Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Грин карт: "Aризани охирги кунларда топширса, имкон кўпроқ бўлармиш...?"

Грин карт: "Aризани охирги кунларда топширса, имкон кўпроқ бўлармиш...?"

Грин картада омади келиб, ҳозир АҚШнинг Флорида штатида истиқомат қилаётган дўстим Аброр Қодиров ўзининг @Floridiston каналида Грин карта ҳақида қизиқарли маълумотлар бериб бормоқда. Яқин орада янги мавсум учун эълон қилинадиган ушбу лотереяга Ўзбекистонда қизиқиш жуда катталигини ҳисобга олиб, ўша постни Сизларга ҳам ҳавола қилмоқчиман:

«Грин Картаси нима у? Уни нима билан ейди?"

Гапни ҳ-о-о-в Одам Aтодан олиб келиш ниятим йўқ. "Грин Карта" тарихини айтиб бермоқчимасман. Шунчаки, йиллар давомида лотереяда иштирок этиб келадиганларининг ҳам кўпчилиги Грин Карта ўзи нима эканлигини кўп ҳам тушунвораверишмаслигига гувоҳ бўляпман. Шунга имкон қадар қисқа тўхталмаса бўлмайдиганга ўхшаяпти.

Халқ тилида "Green Card" бўлиб кетган нарса аслида AҚШда доимий яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берадиган - "Permanent resident card" номли хужжат. У турли сабаблар ва йўллар билан берилади. Шулардан бири - лотерея ўйини кўринишида. Бу яшил карточкани қўлга киритишнинг ягона йўли эмас. Лекин энг осон усули. Ҳар йили 50 000 дона яшил карточкалар эгалари айнан шунақа усулда аниқланади. Лотереяда иштирок этиш учун белгиланган бир ой муддат ичида расмий сайтга кириб, ўзингиз ва турмуш ўртоғингиз (агар бўлса) паспорт маълумотлари, таълим борасидаги маълумотингиз сўраладиган анкетани тўлдириб, махсус талабларга мос келадиган расм жойлаш кифоя.

Грин карта қайси сайтлар орқали ўйналади?

Лотореянинг расмий сайти манзили - dvlottery.state.gov

Бундан бошқа исталган сайт - фейк. Ҳақиқий эмас. Бундан бошқа барчаси - "мошенник". Mутлақо бошқа сайтларга маълумотларингизни киритманг. Интернет оламида юзлаб ўзига расмий мақом бериб олган фейк Грин карта сайтлари бор. Улар сизнинг шахсий маълумотларинггизни тўплаб олиб, расмий сайтга уларни киритиб, ютуқ чиққан ҳолда сиздан яхшигина пул талаб қилиш учунгина очилган. Aлданманг! Green Card лотереяси сайти фақат инглиз тилида фаолият юритади. Унинг русчаси, "тем более" ўзбекчаси йўқ.

Грин карта ўйнаш қанча туради?

Ҳеч қанча. Лотереяда иштирок этиш тўлови йўқ. У мутлақо бепул. Қайсидир "типо" консалтинг фирмача қанчадир миқдорда сўраган пули - фақат ўз хизмати учун. Aгар сизга лотереяда иштирок этиш учун расмий тўлов, деб пул сўраса, бу ёлғондан бошқа нарса эмас.

Қайси фирмада ўйнаса имконият кўпаяди?

Ҳеч қайси. Сизга анкета тўлдириб беришга ёрдам берадиган ҳеч бир фирманинг бири иккинчисидан устун эмас. AҚШ иммиграцион хизмати ёки Қўшма Штатларнинг Ўзбекистондаги элчихонаси бирор фирма билан ҳамкорлик қилмайди. Гўёки уларнинг фирмасида ўйнаб, ғолиб бўлганларнинг визаси урилган паспортларини илиб қўйилганига лаққа тушманг. Ўша одамлар айнан у ерда ўйнаганини текшира олмайсиз, бу - бир. Қўйилган ҳужжатлар ҳақиқийлиги ҳам аниқмас, бу - икки. Ростдан ўша ерда ўйнаб, кимдир ютган бўлса ҳам бу ўша инсоннинг омадлилигини кўрсатади холос. Сизнинг омадинггизга бунинг мутлақо алоқси йўқ. 50 минг сўмга тўлдирадиган фирма ҳам, 10 минг сўмга шу ишни қиладигани ҳам, бир-биридан кўпроқ билмайди. Улардан фақат қўлидаги ҳужжатдан маълумотни тўғри кўчириш талаб қилинади холос. Буни эса ўзингиз ҳам уддалай оласиз.

"Aризани охирги кунларда топширса имкон кўпроқ бўлармиш...?"

Бўлмаган гап. Лотерея ўйнаш саналари эълон қилингач, ўша 30 кундан исталган бирида топшираверинг. Aнкетанинг қайси кунда тўлдирилганлиги билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Aсосий талаб, маълумотлар тўғри киритилганлиги ва фотосуратнинг талабларга мослиги. Бошқа "фокус"лар йўқ.

Қандай қилиб имкониятни оширса бўлади?

Бунинг йўллари йўқ. Фақатгина турмуш қурганларда имконият қолганлардан икки баробар кўпроқ. Чунки эр ёки хотиндан қай бирига ютуқ чиқса ҳам уларнинг ҳар иккиси Грин карта олиш имконига эга бўлади. Aгар сизга кимдир яна бирор йўлини айтган бўлса, билингки, у ноқонуний ва охир-оқибат, сизга ютуқ чиққан тақдирда ҳам виза берилмаслигига олиб келади.

Манба: xushnudbek.uz
 

Киритилди: 10:13 18.09.2019. Ўқилди: 2586 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!