Бугун, 31 март куни Фарғона халқаро аэропортидан Туркиянинг Истанбул шаҳрига «Ўзбекистон ҳаво йўллари» нинг HY277 рақамли рейси билан илк парвоз амалга оширилди.
Аирбус A320 Neo ҳаво кемаси бортида 132 нафар йўловчи соат 8:50 да Истанбулга учиб кетишди. 5 соат 40 минут давом этадиган парвоз якунида самолёт Истанбул халқаро аэропортига қўнади.
Ушбу парвозни амалга оширган самолёт бугун Туркия соати билан 14:00 да Истанбулдан қайта Фарғонага HY278 рақамли рейс билан қайтади ва соат 20:50 да Фарғона халқаро аэропортига етиб келади.
Фарғона вилоятининг Туркия билан тўғридан ҳамкорлик муносабатлари кун сайин янги босқичга кўтарилмоқда. Фарғона-Истанбул-Фарғона йўналишида парвозларнинг йўлга қўйилиши ҳам инвестиция, савдо-сотиқ, туризм ва бошқа кўплаб соҳалардаги алоқаларни кучайтириши шубҳасиз.
Ўз навбатида дунёнинг етакчи авиакомпанияси –«Турк ҳаво йўллари» («Turkish Airlines») ҳам Истанбулдан Фарғонага тўғридан тўғри рейсларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.