Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

«Ҳар тепаликка бир белги бўладиган бино қуриб, беҳуда ўйин қилаверасизми?»

«Ҳар тепаликка бир белги бўладиган бино қуриб, беҳуда ўйин қилаверасизми?»

Андалусдаги Ислом давлати халифаларининг учинчиси Абдураҳмон ан-Носир 300 ҳижрий йилдан 350 йилгача ҳукмронлик қилган. У чуқур билими ва гўзал тақвоси билан танилган Мунзир ибн Саидни ўзига қози этиб тайинлади.

Абдураҳмон ан-Носир Қуртубо (Кордова) шаҳрида ўзининг ёрқин қасрини қуриб, унинг ичини кишини даҳшатга соладиган турли нақш ва безакларга ботириб ташлади. Бунинг учун ғоят кўп бойлик сарфлади, қасрга тилла ва кумуш ғиштлар билан зеб берди. Бу хабар қози Мунзир ибн Саидга етиб келди, ҳашаматли қаср сабабли у кишида қаттиқ алам пайдо бўлди. Мунзир ибн Саид тақволи, зоҳид ва солиҳ олим киши эди.

Мўминларнинг халифаси бўлган Абдураҳмон ан-Носир жума намозини ҳар доим ўз қозиси ва имоми Мунзир ибн Саиднинг олдида ўқир эди.

Бир куни Мунзир жума хутбасини Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи билан бошлади:

«Ҳар тепаликка бир белги бўладиган бино қуриб, беҳуда ўйин қилаверасизми? Ва худди мангу туражакдек «маснаълар» тутаверасизми? (Оятдаги «маснаълар» сўзи ҳозирги араб тилида завод-фабрикалар маъносида ишлатилмоқда. Од қавми улкан қасрлар қуриш, тоғларни ўйиб ишлаш ва бошқа фахр учун кўтарадиган биноларида фойдаланадиган асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарадиган ишхоналарга эга эди, «масонеълар»дан мурод ўшалар, оятда қурилишларга доир очиқ-ойдин маъно бор. «Тафсири ҳилол»).

Тутганингизда ўта жабрчи бўлиб тутдингиз. Бас, Аллоҳдан қўрқинг ва менга итоат қилинг. Сизга ўзингиз билган нарса ила мадад берган зотдан қўрқинг. У сизларга чорва ҳайвонлари ва фарзандлар ила мадад берди. Боғ-роғлар ва булоқлар ила. Мен, албатта, сизга улуғ куннинг азоби келишидан қўрқаман" (Шуаро,128-135).

Кейин яна:

«Биз учун ваъз қилсанг ҳам ёки ваъз қилгувчилардан бўлмасанг ҳам, барибир» деб айтманглар», деди.

Кейин Мунзир уй-жой қуришда ҳаддан зиёд муболаға қилиб, унга берилиб кетишдан ва бинони ҳожатдан ортиқ даражада безакларга ботириб ташлашдан, шунингдек, Аллоҳнинг олдига жўнаб кетишдан ҳамда барча роҳат ва безакларни ўзида ўраб-чулғаган яқин кунни унутмасликдан огоҳлантира бошлади. Бундан таъсирланган намозхонлар йиғладилар, уларга қўшилиб халифа Абдуроҳман ан-Носир ҳам йиғлади.

Намоз тугагач, халифа уйига қайтиб, ўғли Ҳакамга; «Мунзир устимдан кулишда қаттиқ йўлни қўллади. Билдимки, у огоҳлатириб гапирганида мен тўғримда гапирди. У одамлар олдида менга қаттиқ танбеҳ берди», – деди.

Шунда ўғли: «Уни намоз ва хутба қилиш вазифасидан бўшатиб, уни узоқлаштириш учун сизга нима тўсқинлик қилади?» – деди.

Халифа ўғлига қуйидаги сўзларни айтди. Ҳозир мен бу ерда сизларга у айтган бирор сўз ва ҳарфни ўзгартирмай гапириб бераман:

«Сени онанг борми ўзи? Мақсади бузуқ, йўлдан тойган гуноҳкор нафсни деб, аъло даражадаги илм ва фазл эгаси бўлган Мунзир ибн Саиддек одам узоқлаштириладими?! Бу бўлмайдиган нарса. Мен Аллоҳ таолонинг олдида ўзим билан У ўртасидаги намозда, тақво ва художўликда тенги йўқ Мунзир каби инсонни ёрдамчи қилмасликдан уяламан. Балки ҳаёти давомида бизга ва ҳамма инсонларга Аллоҳ хоҳласа намоз ўқиб бераверади”.

Кейин халифа ўзи қурган қасри томон бориб, ажойиб кумуш ва тилла ғиштларни бузиб, қозиси Мунзир ибн Саид қайтарган безакларни йўқ қилиб ташлади.

Manba: azon. uz

Киритилди: 22:00 23.08.2019. Ўқилди: 2690 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!