АҚШнинг амалдаги президенти 19 июл куни Трамп билан июн ойидаги муваффақиятсиз дебатдан сўнг Конгрессдаги демократ ҳамкасбларининг сайловолди пойгасидан чиқиш чақириқлари фонида кейинги ҳафтада курашга қайтишини маълум қилди.
81 ёшли Байден ҳафта бошида Лас-Вегасга қилган сафари чоғида COVID-19 билан касаллангани маълум бўлди. Оқ уй енгил аломатлар ва умумий ҳолсизлик ҳақида хабар берди. Тестдан сўнг Байден даволаниш учун Делавэрдаги уйига қайтди.
Ҳозиргача Конгресснинг 264 нафар демократ аъзосидан 32 нафари Байденни сайловолди кампаниясини тугатишга очиқ чақирди, бошқа юқори мартабали демократлар эса буни якка тартибда айтишган, деб хабар берди Reuters. АҚШ собиқ президенти Барак Обама, Вакиллар палатаси собиқ спикери Нэнси Пелоси ва Конгрессдаги партия етакчилари Байденнинг сайловолди кампанияси натижалари ҳақида шахсий хавотирларини билдирганликлари ҳақидаги хабарлар ортидан охирги 48 соат ичида Байденга нисбатан босим кескин ошди.
Демократлар 5 ноябрдаги сайловда республикачиларнинг ғалаба қозонишидан ташвишланишмоқда, бу Трамп ва унинг иттифоқчиларига нафақат Оқ уй, балки Конгресс ҳар икки палатасида ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритиш имконини беради.