ҲАМАС Ғазо секторида гуманитар ёрдамларни талон-тарож қилиш билан шуғулланган жиноий гуруҳларга қарши операция ўтказди. Хон Юнус ва Рафаҳда олиб борилган операция натижасида икки гуруҳга алоқадор 20 нафар қуролли шахс зарарсизлантирилди. Бу тўдаларнинг баъзилари ИШИД террор ташкилоти билан алоқада бўлган.
Маҳаллий манбаларга кўра, ушбу тўдалар Исроил аскарлари томонидан назорат қилинадиган ҳудудларда фаолият юритиб, Исроилдан пассив ёки фаол ҳимоя ёрдамини олади.
ҲАМАСнинг гуманитар ёрдам талон-торожига қарши операцияси
Исроилнинг бир йилдан ортиқ вақтдан бери давом этаётган шафқатсиз ҳужумлари фонида Ғазо секторидаги ҲАМАС ҳаракати янги таҳдидларга дуч келмоқда. Айрим жиноий тўдалар шусиз ҳам машаққат билан ўтаётган инсонпарварлик ёрдамларини талон-торож қилишни бошлади. El-Araby el-Jadeed газетасининг ёзишича, операция жанубий Ғазо минтақасида, Хон Юнус ва Рафаҳ шаҳарларида ҲАМАСнинг "Саҳм" хавфсизлик бўлинмаси томонидан амалга оширилган.
Операция гуманитар ёрдамларни мусодара қилган ва уларни оширилган нархларда сотиш билан шуғулланган икки жиноий гуруҳни нишонга олди. Маҳаллий қабилалар билан ҳамкорликда олиб борилган амалиётда ушбу гуруҳларнинг қуролланган 20 нафар аъзоси зарарсизлантирилди. ҲАМАС расмийларининг айтишича, операция бошланишидан аввал жиноий гуруҳлар Исроил ҳарбийлари билан алоқада бўлганлиги аниқланган.
Гуруҳларнинг Исроил ҳарбийлари билан алоқалари
Маҳаллий манбаларга кўра, ушбу гуруҳлар Ғазо секторининг жануби-шарқида жойлашган "Керем Шалом" назорат-ўтказиш пункти ҳудудида фаолият юритган. Бу назорат пункти Исроил армияси вақти-вақти билан инсонпарварлик ёрдамларини ўтказишга рухсат берадиган кам сонли нуқталардан биридир. Хабарларга кўра, тўдалар Исроил ҳарбийлари билан келишилган ҳолда ёрдам колонналари йўлини тўсган.
Исроил армияси ва тўдаларнинг ҳимояси
Исроил аввалроқ ҲАМАС инсонпарварлик ёрдамини ўзлаштираётганини айтган эди. Бироқ Washington Post нашрининг ёзишича, бу жиноий гуруҳларнинг икки етакчиси - Ёсир Абу Сабаб ва Шоди ал-Сўфий ИШИД билан алоқадор ва Ғазодаги можародан олдин ҳам қидирувда бўлган.
Ушбу икки етакчининг 200 дан ортиқ қуролли тарафдорлари бор. Улар Исроил назорати остидаги "Керем Шалом" назорат-ўтказиш пункти ҳудудида жойлашган бўлиб, гуманитар карвонларга ҳужум уюштириб келади. Газета келтирган БМТ ҳужжатларига кўра, гуруҳлар "Исроилнинг пассив ёки фаол ҳимояси остида" ҳаракат қилган.
ҲАМАС операцияси
Зарарсизлантирилганлар орасида ИШИДга алоқадор гуруҳлар раҳбарлари бор-йўқлиги ҳали тасдиқланмаган. Бироқ манбаларнинг айтишича, операция муваффақиятли ўтган ва Ғазо жанубидаги жиноий гуруҳлар фаолиятини сезиларли даражада заифлаштирган.
ҲАМАС минтақадаги оғир вазият ва Исроилнинг доимий ҳужумларига қарамай, инсонпарварлик ёрдамларининг талон-торож қилинишига қарши ҳаракатларини давом эттирмоқда.