Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Илон Маск дунёни тирбандликлардан халос этмоқчи. Қандай қилиб?..

Илон Маск дунёни тирбандликлардан халос этмоқчи. Қандай қилиб?..

Илон Маск Лас -Вегас яқинида туннеллар тизимини қуришга рухсат олди. У деярли 50 километр узунликдаги ерости қатнов тармоғини яратмоқчи. Бу ҳақида “Lenta.ru” хабар берди.

Биламизки, тирбанд йўлда қолиб кетган ҳайдовчи мушкул вазиятдан чиқиш учун машинасини ё “кўтариб” ўтиши ёки “ер остига олиб тушиши” керак бўлади. Маскнинг ғояси эса ҳозирча иккинчи вариантга тўғри келади.

Тадбиркорнинг ғоясига кўра, “Вегас Лооп” деб номланган тизим шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига “Тесла” автомобиллари ёрдамида ер остида ҳаракатланиш имконини беради. Бу нафақат янги дунё очади, шу билан бирга бугуннинг асосий муаммоларидан бири бўлган ер усти транспорти тирбандлигини бартараф этади.

Биринчи станция қурилиши бир неча ой ичида якунланиши керак.

Мазкур лойиҳа аслида ҳазил тариқасида бошланган эди. 2016 йил 17 декабрда Илон Маск ўз “Twitter”да шаҳардаги тирбандликдан таъсирланиб, - "...мен туннель бурғулаш машинасини йиғаман ва қазишни бошлайман" – деб ёзади.

Орадан бироз вақт ўтгач, одамларни ҳайратлантиришдан чарчамайдиган Маск мазкур ишни чиндан ҳам бошлаганини эълон қилади. Албатта, бунинг учун алоҳида компания ҳам ташкил қилиниши керак эди ва ташкил этилади ҳам. Унинг номи “The Boring Company” бўлиб, ундаги “boring” сўзи бир вақтнинг ўзида ҳам “зерикиш”, ҳам “бурғулаш” деган маънони англатади. Бу эса янада ажабланарли эди. Миллиардер бу ном орқали ҳазил билан бошланиб чинга айланиб кетган лойиҳага ишора қилгандек бўлди.

2017 йил февраль ойида “The Boring Company” мутахассислари SpaceX офиси ҳудудида биринчи чуқурни бурғулашни бошлайди.

Маълум қилинишича, Маск бу жойни бюрократик расмиятчиликка берилмаслик учун танлаган. Яъни, мулкдор ўз ҳовлисидан ўра қазиши учун бошқалардан рухсат сўрамайди. Маск ҳам айнан ана шу нарсани назарда тутиб илк қадамини ўзига тегишли ҳудудни қазишдан бошлади.

Аслида "“The Boring Company” лойиҳаси электромобилларга ўтиш ёки Марсда биринчи колония қуриш ғояси каби технологик ва қизиқарли туюлмасди. Ерни қазийвериш ҳам кишини зериктириб қўяди. Энг ёмони туннель электр уловга ўхшаб шахсий мулк эмас, у барчаники. Шунинг учун ҳам “ҳомий керак” дейилганда кўпчилик бу лойиҳага эргашавермади. “The Boring Company” 2018 йилдан бошлаб маркетинг компаниялари ёрдамида одамлар эътиборини жалб қилишни мақсад қилди.

Албатта, реклама — маҳсулотни таништириш ҳамда ҳомий топиш учун энг яхши қурол. Айни шу мақсадда, орадан тез ўтмай лойиҳа логотипи туширилган бейсбол қалпоқлари сотила бошлади. Улар шундай харидоргир чиқиб қолдики, ҳеч қанча вақт ўтмай 50 минг донаси сотилиб кетди. Ундан кейин “олов пуркагич” “ўйинчоғи” ишлаб чиқилди. Бу матоҳни яратишдан асосий мақсад тушунарсиз эди, бироқ “ўйинчоқ” одамларга ёқди.

Ана шундан сўнг “унутилган” туннель лойиҳаси кишилар эътиборига туша бошлади.

Маълумотларга кўра, туннеллар тармоғи 46 километрдан иборат бўлади. Тизимда 51 та станция барпо этилади. Улар шаҳар туманларидан бирида қурилади. Бундай тизимнинг йўловчи ташиш имконияти соатига 57 минг кишини ташкил қилиши мумкин. Қурилиш уч йил давом этади.

Туннель тўлиқ электрлаштирилади. Унда ҳаракатланадиган уловлар ҳам электромобиллардан иборат бўлади. Туннель корбонат ангидрид чиқармайди. Шунингдек, тизим ҳозирги умумий транспортларга қараганда жуда кам энергия сарфлайди.

Бундай туннеллар “Hyperloop” дея аталиб, унда келгусида умумий автоуловлар ўрнига капсулалар ҳаракатланади. Маск ҳозирда фақат хаёлда бўлган мазкур режани тахминан ўн йил олдин тасвирлаб берган эди.

Кашфиётчи герметик бўшлиқда катта тезликда ҳаракатланадиган капсулаларни ўрнатишга умид қилган, аммо ҳозирча бундай лойиҳани техник чекловлар туфайли амалга ошириш мумкин эмас.

Ҳа, айтганча, баъзи расмийлар буни аҳмоқона ғоя деб билади. Уларнинг наздида, бу сафсата, шунингдек, мислсиз пулни ҳавога совуриш ҳамда минглаб инсонларни овора қилишдан бошқа нарса эмас.

Туннель яратилганда ҳам одамлар ундан шунчаки саёҳат қилиш учун фойдаланиши мумкин. Чунки ер устидан кўра, кўплар учун ерости таксисидан фойдаланиш қизиқ. Бироқ бу қатновларнинг камайиши, тирбандликларнинг йўқолишига ҳеч қандай таъсир қилмайди.

“DDS Wireless” агентлиги маълумотларига кўра, Илон Маскнинг мазкур лойиҳаси маълум бир шаҳарда муваффақиятли бўлган тақдирда ҳам туннелларнинг шаҳар транспорт тизимига таъсири аҳамиятсизлигича қолади.

Киритилди: 05:00 25.10.2021. Ўқилди: 3089 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!