Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Гўшт нархи ошмоқда. Муаммо илдизи нимада?

Гўшт нархи ошмоқда. Муаммо илдизи нимада?

Инсоннинг яшаш учун турли эҳтиёжлари мавжуд. Эҳтиёжларнинг энг аввалида эса овқатланиш масаласи туради. Турмуш тарзимизнинг фаровонлиги ҳам аввало дастурхонларимиз тўкинлиги билан ўлчанади. Бизнинг кундалик овқатланишимиз учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатида гўшт маҳсулотлари ҳам олди ўринларда туради. Бугун истеъмол саватидаги зарур маҳсулотлардан бири гўшт маҳсулоти ва унинг нархи ошиши борасида таҳлилий фикрларни беришга қарор қилдик.

Ҳар ҳафта республикамиз вилоятларидан келаётган нарҳ-наво тўғрисидаги маълумотларда гўшт нархини ошиб бораётгани, қолаверса аҳоли ўртасидаги бу борадаги кескин норозиликлар ҳолатни аниқлаштиришни талаб этмоқда. Гўштга бўлган эҳтиёжимиз катта. Шу боис халқимиз гўшт нархи ошса бундан норози бўла бошлайди. Аммо бир мушоҳада қилиб, ўйлаб кўрсак нима учун бугун гўштнинг нархи кескин ошмоқда? Танганинг иккинчи томонига ҳам разм солишимиз керакдир балки.

Ҳар қандай маҳсулотнинг нархи ошишига маълум бир объектив ва субъектив сабаблар бўлади. Бугун айнан мана шу масалага кўзларимизни каттароқ очиб қарашимиз лозим.

Биринчидан, Ўзбекистонда бундан анча йиллар илгари яйловлар жуда кўп бўлган. Чорвани ривожлантиришнинг асосий омилларидан бири озуқага бой, маҳсулдор ерлари бор яйловлардир. Бугун яйловларнинг қисқариб кетиши, мавжудларининг эътиборсизлик сабаб озуқаси камайган ерларга айлангани айни ҳақиқат. Демак, чорвани ривожлантирадиган яйловларимиз кенгайтирилиб, қайта тикланмаса бу ҳаёт занжири каби гўштнинг нархига салбий таъсир қилувчи омил бўлиб қолаверади. Шу боис жорий йилда «Ўзбекистон Республикасининг Яйловлар тўғрисида” ги Қонуни қабул қилинди. Бу ҳам чорвачиликни ривожлантириш учун қўйилган қадамлардан бири десак муболаға бўлмайди.

Иккинчидан, мамлакатимизда яқин тарихида Давлатга гўшт етиштириб бериш учун қорамолчилик фермалари фаолият юритган. Ҳар бир туман ва вилоятдаги бу фермалар халққа гўшт етказиб берадиган асосий манбаа бўлган. Кейинчалик фермер-хўжаликлари ташкил этилиши баробарида бу фермалар ўз-ўзидан йўқолиб кетди.

Учинчидан, асосий чорва молларини таҳминан 95% аҳоли қўлида. Яъни одамлар ўзи ойлаб боқиб, семиртирган молини арзон гаровга сотишга кўнмайди. Буни ҳам тушунса бўлади. Демак, бугун гўшт етиштираётган катта куч халқимизнинг ўзи. Нарҳ-навога бунинг таъсирини алоҳида келтириш шарт эмас бизнингча... Қолган 5% фермер хўжаликлари тасарруфида.

Тўртинчидан, ўтган йили қурғоқчилик келганда халқимизни ўзи мол боқишда ем-ҳашак топишга қийналиб қолди. Бугун ҳам бозорларимизда ем нархи 2800 дан 3800 сўмгача сотилмоқда. Қорамолчилик билан шуғулланадиган фермерларнинг фикрига кўра, битта қорамолни боқиб семиртиш учун кунига энг кам миқдорда олганда ҳам 10 кг ем кетар экан. Боқиш муддати эса 3 ойдан кўп вақтни талаб этади. Биргина ем нархи билан чекланмайлик, қорамолчилик билан шуғулланаётган инсонлар меҳнатини бошидан ўтказганлар билади. Бу осон иш эмас! Ем нархининг қимматлиги, қолаверса баъзи бир туманларда топилмаслиги ҳам гўшт нархи ошиб кетаётганига таъсир этаётган яна бир омилдир.

Ўтган йилдан буён «Ҳар бир оила тадбиркор» Давлат дастури юзасидан ўз уйида чорва молларини боқиш учун юртдошларимизга кредитлар берила бошлади. Бунинг ҳам аммоси бор... Қандай дейсизми? Энг қизиғи ҳам шундаки, дастур доирасида банкдан берилаётган кредит қайсидир таъминотчига пул кўчириш билан амалга оширилади. У ерда 5 миллион сўмлик молни 10 миллион сўмга олишингиз тайин. Ёки 30% ни олиб, кредит олаётган инсонга пули нақдлаб берилади. Қараб турибсизки қорамолчиликни ривожлантираман деган инсон йўлдаёқ қароқчига учрайди. Ота-бобоси чорва билан шуғулланган, болалигидан молни боқиш ҳадисини олган инсонга банкда фаолият юритаётган, молни ипини ушламаган инсонни ақл ўргатиши шарт эмас! Айнан шу дастур доирасида бир неча бош қорамол олиб, бир оз вақтда уни нобуд қилиб қўйган юртдошлармиз талайгина. Мана бунга биргина мисол: «Шаҳрисабз шаҳар Уймовут маҳалласи, Чуқур кўчаси 50-уйда яшовчи У.Қодиров туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ариза билан мурожаат қилиб, 26 880 000 сўмга сотиб олинган зотли қорамолларнинг энг йириги касаллик туфайли нобуд бўлганлигини маълум қилган. Аниқланишича, У.Қодиров «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури асосида «Ипак йўли банки» Шаҳрисабз бўлимидан чорвачилик бўйича кредит олган ва «Шаҳрисабз томорқа хизмати» МЧЖ дан беш бош қорамол сотиб олган. Орадан икки кун ўтар-ўтмас қорамолларнинг энг йириги соғлом эмаслиги сабабли нобуд бўлган. Ветеринар врач томонидан молнинг ўлимига ундаги турли касалликлар сабаб эканлиги қайд этилган бўлсада, етказиб берувчи корхона томонидан У.Қодировга етказилган зарар қоплаб берилмаган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси томонидан истеъмолчига етказилган қарийб 6 миллион сўмлик зарар қоплаб берилиши таъминланган эди.

Бирор муаммога дарғазаб бўлиб, бонг уришдан аввал муаммонинг негизини ўрганайлик. Гўштни қиммат сотишдан ҳеч кимга наф йўқ. Биз фермерлар, гўшт етиштирувчилар томонида бўлиш ниятимиз йўқ. Истеъмолчилар учун сифатли гўшт маҳсулотлари муқобил (чўнтак кўтарадиган) нархда бўлишини истаймиз. Яъни занжир каби бир-бирига боғлиқ муаммоларимиз борлигини унутмайлик.

Гулноза Шарафова
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси,
етакчи мутахассиси

Xabar.uz

Киритилди: 15:43 18.09.2019. Ўқилди: 2130 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!