Испаниянинг «Barcelona Medical Destination» маркази мутахассислардан иборат делегация амалий сафар билан Ўзбекистонга келди.
«Дунё» АА берган маълумотга кўра, ушбу сафар Ўзбекистоннинг Мадриддаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган.
Ўзбекистонда Испаниянинг етакчи клиникалари юқори технологияли тиббиёт соҳасида ўз имкониятларини намойиш этди. Тақдимотда Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Мурод Қурбонов, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тиббий туризмни ривожлантириш бўйича вакили, шунингдек, Тиббиёт туризми уюшмаси ва Тошкентдаги йирик тиббиёт муассасалари ходимлари иштирок этди.
Испания клиникаларининг тақдимотлари Ўзбекистон томонига катта қизиқиш уйғотди. Йиғилганлар тиббий хизматларнинг нархи, визани қўллаб-қувватлаш шартлари, суғурта ва ҳамкорликнинг бошқа жиҳатлари хусусида фикр алмашдилар.
Учрашув якунлари бўйича томонлар мулоқотни давом эттириш ва ўзбекистонлик мутахассисларнинг Испаниянинг етакчи клиникаларига ўқув амалиётини ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олдилар. Бу икки давлат ўртасида тиббий туризмни ривожлантириш ва тажриба алмашиш имконини беради.