Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Француз классикаси. «Бовари Хоним» – ўлимга етаклаган ҳаётий лаззат

Француз классикаси. «Бовари Хоним» – ўлимга етаклаган ҳаётий лаззат

Француз аёлининг зиддиятларга тўла ҳамда зерикарли, қониқарсиз ва ниҳоят фожиали ҳаётини тасвирлган асар – «Бовари хоним» асари 1856 йилда нашр этилди. Асар Густав Флобернинг илк романи бўлиб, чоп этилган йилиёқ турли қаршиликларга учради. Асарга ахлоқсизликни тарғиб этиш воситаси сифатида қаралди ва уни худди шу мазмунда қоралаб чиқишди. Бу эса акс таъсир кўрсатиб, салбий маънода бўлса-да романнинг шуҳратини кенг тарқалишига олиб келди. Асарнинг реализм йўналишига қўшган ҳиссаси унинг адабиёт тарихидаги ўрнини мустаҳкамлади. «Дарё» француз адабиётининг дурдонаси ҳақида ҳикоя қилади.

Сюжет

Асардаги воқеалар Франциянинг шимолий қисмида, Нормандиянинг Руэн шаҳри яқинида бўлиб ўтади. Асар қаҳрамони Чарльз Бовари – уятчан, ғалати кийинган ўспирин бўлиб, асар Чарльзнинг янги синфга келиши ва синфдошлари томонидан масхара қилиниши саҳнаси билан бошланади. Чарльз иккинчи даражали тиббиёт даражасига кўтарилиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилади ва натижада Соғлиқни сақлаш хизматига ишга киради. У онаси танлаган ёқимсиз, аммо бой бева аёл Хелисе Дубукка уйланади ва Тотес қишлоғида яшай бошлайди.

Бир куни Чарльз тиббий хизмат чоғида маҳаллий фермер хўжалигига ташриф буюради ва беморнинг қизи Эмма билан учрашади. Эмма – гўзал, ўзгача кийинган, монастирда таълим олган ёш аёл эди. У машҳур романларни ўқигач, бундан илҳомланиб, ҳашаматли ва романтик ҳаёт тарзига интилишга мойил бўлиб қолган эди. Чарльз тез орада уни ўзига жалб қилади ва уни кўриш учун беморнинг олдига тез-тез ташриф буюра бошлайди. Бироқ унинг рафиқаси Хелисе рашк қила бошлагач, бу ташрифларга чек қўйилади.

Хелисе кутилмаганда вафот этгач, Чарльз Эмма билан жиддий муносабат ўрнатиш учун пайт пойлай бошлайди ва ниҳоят қизнинг отаси ўз розилигини бергач, Эмма ва Чарльз турмуш қуради.

Роман марказида Эмма образи туради. Маълум муддат ўтгач, Эмма ўз турмуш тарзи ва ҳаётидан зерика бошлайди ва бу тарзда яшаш унинг учун маъносиз бўлиб қолади. Чарльз рафиқаси ўзгариш истаётганини тушуниб етгач, оилани Ёнвиллга кўчиради. У ерда Эмма қизи – Бертни дунёга келтиради. Орадан бир мунча вақт ўтгач, Эмма ақлли, ёш йигит – Леонни учратиб қолади ва унга кўнгил қўяди. Леон Эмманинг адабиёт ва мусиқага бўлган қарашларида ҳамфикр эди ва шу тариқа унинг ҳурматига сазовор бўлган эди. Ўзининг вафодор хотин ва она сифатидаги қиёфасини сақлаб қолишни истаган Эмма ​​Леонга бўлган туйғуларига эрк бермайди. Аксинча, у Чарльзга бўлган нафратини ичига яширади ва унинг фазилатлари ҳақида ўйлаб таскин топади. Леон Эмманинг меҳрини қозонишдан умидини узгач, ўқишни давом эттириш учун Парижга жўнаб кетди.

Эмманинг кейинги романтик муносабатлари бадавлат ер эгаси Рудолф Буланжер билан содир бўлади. Рудолф Эммага кўз ташлаган чоғидаёқ, уни осонликча йўлдан оздиришини тасаввур қилган эди. Ростдан ҳам Рудолф учун бу иш қийин кечмайди. Романтик ўй-хаёлларга берилган Эмма ўз жонини хатарга қўйиб бўлса-да, Рудолф билан хатлар алмашади ва ташрифлар уюштиради. Тўрт йил давом этган ушбу муносабатлардан сўнг Эмма Рудолфдан биргаликда қочишларини талаб қилади. Рудолф ушбу режани амалга ошириш учун унча ҳам иштиёқманд эмас эди. У қочиб кетишлари режалаштирилган кун арафасида Эммага мазмуни узр сўрашдан иборат бўлган хат жўнатади ва муносабатларни узил-кесил тўхтатади.

Валтер Скот романи асосида яратилган операда бўлган Эмманинг эҳтирослари қайта уйғонади ва у энди Руанда ўқиган ва ишлаётган Леон билан яна учраша бошлайди. Чарльз Эмма фортепианодан сабоқ олаётганига ишонган бир пайтда Эмма ҳар ҳафта Леон билан учрашиш учун шаҳарга саёҳат қилади. Ушбу муҳаббат аввалига завқ бағишлаган бўлса-да, Эмма ҳаддан зиёд ҳиссиётчан бўлгани туфайли Леоннинг ундан кўнгли совий бошлайди. Эмма ҳам Леонга бўлган муносабатларини тушунолмай, иккиланиб қолган эди.

Бу орада Бовари хоним анча қарзга ботади. Қарзини қайтаришларини сўрашганда Эмма бир неча кишидан, жумладан, Леон ва Рудольфдан пул сўрайди, аммо улар рад этади. У умидсизликка тушиб, заҳар ичади ва натижада азобли ҳамда аянчли ўлим топади. Шундоқ ҳам юраги эзилган Чарльз Рудольф ва Леоннинг Эммага жўнатган муҳаббат мактубларини топгач, бутун умр қайта тиклана олмайдиган руҳий тушкунликка тушиб қолади. Унинг вафотидан сўнг қизи Берт қашшоқ холаси билан яшай бошлайди.

Реализм. Жамият тартиблари. Романтика «ўлими».

Эмма ким? Жамиятдаги ёзилмаган қонунларга ҳамда китобларда ёзилган маслаҳатларга бирдек амал қилмоқчи бўлган, ўз бахтини мана шу тарзда бировлар кўрсатган йўл орқали қурмоқчи бўлган образ. Эмма Бовари – қурбон. Уни нима ҳалок этгани эса ҳақиқий масала. Бовари Хоним нуфузга, бойликка ва ҳашамга, шунингдек, китобларда тасвирланган романтика ҳамда бахтга интилишга уринган минглаб қурбонлардан бири эди, холос. Густав Флобер «Бовари хоним бу – мен», деганида бир пайтлар ўзининг ҳам жамият иллатларини орзу қилишга лойиқ фазилат, китоблардаги хаёлотни эса амалга ошириш керак бўлган реаллик, сифатида кўрганини назарда тутгандир, эҳтимол…

Чарльз рафиқасига ҳамма нарсасини беришга тайёр турса ҳам, Эмма уни зерикарли инсон сифатида кўришдан тўхтамайди. Заиф қалбга эга Чарльз муносабатлар калити ўзингни фидо эта олишингда, деб тушунар эди. Аксинча, у ўз тобелиги ва ожизлиги билан эмас, балки устунлиги, қизиқишлари, имкониятлари билан муносабатлардаги ўрнини белгилаши лозим эди. У ўзининг Эмма фидо бўлишига арзигулик хислатларга эга эканини намойиш эта олганида эди, эҳтимол Эмманинг кўзига ҳар қандай бегона чиройли бўлиб кўринмас эди. Ўз ичида доим «бегона»ни сақлай олмаган, ҳар куни ўзининг янги қиррасини кашф эта олмаган Чарльз бора-бора зерикарли турмуш ўртоққа айланишга маҳкум эди.

Асар бугунги кунгача ўзининг реализм адабиётида турган ўрнини сақлаб келмоқда. Флобер нега айнан реализмни танлади? Флобер яшаган даврда асарларда романтизм улуғланарди (Эмма ўқиган машҳур китоблар романтизм даврига тегишли адабиётлар эди). Аммо ҳиссиётларнинг кўкка кўтарилиши ва уларни барча нарсадан устун қўйилиши реал ҳаётда фожиага олиб келиши ҳеч гап эмас. Инсоний ҳислар тафаккурдан ёки билим ҳиссиётдан устун қўйилмаслиги лозим. Иккала ҳолда ҳам инсон ҳаёти зиддиятларга тўлади. Флобер мана шу зиддиятларни очиб берди. Гўзаллик, муҳаббат, ишқ – буларнинг барчаси гўзал, аммо уларнинг ортида турган хатарни эътиборсиз қолдириш асло мумкин эмас.

Севгини илоҳийлаштириш ундан юз ўгиришга сабаб бўлиши мумкин. Эмма қалбида севгига оид ҳислар мавжуд эди, аммо улар абадий эмасди. Бир неча марта муҳаббат дардига йўлиққан Эмманинг охир тақдири ўз жонига суиқасд билан якунланди. Аммо у севгини оддий қабул қилганида, ўз ҳисларига тамомила эркинлик бериб, мукаммал бахтни ҳис қилишга уринмаганида, мукаммал бахтсизликка йўлиқмаган бўларди, балки? Флобер ўзининг мактубларининг бирида айтади: «Эмма ўқиган романтик китоблар бўлмаганида, унинг тақдири бу қадар ачинарли ҳолга келмаган бўларди». Демак, Эмманинг тақдири у муҳаббатни барча нарсадан устун кўрганида, хаёлотга берилиб, реалликдан бехабар қолганида экан-да?

Унинг муҳаббати бирон марта ҳам охиригача етмаганига сабаб сифатида жамият ва одамларни ҳам келтириб ўтишимиз мумкин. Хаста жамиятдаги муносабатлар ҳам иллатларга тўла бўлади. Турмуш ўртоғидан топмаган муҳаббатни қидириш Эммани бир неча марта турли ишқ йўлларига элтди. Буларнинг барчаси соф инсоний туйғуларга эргашиш эмас, балки китобларда кўрсатилган бахтни топишга уриниш ёки турмуш ўртоғидан топмаган бахти туфайли йўлда учраган бегонадан бу меҳр-муҳаббатни кутиш эди. Унинг тез севиб қолиши сабаби ҳам, ушбу муносабатлар ижобий якун топмаслигининг ҳам сабаби шунда эди.

Ҳар қандай асарнинг буюклигини исботловчи омиллардан бири унинг вақт ўтиши билан ўз қадрини йўқотмаслигидадир. Замон ўзгаргани сайин, асарнинг ҳам турли талқинлари туғилаверади… Ўз даврида асарни иллатларни ёйишда айблашган бўлса, маълум вақт ўтиб, буржуазиянинг танқиди сифатида кўра бошлашди. Кейинчалик эса ҳаёт реаллиги ва китобий тасаввурлар қарама-қаршилиги, романтизм даври тугаб, реализм даври бошланаётганига алоҳида урғу берила бошланди. Йигирма биринчи аср инсонлари эса асарни жамиятдаги тартиблар томонидан кишанланган аёл томонидан туриб, таҳлил эта бошладилар. Қарашлар ўзгаргани, инсоният ўзини янгилаб боргани сайин асар мазмуни янги қирралардан туриб кашф этилмоқда. Келажак ушбу дурдонага қандай баҳо бериши эса ҳозирча бизга номаълум…

Киритилди: 10:51 12.04.2021. Ўқилди: 6545 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!