Вафот этганлар орасида мухбирлар Энес аш-Шариф, Муҳаммад Курайка ва операторлар Иброҳим Зоҳир, Муҳаммад Нуфал ҳамда Моамен Алива бор эди. Улар ҳодиса пайтида шифохона бош дарвозасидаги чодирда бўлишган.
Al Jazeera бу воқеани “сўз эркинлигига қарши қасддан қилинган ҳужум”, деб атади. Исроил армияси зарба айнан Энес аш-Шарифга қаратилганини тасдиқлади, бироқ қолган ҳалок бўлган журналистлар ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермади.
Умуман олганда, ҳужум натижасида 7 киши ҳалок бўлган. Дастлаб телеканал 4 ходим ҳалок бўлганини билдирган, кейинчалик бу рақам 5 нафарга етгани аниқланди.
Al Jazeera бош муҳаррири Муҳаммад Муаввад BBC'га берган интервьюсида аш-Шарифни “Ғазодаги ягона овоз” деб атади ва Исроил ҳукуматини халқаро журналистларни Ғазога киритмасликда, ички ахборот манбаларини қасддан чеклаётганликда айблади.
“Улар олд чизиқда эмас, чодирда турган пайтда ўлдирилди. Бу — ахборот манбаларини бутунлай бўғишга қаратилган ҳаракатдир”, — деди Муаввад.
У бу ҳолатни “замонавий тарихда кўрилмаган воқеа” деб баҳолади.