Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Ҳазрати Ҳожар чўри бўлганми ёки малика?

Ҳазрати Ҳожар чўри бўлганми ёки малика?

Бу ўринда бир савол пайдо бўлади, Исмоил алайҳиссаломнинг оналари Ҳожар чўри бўлганми ёки маликами? Ҳақиқат шуки, Ҳожар онамиз Миср подшоҳининг қизи бўлганлар. Подшоҳ Сора онамизга ёмон ниятда қўл чўзган эди, бирдан ҳушидан кетиб йиқилди ва бу ҳол уч бор такрорланди. Шундан сўнг подшоҳ Сора онамизни нақадар тақводор ва соҳиби каромат аёл эканига амин бўлди ҳамда Сора онамизни ҳайбати подшоҳ қалбини эгаллади. Шунинг учун подшоҳ ўз қизи Ҳожарни Сора онамиз хизматига бериб, хизматкорларига: “Уни қаердан олган бўлсаларинг ўша жойга қайтаринглар”, деди.

Иброҳим алайҳиссалом Сора онамиз ва унинг хизматкори Ҳожарни олиб Қуддусга қайтди. Шу тарзда маълум бир вақт ўтди. Шу вақт оралигида Сора онамиз фарзанд кўрмай, ўзларини бепушт деб ўйладилар. Бу вақтда Ҳожар онамиз ҳам балоғат ёшига етиб қолган эдилар. Шунда Сора онамиз ўзларининг хизматкорлари малика Ҳожарни никоҳ учун эрлари Иброҳим алайҳиссаломга тақдим қилдилар. Иброҳим алайҳиссалом малика Ҳожар онамизга уйландилар ва у иккалаларидан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари Исмоил алайҳиссалом дунёга келдилар.

Баъзи одамлар Ҳожар онамизни чўри бўлган деб ўйлайдилар. Бунга сабаб Бухорий шарифнинг беш-олти жойида Миср подшоҳи Сора онамиз хизматига Ҳожар онамизни беришини турли лафзлар билан келиши бўлган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 “У (Сора онамиз): “Эй, Аллоҳим! Агар у ўлса, у (аёл) ўлдирди дейишади” деб дуо қилди. Шунда иккинчи ёки учинчисида уни қўйиб юборилди ва у:

“Менга шайтонни юборибсизлар. Уни Иброҳимга қайтариб, унга Ҳожарни беринглар” деди. У (Сора онамиз) Иброҳим алайҳиссаломга қайтиб:

“Сизга маълум бўлсинки, Аллоҳ кофирни расво қилиб, бир қизни менга хизматчи қилди” дедилар” (Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган бошқа бир ривоятда Сора онамиз шундай деганлар:

“У (Сора онамиз): “Аллоҳ кофир ёки фожирнинг макрини гарданига қайтариб Ҳожарни хизматга берди” дедилар (Бухорий ривояти).

Бир шубҳани кетказиш

Ҳадисда валийда сўзи келганлиги учун баъзилар Ҳожар розияллоҳу анҳо чўри бўлган деб тушинадилар. Бу тўғри эмас. Чунки валийда дегани янги туғилган қизча деганидир. Унинг саҳиҳ мафҳуми, ёш қизни хизматга берди деганидир. У қизалоқ катта бўлиб, балоғатга етгач, Сора онамиз ўзларини бепушт деб билиб, уни Иброҳим алайҳиссалом никоҳига тақдим қилдилар ва Иброҳим алайҳиссалом уни ўзларига никоҳ қилиб олдилар.

Ва яна баъзилар иккинчи ҳадисда ишлатилган “ахдама” сўзидан Ҳожар розияллоҳу анҳони чўри бўлган деб тушунишади. Ўзларига далил қилиб, хизматчи ким бўлиши мумкин, албатта, чўри-да дейдилар. Дарҳақиқат, Имом Бухорий ушбу ҳадисга биноан ихтилофга бир мавзу ясаганлар. Аслида эса, у кишилар тушунган каби эмас, балки ҳадисда ишлатилган “ахдама” сўзи Ҳожар онамизни Сора онамизга мулк қилиб эмас, хизматини қилиш учун берди, деган маънони англатади.

muslimaat.uz

 

 

 

Киритилди: 07:55 13.08.2019. Ўқилди: 11312 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!