини, 2019 йил 6 ноябрь куни соат 17:00 да турмуш ўртоғи Д. Рўзметов қўнғироқ қилиб, Урганч шаҳрида адвокат таниши У. Давлатов юрганлигини, уни Хива туманига кузатиб, уйига келишини айтганлигини, шу вақтда у билан охирги марта гаплашганлигини, бироқ шу куни кун қоронғу бўлсада, турмуш ўртоғи Д. Рўзметов уйга келмаганлигини, кейин ўғли Ж. Шехназаров қўнғироқ қилганида турмуш ўртоғи Д. Рўзметов қўнғироқларга жавоб бермаганлиги, шу куни соат 23:15 да ўғли Ж. Шехназаровнинг телефон рақамига нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлиб, Урганч-Хива йўлидаги кўприкка етмасдан бекатни ёнида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлганлиги натижасида Д. Рўзметов хушидан кетганлигини айтишганлигини, шундан кейин қариндошларига айтиб, ҳодиса содир бўлган жойга борганида ИИБ ходимлари йўл транспорт ҳодисасини чизиб турганлигини, тез тиббий ёрдам ходимлари турмуш ўртоғи Д. Рўзметовни олиб кетишганлигини, шу вақтда ЙТХ натижасида турмуш ўртоғини вафот қилганини билганлигини, У. Сапаровга нисбатан даъвоси йўқлигини, етказилган зарарни қоплаганлигини, уни оиласи ҳам боқувчини йўқотмаслиги учун қамоқдан озод қилиб, унга енгилроқ жазо тайинлашни билдириб кўрсатма берди.

Фуқаровий даъвогар Д. Мадримов судда сўралганида, “Хоразм инвест” МЧЖ раҳбари лавозимида ишлашини, У.Сапаров жамиятда ҳайдовчи бўлиб ишлаётганлигини, 2019 йил 6 ноябрь куни соат 22:00 да жамиятга қарашли М. Қаландаровни бошқарувидаги “Газел” русумли автомашина Хонқа туманида бузилиб, йўлда қолганлиги сабабли У. Сапаровга қўнғироқ қилиб ўзининг “Газел” юк автомашинасида шатакка олиб кетишни тайинлаганлигини, шундан кейин У. Сапаров жамиятга бориб ўзига бириктирилган “Газел” юк автомашинасида Хонқа туманидан М. Қаландаровни юк автомашинасини шатакка олиб, Урганч шаҳрига олиб келганликларини, У. Сапаровга Урганч-Хива йўлида жойлашган ЙПХ маскани ёнига ташлаб келишини айтганлигини, У. Сапаров “Урганч-Хива” автомобиль йўли бўйлаб, Урганч-Хива” йўли устидан темир йўл кўприги остидан ўтганидан кейин йўлнинг 1 ва 2-бўлакни ажратувчи узук-узук чизиқ устида битта нотаниш пиёда қўлида сумкаси билан иккинчи қўли билан автомашина тўхтатмоқчи бўлиб тентираб, йўлни кесиб ўтаётганлигини, пиёдага 10 метр қолганида ушбу пиёда ўртадаги узук-узук чизиқдан йўлни кесиб ўтишни бошлаганлигини, У. Сапаров автомашинани чап бурчаги билан пиёдани уриб юборганлигини, унга ёрдам бериш учун ҳаракат қилганида шу ерда йўлдан ўтаётган одамлардан биттаси келиб, “мен шифокорман оёғида жароҳат бор вена томири узилган бўлиши мумкин, шунинг учун тегманглар” деб айтганлигини, шу пайтда мазкур ЙТХ натижасида У. Сапаров жамиятга тегишли бўлган “Газ 330200” русумли 01 736 ТАA давлат рақам белгили юк автомашинасига 3 000 000 сўмлик моддий зарар етказганлигини, ҳозирда ушбу моддий зарарни У. Сапаров тўлиқ қоплаганлигини, шу сабабли унга нисбатан даъвоси йўқлигини, ЙТХ натижасида тан жароҳати олмаганлигини билдириб, кўрсатма берди.

Гувоҳ Ғ. Бабаджанов судда сўралганида, 2019 йил 6 ноябрь куни соат 18:00 да У. Давлатов қўнғироқ қилиб, “Тўмарис Нур” гипермаркетнинг ёнидаги “Ягона” кафега автомашинасини ташлаб келишини айтганлигини, рози бўлиб, “Ягона” кафесига борганида, У. Давлатов журналист Д. Рўзметов билан овқатланиб ўтирганлигини, дастурхондаги бир шиша конякнинг тагида озгина ичимлик қолганлигини, Д. Рўзметов ўзини сумкасидан яна бир шиша коняк чиқариб, столни устига қўйганлигини, ушбу коняк спирти ичимликни истеъмол қилганликларини, лекин маст бўлмаганлигини, Д. Рўзметов коняк спиртли ичимлик истеъмол қилганлигини, кафедан 21:00 да чиқиб, У. Давлатов “Хоразм Палас” меҳмонхонасида тунаб қолишини айтгани сабабли, Д. Рўзметов ва У. Давлатовлар билан “Матиз” русумли сариқ рангли такси автомашинасига ўтириб меҳмонхона олдида тушиб, У. Давлатовга меҳмонхонадан хона гаплашганликларини, Д. Рўзметовга спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги сабабли меҳмонхонада тунаб қолишини, эрталаб туриб уйига кетишини айтганлигини, У. Давлатов ҳам унга меҳмонхона пулини ўзи тўлашини, кеч бўлганлиги сабабли шу ерда тунаб қолишини айтганлигини, бироқ, Д. Рўзметов эртага бозорга чиқиб, ун олиши кераклигини, шу сабабли уйига кетмаса бўлмаслигини айтганлигини, соат 22:15 да Д. Рўзметовни уйига кузатиб юбориш мақсадида меҳмонхонасидан чиқиб, оқ рангли, “Нексия-2” русумли автомашинани тўхтатиб, Д. Рўзметовни уйига етиб олиши учун 30 000 сўм берганлигини, шу вақтда ҳайдовчига Д. Рўзметов Қўшкўпир туманига кетадиган автомашиналар турадиган бекатга ташлаб қўйишини айтганини эшитганлигини, эртаси куни У. Давлатов соат 07:00 да қўнғироқ қилиб, Д. Рўзметов автоҳалокатга учраб вафот қилганини айтганлигини билдириб, кўрсатма берди.

Гувоҳ М. Қаландаров судда, “Хоразм инвест” МЧЖда ҳайдовчи лавозимида ишлашини, 2019 йил 6 ноябрь куни соат 20:00 да Хонқа тумани, Сарапаён қишлоғида юк автомашинасини ремени узилиб, радиатордаги сув қайнаб кетганлиги сабабли юк автомашинасини йўлнинг четки қисмида тўхтатиб, МЧЖ раҳбари Д. Мадримовга қўнғироқ қилиб, автомашинани ремени узилганини айтиб турган манзилини тушунтирганлигини, орадан тахминан 30 дақиқа ўтиб, Д. Мадримов У. Сапаровни бошқарувида бўлган “Газел” русумли, 01 736 ТАA давлат рақам белгили юк автомашинасида келишиб, юк автомашинасини шатакка олиб, Урганч шаҳри, “Машъал” дўконлари ёнидаги, автотехга олиб боришганликларини, кейин Д. Мадримов билан У. Сапаровлар соат 22:30 да кетишганлигини, эртаси куни МЧЖ раҳбари Д. Мадримовдан У. Сапаров, уни уйига ташлаб келмоқчи бўлиб, бораётганида “Хива-Урганч” автомобиль йўлида пиёдани уриб юбориб, йўл транспорт ҳодисасини содир қилганини эшитганлигини билдириб, кўрсатма берди.

Гувоҳ У. Давлатов судда, 2019 йил 6 ноябрь куни соат 08:00 да Тошкент шаҳридан Хоразмга фуқаролик суди билан боғлиқ иши бўлгани учун келганлигини, Хоразмга келганида Д. Рўзметовга қўнғироқ қилиб у билан учрашганлигини, Д. Рўзметов билан бирга Урганч тумани, Чаккашоликор қишлоғида жойлашган балиқхонада тушлик қилганлигини, у ерда спиртли ичимлик истеъмол қилмаганликларини, шундан кейин Д. Рўзметов билан биргаликда ФИБ Урганч туманлараро судига борганлигини, у ерда ўзининг адвокатлик билан боғлиқ бўлган ишларини қилганлигини, шундан кейин Д. Рўзметов билан “Ягона” кафесига боришганлигини, Ғ. Бабаджановни ҳам кафега таклиф қилганлигини, Ғ. Бабаджанов Д. Рўзметов билан танишлигини, кафега кириб алоҳида умумий залда ўтирганида, Ғ. Бабаджанов кириб келганлигини, у ерда 3 шиша коняк ичганликларини, кафедан чиқиб тўғри “Хоразм Палас” меҳмонхонасига бориб жойлашиб, Д. Рўзметов ва Ғ. Бабаджановларни кузатишга меҳмонхонадан ташқарига чиққанлигини, Д. Рўзметов оқ рангли Нексия-2 русумдаги машинага ўтирганлигини, Д. Рўзметов билан хайрлашган вақтида Қўшкўпир туманига кетишини, шунинг учун Урганч шаҳридаги Қўшкўпир туманига кетадиган таксилар турадиган жойга боришини айтганлигини, Д. Рўзметов кетганидан кейин Ғ. Бабаджанов билан бирга коняк ичиш учун “Ягона” номли кафега бориб, озгина коньяк ичиб, Ғ. Бабаджанов билан меҳмонхонага қайтганлигини, у билан шу ерда хайрлашиб, соат 00:00 да Д. Рўзметовга бир марта қўнғироқ қилганлигини, аммо жавоб бермаганлигини, шундан кейин эртаси куни 07:00 да Д. Рўзметовнинг турмуш ўртоғи қўнғироқ қилиб, Д. Рўзметовни кеча ёнидан кетганидан кейин Урганч-Хива автомобиль йўлдан ўтган темир йўл кўприги ёнида йўл ўртасида фургон шаклидаги машина уриб юборганлигини, ҳодиса жойининг ўзида вафот этганини эшитганлигини билдириб, кўрсатма берди.

Гувоҳ Ғ. Ваисов судда, вилоят суд-тиббий экспертизасида суд тиббий эксперти лавозимида ишлашини, 2019 йил 7 ноябрь куни соат 12:45 да ИИБ ходимлари фуқаро У. Сапаровга нисбатан суд кимёвий экспертиза тайинлаб, ундан қон намунаси олиш мақсадида суд тиббий экспертиза биносига олиб келишганлигини, қарорга асосан унинг қонидаги этил спирти ва гиёҳванд моддаси бор йўқлигини аниқлаш бўйича тегишли тартибда 10 грамм қон намунаси олинганлигини, текширув жараёнида У. Сапаровнинг қонидан этил, пропил, бутил, амил спиртлари ва наркотик моддалар туркумига кирувчи опиат қолдиқлари топилмаганлигини, мазкур ҳолат бўйича эксперт хулосаси берганлигини, У. Сапаровда олдин енгил мастлик ҳолати аниқланган бўлса-да, 11 соат ичида унинг қонидаги этил спирти организмдаги ферментлар таъсирида ҳар бир соат ичида тахминан 0,16 промилли, агар кучли психоэматционал ҳолат ва жисмоний меҳнат бўлса 0,27 промиллигача этил спирти парчаланиши натижасида, унинг қонидан этил спирти чиқиб кетган бўлиши мумкинлигини билдириб, кўрсатма берди.

Гувоҳ Ж. Саъдуллаев судда сўралганида, вилоят ИИБ ЙҲХБ 2-сафдор гуруҳ ЙПХ инспектори лавозимида ишлашини, 2019 йил 06 ноябрь куни соат 23:40 да ЙҲХБ навбатчилик қисми навбатчиси томонидан “Урганч-Хива” йўналишининг “Коромон” аҳоли яшаш жойининг 5-кмда йўл транспорт ҳодисаси содир бўлганини айтиб, зудлик билан у ерга боришларини тайинлаганлиги сабабли айтилган манзилга борганида, “Газель” автомашинаси ҳайдовчиси ва ёнидаги йўловчи, ЙТХ натижасида жабрланган пиёдага ёрдам кўрсатмоқчи бўлиб туришганлигини, у ерда тез тиббий ёрдам ходимлари пиёдага тиббий ёрдам кўрсатишиб туришганлигини, шу вақтда гуруҳ раҳбари томонидан ҳайдовчи У. Сапаровни тиббий текширувдан яъни мастлик ҳолатини аниқлаш бўйича текширувдан ўтказишини айтганлиги учун У. Сапаровни наркология диспансерига олиб бориб, ҳайдовчининг мастлик ҳолатини аниқлаш бўйича тиббий текширувдан ўтказганлигини, шу вақтда шифокор алкатестр аппарати билан унинг енгил мастлик ҳолатида эканлигини аниқланганлигини, бироқ, ҳайдовчи У. Сапаров ўзини спиртли ичимлик истеъмол қилмаганини айтганлигини, ундан спиртли ичимлик ҳидини сезмаганлигини билдириб, кўрсатма берди. 

Гувоҳ Д. Эшчанов судда сўралганида, вилоят наркология диспансерида шифокор лавозимида ишлашини, 2019 йил 6 ноябрь куни тунги навбатчиликка тушганлигини, 2019 йил 7 ноябрь куни соат 01:27 да ИИБ ЙҲХБ ходимлари фуқаро У. Сапаровни йўл транспорт ҳодисаси содир қилганини айтиб, уни спиртли ичимлик истеъмол қилган қилмаганлигини аниқлаш бўйича олиб келишганлигини, ушбу фуқарони алкатестр мосламаси орқали унинг оғзидан нафасини чиқартириб текшириб кўрганида, 0,576 мг/литр яъни енгил даража мастлик ҳолати аниқланганлигини, шунингдек, текширув вақтида ҳайдовчи У. Сапаровни оғзидан ҳам спиртли ичимликни ҳиди келиб турганлигини билдириб, кўрсатма берди.

Гувоҳ Б. Раҳимов судда, 2019 йил 6 ноябрь куни соат 20:30 – 21:00 да ўғли Д. Раҳимов номида бўлган “Нексия 1” русумли 90 Х 523 FA давлат рақам белгили автомашинасида Урганч шаҳар, Хива кўчасида жойлашган “Машъал” дўкони олдидаги бекатдан, Қўшкўпир туманига кетадиган фуқароларни олиб кетиш учун борганлигини, соат 21:00 ан ўтганда икки нафар ёш йигит келиб, Қўшкўпир туманига олиб кетишни сўраганлигини, рози бўлиб, уларга машинага ўтиришларини, яна бир нафар одам келгач, ҳайдашини айтганлигини, соат 21:30 да оқ рангли, битта “Нексия-2” русумли машинадан Д. Рўзметов ўта маст ҳолда тушганлигини, Д. Рўзметовни Қўшкўпир туманидан эканини, олдин “Лада гранта” русумли машина ҳайдаб юрганидан билишини, бекат ёнида турган йигитлар Д. Рўзметовдан қаерга кетишини сўраганида, Қўшкўпир туманига боришини айтганлиги сабабли уни ёнига юборишганлигини, Д. Рўзметов билан келишганидан сўнг машинасига ўтиришга рухсат берганлигини, шундан кейин Д. Рўзметов машинада сигарет чекиб бошлаганлигини, унга машинада сигарет чекмаслигини, ўзи ҳам машинада сигарет чекмаслигини, машинага газ балони ўрнатилганини айтганлигини, шунда ҳам Д. Рўзметов сигарет чекишни тўхтатмаганлигини, Урганч-Хива йўналишидаги метан газ қуйиш учун метан газ қуйиш шаҳобчасига кириб, йўловчиларни машинадан тушиб туришларини айтиб,
5 дақиқалар ичида машинага газ қуйдириб чиқиб, икки нафар йигит билан Д. Рўзметовни машинага миндириб, Хива томонга қараб ҳаракатланганлигини, шундан кейин Д. Рўзметов яна сигарет чекишни бошлаганлигини, унга чекма деганида, ёқмаётган бўлса машинангдан тушир мени деб айтганлигини, шу сабабли Урганч-Хива йўлининг поезд йўли ўтиш кўприги остидан ўтиб, Урганч тумани Қоромон қишлоғи ҳудудига кириб кетадиган йўлдан ўтиб, йўл чеккасидаги бекатда тўхтатиб, Д. Рўзметовни машинадан туширганлигини, шундан кейин Қўшкўпир тумани томонга ҳаракатланиб, автомашина салонидаги йигитларни тушириб, уйи томонга ҳаракатланганлигини, Қўшкўпир тумани марказига соат 23:30 да етиб борганлигини, кейинчалик 2019 йил 6 ноябрь куни Д. Рўзметовни Урганч-Хива автомобиль йўлида йўл транспорт ҳодисаси натижасида вафот этганини эшитганлигини билдириб, кўрсатма берди.

Суд судланувчи У. Сапаровнинг суддаги йўл транспорт ҳодиса содир қилинган куни спиртли ичимлик истеъмол қилмаганлиги ҳақидаги келтирган важлари билан қуйидагиларга асосан келишмайди деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 95-моддасида текширув натижасида ҳақиқатга мувофиқ эканлиги аниқланган далиллар ишончли деб ҳисобланади.

Исботланиши керак бўлган барча ва ҳар бир ҳолатнинг ҳақиқийлигини сўзсиз тасдиқловчи ишга оид барча ишончли далиллар тўпланган бўлса, уларнинг жами ишни ҳал қилиш учун етарли деб ҳисобланиши белгиланган.

Иш ҳолатига кўра, Хоразм вилояти наркология диспансерининг 06. 11. 2019 йилдаги мастлик ҳолатини аниқлаш бўйича текширувдан – ўтказганлик тўғрисидаги 2465-сонли баённомада У. Сапаровнинг мастлик ҳолати енгил даражада эканлиги ҳақида хулоса берилган.

Суд, давлат айбловчисининг хулосасини, ҳимоячининг фикрини, судланувчи У. Сапаров, жабрланувчининг қонуни вакили ва фуқаровий даъвогар ҳамда гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиб, У. Сапаровнинг жиноят содир этганликдаги айби ўзининг айбига иқрорлик билдириб берган кўрсатувидан ташқари, ҳодиса жойини кўздан кечириш баённомаси ва схемаси, унга илова суратлар ва суд тиббий экспертизасининг № 161-сонли хулосаси ҳамда жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар билан исботланган деб ҳисоблайди.

Дастлабки тергов органи томонидан судланувчи У. Сапаровнинг транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиши натижасида одам ўлишига сабаб бўлишда ифодаланган жиноий ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблайди.

Суд, судланувчига нисбатан жазо тайинлашда Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарори ҳамда Олий суд Пленумининг 2015 йил 26 июндаги “Транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар билан боғлиқ ишлар юзасидан суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги 10-сонли қарорининг 25-бандида судлар йўл-транспорт ҳодисасида айбдор деб топилган шахсга нисбатан жазо тури ва муддатини белгилашда инсонпарварлик, одиллик тамойилларидан келиб чиқиб, ҳар бир иш бўйича алоҳида ёндошув тўғрисидаги қонун талабига қатъий риоя қилишлари, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига, ҳодиса содир бўлгандан кейин шахснинг хатти-ҳаракатига (унинг жабрланувчига тиббий ёрдам кўрсатиш учун қилган ҳаракатлари, жабрланувчи ва унинг оиласига моддий ва бошқа тарзда ёрдам берганлиги, жиноят натижасида етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаганлиги ва ҳ. к.) ва жазони енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи бошқа ҳолатларга алоҳида эътибор беришлари шартлиги ҳақида тушунтиришларга риоя қилиб, судланувчи У. Сапаровнинг шахсини, оилавий ва моддий аҳволини, қарамоғида икки нафар фарзандлари борлигини, пушаймондалигини, айбига иқрорлигини, етказилган зарарни қоплаганлигини, жабрланувчининг қонуний вакили ва фуқаровий даъвогарнинг даъвоси йўқлигини, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини Жиноят кодексининг 55-моддасига асосан жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб ҳисоблаб, Жиноят кодексининг 56-моддасида кўрсатилган оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, айбли деб топилган моддасининг санкциясида назарда тутилмаган озодликни чеклаш жазоси тайинлашни, шунингдек Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, муайян ҳуқуқдан, яъни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазо тайинлашни лозим топди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра,

У. Сапаров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, 1 йил 6 ой муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан, 2020 йил 9 январь кунидан 2020 йил 19 февраль кунига қадар 41 кун қамоқда сақланган ҳар бир кунини бир кунга тенглаштириб, 1 ой 11 кун озодликни чеклаш жазоси ўталган деб ҳисоблаб, ўташлик учун узил-кесил 2 йил 10 ой 19 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Судланувчи У. Сапаровга нисбатан белгиланган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у дарҳол суд залидан озод қилинди.

Жиноят иши бўйича жабрланувчининг қонуний вакили Л. Алиеванинг судланувчи У. Сапаровга нисбатан даъвоси йўқлиги инобатга олинди.

Ҳукм устидан тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан ўн сутка ичида, судланувчи ҳукм нусхасини олган кундан эътиборан шу муддат ичида апелляция тартибида жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди апелляция инстанциясига шикоят бериши ёки протест билдириши, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг кассация тартибида жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди кассация инстанциясига шикоят бериши ёки протест билдириши маълум қилинади.

 

 

 

Киритилди: 13:46 20.02.2020. Ўқилди: 2776 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!