Бугун 19 март, 2024 йил, сешанба

O'ZB

"ИИБ, Миллий гвардия ходимларини ҳурмат қилмайман– уларда одамгарчилик йўқ..." (охиригача ўқинг)

"ИИБ, Миллий гвардия ходимларини ҳурмат қилмайман– уларда одамгарчилик йўқ..." (охиригача ўқинг)

ИИБ, Миллий гвардия ходимларини ҳурмат қилмайман – уларда одамгарчилик йўқ...

Доим рисоладагидек, ақлли одам бўлгим келади. Аммо, негадир доим “ўхшамайди”. Кўнгил иши билан хато қилавераман.

Масалан, шу кунларда.

Бугун уйдан чиқмаслик тавсия этиляпти, 30 мартдан бошлаб вилоят марказига киришга чеклов қўйилди.

Шаҳар ичида ҳаракатланиш янада чекланишини эшитиб, ўзимча ўйладим: Ота-онам, ака-укам, яқинларим шаҳарда. Мана, икки ҳафтаки, уларни кўрганимиз йўқ. Агар, эртадан тақиқлар кучайса, яна уларни қанча вақт кўролмаймиз, номаълум!

29 март куни уйимда онам яхши кўрадиган таом тайёрланди. Рости, томоғимдан ўтмади. Соат кечки 21:00 да сабрим тугади.

– Онаси, болаларни кийинтир. Овқатингни ўраб ол, шаҳарга кирамиз!

Юқорида айтганимдек ўзимни фаришта кўрсата олмайман. Ақлдан кўра, баъзан кўнгилга бўйсуниб қўяман. Вазиятни тушунсамда, фарзандларим, ота-онам икки ҳафтаки нафақат ўзаро, балки кўчада ҳам бегона билан кўришмаганини эслаб, ўзимга таскин бердим. Ақлан, соғлом эканимизни билиб турибманку, бораману қайтаман, деб ният қилдим.

Икки яшар қизимга ҳам ниқоб тақдик.

Шаҳарга киришда ИИБ, Миллий гвардия ва яна ниқобли одамлар турибди. Йўл тўсилган.

Машинани йигирма метрча масофада қолдириб, чегарачиларнинг олдига бордим.

– Акалар, эртадан шаҳарга кириш яна қийинлашяпти. Ота-онамни кўриб келай, икки соатларда шаҳарни тарк этаман.

– Ака, пропискангиз шаҳарда бўлмаса, киритолмаймиз. Журналист экансиз, вазиятни сиз кўпроқ тушунишингиз керак, – деди ИИБ ходими.

Беш дақиқача ҳолатни изоҳладим. ИИБ Миллий гвардияга, униси бошқа ниқоблига йўналтиради. Хуллас, ШАҲАРГА КИРИТИШМАДИ!

Яна иккита пост орқали шаҳарга киришга уриндим. Бир хил гап: “Вазиятни сизлар тушунишларингиз керак!”

ИИБ, Миллий гвардия ходимларини ҳурмат қилмайман – уларда одамгарчилик йўқ... Улар менга ўхшаган бир одамнинг кўнгли билан ҳисоблашмайди. Уларни бир оиланинг шунчаки, дийдори қизиқтирмайди.

Улар ҳаммани ўйлайди!

Исомиддин ПЎЛАТОВ.

Киритилди: 23:18 01.04.2020. Ўқилди: 7453 марта. Фикрлар сони: 2 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!