Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Исломга чақирувчилар учун ихлоснинг зарур эканлиги

Исломга чақирувчилар учун ихлоснинг зарур эканлиги

Мухлислар амаллари ила Аллоҳ розилигини ўзларининг манфаатлари, шахсий фойдаларидан устун қўядилар. Уларнинг ўзлари Исломга чақирувчилар қўшини, рисолатни кўтариб юрувчи, нубувват меросхўрларидир. Фақир, обрўси йўқ, одамлар орасида танилмаган бўлсалар ҳам, улар Исломга чақириш ила устун бўладилар, Ислом ҳам улар ила устун бўлади. Улар ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Бўлиши мумкинки, сочлари тўзиган, остоналардан қувилган банда агар Аллоҳ номи ила қасам ичса, Аллоҳ уни устун қилиб қўяди” (Муслим ривояти).

Исломни қабул қилишда биринчилардан бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яқин кишиларидан Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан имом Насаий ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда айтилишича, у киши ўзларини бошқалар олдида фазилат жиҳатидан устунроқ деб ўйлаб юрганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига: “Аллоҳ ушбу умматга унинг заифлари ила, уларнинг Исломга даъватлари, намозлари ва ихлослари сабабли нусрат беради”, – деган эканлар (Насаий ривояти). Ана шундай заиф, киши билмас, ихлосли бандаларни зикр қила туриб, Аллоҳ ўз Расулига улар билан бирга бўлиб сабр қилишга, уларнинг бирортасига нисбатан камчиликка йўл қўймасдан, икки кўзларини улардан буриб, ўрни, бойлиги, амали ила жамиятда эътиборли бўлган, обрўлар ва одамлар олдидаги ўринлари сабабли “бирор нарсага даъват қилсам, шу нарсага эришаман”, деб ўйлайдиган инсонларга қаратмасликни амр қилган. Аллоҳ айтади: “Ўзингни эртаю кеч Раббиларига дуо қилиб, Унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут. Ҳаёти дунё зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма. Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб, иши издан чиққанларга итоат қилма” (Каҳф, 28). Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида тафсири Кабирда қуйидагилар ривоят қилинади: “Қурайш раҳбарлари тўпланиб, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларига боришди ва: “Агар сенга иймон келтиришимизни истасанг, анави фақир-фуқораларни ҳузурингдан ҳайда”, – дейишди. Улар бу гаплари билан Билол, Ҳаббоб, Суҳайб ва бошқаларни кўзда тутган эди. Қурайшликлар яна: “Улар билан бир жойда бўлсак, кўнглимиз айнийди. Улар билан бирга тўпланишга алоҳида вақт тайин қилиб қўй”, – дейишди. Ана шунда Аллоҳ таоло “Ўзингни эртаю кеч Раббиларига дуо қилиб, унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут” оятини нозил қилди”.

Ўз ақидасининг жангчиси дунёвий хоҳишлар кетидан югурмайди, шуҳрат чақмоғи унинг кўзини ола олмайди, нуфуз ва обрў таъсири қалбини эрита олмайди, дунё унинг энг катта ғами ва илмининг охири бўлмайди, у дунёни ўз ўрнига қўяди, албатта дунё Аллоҳ таоло наздида пашшанинг қанотичалик қадрга эмас. Унинг энг катта ғами Аллоҳ уни солиҳ бандалари, содиқ лашкари, нажот топувчи гуруҳи орасига қабул қилишидир.

Ушбу мақсаднинг ойдин бўлиши Ислом нусрат қозониши учун амал қилувчиларга зарурий ишдир. Мақсадларнинг мақсади, ғояларнинг ғояси Аллоҳ розилиги ва У Зотнинг ҳузуридаги нарсадир. Шу сабабли амал Аллоҳ учун бўлса, улар аччиқни ширин, дин учун ҳар бир фидойиликни енгил ҳисоблайдилар.

"Ният ва ихлос" китобидан

Киритилди: 10:50 15.09.2019. Ўқилди: 2409 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!