Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Жиноий жавобгарликка тортилган ИИБнинг собиқ бошлиғи айбсиз деб топилди

Жиноий жавобгарликка тортилган ИИБнинг собиқ бошлиғи айбсиз деб топилди

Жиноятни исботловчи бирорта далиллар келтирилмагани, давлат ёки жамоат манфаатларига зарар ёхуд жиддий зиён етказилмагани, мазкур жиноят иши бир томонлама кўрилиб, фақат туман ички ишлар бўлими бошлиғини айблаш нуқтаи назаридан олиб борилгани маълум бўлди.
Фарғона вилояти Бағдод туман ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Фурқат Камоловга нисбатан жиноят иши очилди. Унга 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, турли моддалар асосида жарима жазоси билан судланди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 22 октябрдаги ажрими билан эса ҳукм ўзгартирилиб, Ф.Камолов жавобгарликдан озод қилинди. Шунингдек, ундан суд ҳукмини ижро қилиш чоғида ундирилган 33 млн. 636 минг 750 сўм жарима пули қайтарилиши белгиланди.

Албатта, у олти йил давомида суд идораларига адолатни тиклашни сўраб, кўп бор мурожаат қилди. Яқинда Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлисида Ф. Камоловнинг шикояти кўриб чиқилиб, адолат қарор топди.

Хўш, унга қандай айбловлар қўйилганди? Суднинг ҳукмига кўра, Фурқат Камолов 2010 йилдан 2014 йил июнь ойига қадар Бағдод туман ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келиб, масъул мансабдор шахс бўлгани ҳолда мансаб ваколатини суиистеъмол қилган. Туман ҳокимининг 2009 йил 9 июлдаги қарорига асосан ИИБ қошида ташкил этилган “Бағдод қалқонлари” ёрдамчи хўжалиги учун ажратилган 12 гектар ер майдонини вақтинча фойдаланиш учун бир нечта фуқароларга сотиб юборгани натижасида 12 гектар ер майдонига давлат буюртмаси учун дон экилмасдан давлат ва жамоат манфаатларига зарар етказганликда айбли, деб топилган. Унга туман “Деҳқон бозори” ҳудудида ҳеч қандай ҳужжатларсиз савдо дўкони қуриб олиб, М.Қорабоевага 14 миллион сўмга сотиб юборганлик, савдо дўкони ер майдони ижараси учун 2012 йил апрель ойидан 2014 йил ойига қадар ҳар ойда 126 минг сўмдан тўловни амалга оширмасдан “Деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамияти манфаатларига жами 2 миллион 646 минг сўм зарар етказган каби бир қатор айбловлар қўйилган эди.

Ишда аниқланган ҳолатлар ва гувоҳларнинг кўрсатувларига қараганда, туман ички ишлар бўлими бошлиғини ёрдамчи хўжалик учун ажратилган ер майдонини сотиб юборганини исботловчи бирорта далиллар келтирилмаган. Ваҳоланки, 2012 — 2013 йиллар давомида “Бағдод қалқонлари” ёрдамчи хўжалиги белгиланган давлат режасидан ортиқ дон маҳсулоти топширган бўлиб, давлат ёки жамоат манфаатларига зарар ёхуд жиддий зиён етказилмаган. Шунингдек, дастлабки тергов органи ва суд томонидан Ф.Камолов айнан қайси расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиб, қалбакилаштирилгани ва улардан фойдалангани, бунинг натижасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига жиддий зарар етказилгани аниқланмаган.

Мазкур жиноят иши бир томонлама кўрилиб, фақат туман ички ишлар бўлими бошлиғини айблаш нуқтаи назаридан олиб борилгани маълум бўлди. Фурқат Камоловга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судининг 2015 йил 16 мартдаги ҳукми бекор қилинди. Унинг қилмишида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши ҳаракатдан тугатилди ҳамда айбсиз деб топилиб, оқланди.

Киритилди: 10:49 08.09.2021. Ўқилди: 3491 марта. Фикрлар сони: 1 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!