Сирдарё вилоятида ўтказилган навбатдаги йиғилишда бу борада амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий муҳокама қилинди.
Ички ишлар вазирлиги тизимини мансаб ваколатидан фойдаланиб, коррупция омилларига йўл қўяётган нопок ходимлардан тозалаш мақсадида доимий равишда назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Вазирлик Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ташаббуси билан ўтказилаётган тезкор тадбирларда эса ноқонуний хатти-ҳаракат содир этган ходимлар аниқланиб, уларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланмоқда.
Маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган ҳар бир ходимнинг вазиятига фавқулодда ҳолат сифатида баҳо берилиб, ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари ва шахсий таркиби иштирокида жойида муҳокама қилинмоқда.
Навбатдаги, ана шундай танқидий руҳдаги йиғилиш Сирдарё вилоятида бўлиб ўтди. Ички ишлар вазири ўринбосари Д.Назармухаммедов томонидан ўтказилган йиғилишда бу борада жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида вилоятда амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди.
Йиғилишда ҳар бир ходим ўз вазифасига сидқидилдан ёндашиб, тартиб-интизом асосида, садоқат билан хизмат қилиши, ноқонуний ва коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик борасида назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Хизмат фаолияти давомида намунали иш олиб бораётган, коррупцион омилларни бартараф этишда ташаббус кўрсатиб, пора таклиф қилган шахслар ҳақида хабар берган ходимларга миннатдорчилик билдирилди. Таъкидлаш жоизки, ўтган ўн ой давомида Сирдарё вилоятида 7 та ҳолатда ходимларга пора таклиф қилган шахслар аниқланиб, чора кўрилган.
Афсуски, шу билан бир қаторда хизмат вазифасига панжа ортидан қараб, белгиланган вазифаларни бажаришда сусткашликларга йўл қўяётган айрим ходимларнинг борлиги соҳага салбий таъсир кўрсатаётганлиги таъкидланди.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган ўн ойида Сирдарё вилояти ИИБ тизимида ана шундай камчиликларга йўл қўйган 96 нафар ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Иккита ҳолатда 3 нафар ходим жиноятга қўл урганлиги муҳокама қилинди.
Ўз нафсининг қулига айланган, касбига нолойиқ ходимлар томонидан содир этилган юқоридаги каби ҳолатлар, айниқса коррупцион омилларга чек қўйиш борасида бошқа вилоятларда ҳам тезкор-профилактик тадбирлар давом эттирилади.
Аниқланган ноқонуний ҳаракатлар юзасидан эса кескин чоралар кўрилиб, шахсий таркиб ўртасида муҳокамалар ўтказиш тизимли тарзда йўлга қўйилади.