Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Жазосиз қолган Усмонова ёхуд ИИВнинг кучи фақат блогеру журналистларга етадими?

Жазосиз қолган Усмонова ёхуд ИИВнинг кучи фақат блогеру журналистларга етадими?

Бундан роппа-роса бир ой олдин Ўзбекистонда халқ артисти Юлдуз Усмонова Сирдарёда “Сардоба” сув омбори тўғони ёрилиши натижасида юз берган тошқиндан жабрланган одамларга ёрдам бериш учун ташкил қилган акцияси аёвсиз танқид ва ҳақорат билан якунланганди.

4 май тонгида интернетнинг ўзбек сегменти Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг ғазаб ва нафрат тўла мурожаатидан карахт бўлиб қолди. Хонанданинг бу ғазаби бир ё икки шахсга эмас бутун бошли мамлакат Ички ишлар тизими ходимларига қаратилганди.

“Асло рози эмасман. Халқ эшитсин. Юрт-олам эшитсин. Милиция абсолютно не работает. Ҳозир Каримов даврида яшамаяпсизлар клизма олгани, шунчалик ҳам клизмага ўрганиб қоласизларми?”, деган Усмонова ҳиссиётга берилиб.

У сўзида давом этаркан, қўл соатига ишора қилиб ходимлар ухлаб ётганини айтади. 

“Уят борми, виждон борми? Халқни “налог”идан ойлик оляпсанлар, нима қиляпсанлар? Биттангни топиб бўлмаяпти, ҳамманг ухлаб ётибсан”, дейди Юлдуз Усмонова.

Видео сўнгида Юлдуз Усмонова Ички ишлар ходимлари халқ меҳрини меҳнат билан қозониши кераклигини айтиб, журналистлардан ушбу воқеаларни нашрларда эълон қилишни сўраган.

Маданият ходимининг ижтимоий тармоқдаги жонли эфирда Ички ишлар ходимларига қарата “Падарлаъанати бўлдиларинг бугун”, каби сўзларни айтиши жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди.

Усмонованинг “қайноқ” чиқишига дастлаб Маданият вазирлиги муносабат билдирди. Кўп ўтмай, Усмонова Ички ишлар ходимларидан кечирим сўради.

Ўз ходимларига ножўя гап айтган ёки уларга нисбатан ортиқча ҳаракат қилганларга тезда чора кўриб, “кавушини тўғрилаб қўядиган” Ички ишлар вазирлиги кескин баёнот билан чиқди. Усмонованинг ҳаракатлари устидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан суриштирув ишлари бошлангани маълум қилинди. ИИВ Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов эса Юлдуз Усмонованинг руҳий соғломлигини шубҳа остига олди.

Бундай кескин муносабатдан кейин барча “энди Юлдуз Усмонова ҳам жазосини оларкан-да” деб адолат қарор топишини кута бошлади.

Сўнг “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси хонанданинг хатти-ҳаракатлари Маданият вазирлиги қошидаги Жамоатчилик кенгашида муҳокама қилиниши айтиб чиқди. Аммо, бу масалага қайтилмади. Бошқаларнинг лицензиясини олиб қўйишга уста бўлган “Ўзбекконцерт”нинг Юлдузга "тиши" ўтмади. Мана, сизга ижтимоий тенглик.

ИИВ 5 май куни Юлдуз Усмонова иши бўйича суд бўлиб ўтишини маълум қилиб, ОАВни Маъмурий ишлар бўйича Мирзо Улуғбек туман судига таклиф қилди. Аммо суд бўлмади.

Мамлакатда бўлиб ўтган воқеалар эса Туркия матбуотигача етиб борди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди эса Усмонованинг ҳужжатлари судга етиб келмагани сабабли маҳкама мажлиси ўтказилмаганини маълум қилди.

Усмонова 7 май куни Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг кабинетидан туриб яна бир бор Ички ишлар ходимлари ва уларнинг ота-оналаридан узр сўраб чиқди.

Май ойи охирида эса Ўзбекистондаги барча телеканалларда Юлдуз Усмонованинг қўшиқларига ва клипларига тақиқ ўрнатилди.

Аммо орадан бир ой ўтган бўлса ҳам ИИВ ўзига нисбатан бўлган ҳақоратга жавоб қайтармади. Бундан кейин жавоб кутиш ҳам мантиқсизлик бўлса керак.

Шу ўринда Юлдуз Усмонованинг шов-шувли чиқишидан кейин юз берган воқеани эслаб ўтсак. Яқинда Фарғона телерадио компанияси журналисти, блогер Усмонжон Қодиров вилоят ҳокимлиги расмийлари билан учрашувдан кейин кўчада ниқоб тақмай юргани учун ўша куннинг ўзида 15 суткага қамалди. Суд қарори ҳам бир кунда чиқа қолди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, Усмонжон Қодиров ИИБ ходимининг қонуний талабларини бажармасдан, ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини давом эттирган ва М.Ҳамралиевни уятли сўзлар билан сўкиб, бақир-чақир қилиб, фуқароларнинг осойишталигини бузган ва шунинг учун маъмурий қамоқ жазосини олганди. Кейинроқ кассация инстанцияси Усмонжон Қодировни озод қилди.

Юлдузга келганда эса қонун ҳимоячиси бўлган ИИВ жим бўлиб қолди. Вазирликнинг бу ҳолига “Катта гапириш эмас, катта нон тишлаш керак” деган ўзбек мақоли ҳос ва мос.

Манба: qalampir.uz

Киритилди: 23:17 04.06.2020. Ўқилди: 9720 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!