Бугун 23 июль, 2019 йил, сешанба

O'ZB

Гулнора Каримова озодликка лойиқми?

Гулнора Каримова озодликка лойиқми?

Сўнгги пайтларда яна Гулнора Каримова мавзуси трендга чиқди. Аллақандай йўллар билан тармоққа сиздирилган унинг тавбалари бирданига бировларнинг қалбини юмшатиб, опа-опа дея ностальгияга берилишига туртки бўлди.

Кейин Гулнора озодликка чиқаркан деган миш-мишлар тарқалди. Халойиқ унинг озодликка чиқишини ёқловчилар ва бунга қаршилар деган икки қутбга айрилди. Ҳозирда ушбу қутблар ўзаро баҳслашиб, Гулноранинг қамоқдан озод этилишини деярли нақд қилиб қўйишяпти гўё. Гўёки қайси томоннинг аргументллари кучли бўлса, ўша ютадигандек ва ўша томоннинг айтгани бўладигандек.

Аслида, бу масала эҳтироссиз, ақл билан ечилиши керак.

Гулнора озодликка лойиқми? Уни афв этиш мумкинми?

Гулнора Каримова ўғирлаган пуллар ўзбек халқининг ҳақи эди. У тортиб олган бизнеслар, зор қақшатган оилалар, барбод қилган тақдирлар, ташиб олиб чиқиб кетган бойликлар бадалини битта умри билан тўлаб беролмаса керак.

Лекин у ўзлаштирган пуллар ― халқники. У пулларни қайтариши керак. Турли кечирим сўрашлар, тимсоҳники каби кўзёш қилишлар орқали ўзини бечора кўрсатгани билан, хориждаги ҳисоб рақамларида қайд этилган рақамларни яшира олмайди (яширган бошқа маблағлари ҳали алоҳида мавзу).

Гулнора пулларни ҳар қандай ҳолатда ҳам қайтариши керак. Ҳозир оҳ-воҳ қилиб, қамоқдан чиққач Гавайи оролларида ўша пулларни еб ётиши Ўзбекистон имижи учун зарар, ўзбек халқи учун эса катта адолатсизликдир.

Инстаграмда дийдиё бошлаган "опа"парастлар минг чиранмасин, опаси уларга ўша офшор пулларидан чак томизмаслигини билиб қўйсинлар, агар озгина фаросатлари бўлса. Мабодо, бунинг устига яна инсофлари ҳам бўлса, шу халқнинг тузини еб туриб, унинг ҳақига хиёнат қилган аёлдан миллий қаҳрамон ва жафокаш аёл образини ясамасинлар. Бу жуда кулгили, ҳам аянчли ҳолат.

Яна ўша саволга қайтамиз: Гулнора озодликка лойиқми?

Гулнорага озодлик бериш масаласи у пулларни қайтаргач айнан суд орқали ҳал этилиши энг тўғри йўлдир. Ўзбек суд тизими учун жиддий синов палласи келяпти.

Киритилди: 11:38 27.06.2019. Ўқилди: 3552 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!