Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Фарғонада қайнота келинини сўйиб ташлади

Фарғонада қайнота келинини сўйиб ташлади

Одатда, қайнота аҳли келин бўлмишга қайнонасига нисбатан меҳрлироқ, юмшоқроқ муомалада бўлади. Чунки, кексайганида доимий суянчиқ бўладиган шу келини бўлади, деб ўйлайди-да.

 Аммо тез-тез қайнона-келин можаросини эшитиб юрсакда, бироқ қайнота-келин можаросини энди эшитишимиз. Қолмишига, ушбу ҳолат ўлим билан тугалланиши янада даҳшатли бўлди.

Данғара туманида яшовчи Рустамжон Соҳибовнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) хонадонида сўнгги вақтларда келини Дилдора кўп гап қайтарадиган, ҳадеганда аразлаб онасининг уйига кетиб қолаверадиган одат чиқарди.

Ўша куни эрталаб эр-хотин нонушта қилиб ўтирганида, негадир келини хонасидан чиқмади. Ҳатто 3 нафар боласини ҳам ташқарига чиқартирмади. Қайнонаси нонуштага чорласа ҳам ичкарида ётаверди. Эр-хотин ўғли Рустамжонни ишга кузатиб, дастурхон йиғиштирилгач, ичкари хонадан келини Дилдорахоннинг 9 ёшли боласига қарата “Бувингни айтганини қилмайсан, мени айтганимни қиласан, нонушта тайёрла!” деган буйруғини эшитганида ҳам Рустамжон ўзини босди. “Келин-да, яна уришгиси келиб турибди, шекилли” деган хаёлда парво қилмади. Рустамжон хотини билан уй ишлари билан андармон бўлиб юраверишди.

Нонуштасини қилиб бўлган келини яна хонасига кириб, ётиб олди ва чамаси, ухлай бошлади. Рустамжон бу ҳолатни сезсада яна индамади. Ҳовлидаги ишлардан чарчаб, сўрида ёнбошлаб ётган Рустамжон тушлик бўлганини билиб,  келини Дилдорага “Тушликка овқат қилинг” дегандики, келини унга бақрайиб туриб “Овқат қилмайман!” деган терс жавобни берди.

Қайнота яна индамади. Тушликка овқатни хотини тайёрлади. Келини яна ташқарига чиқмади.

Шу тариқа кеч бўлди. Бу вақтда Рустамжоннинг хотини “Онамникига бир чиқиб келай” деб ота уйига чиқиб кетди. Келини эса ҳовлига чиқиб, ўз кирларини юва бошлади. Рустамжон намоз ўқишга тутинди. Ташқарига чиққандики, кутилмаганда Дилдора қайнотасига рўбарў келди-да, “Уйимга кетаман. Ўша ерда дориларни олиб, даволаниб келаман” деб қолди. Бу гап қайнотаси Рустамжонга анча оғир ботди. Рустамжон келинига “Қайнонангиз чиқса, рухсат сўраб бораверасиз” деган гапни айтди. Бундан жаҳлланган келини дарҳол қўл телефони орқали ишдаги эрига қўнғироқ қилди ва уйга чақирди. Эри ишдалигини, ҳозир боролмаслигини айтди, чоғи, Дилдора бор овози билан  келмаса, ўша ерда қолиб, уйга қайтиб келмаслигини айтиб, эрига жавради. Келинининг бу тахлит жавраши Рустамжонга ёқмади ва унга кеч бўлганда кетмаслигини, дориларни шу ерда ҳам олаверишини айтишга мажбур бўлди. Бироқ келини сўкиниб, бу хонадонда эркак йўқлигини, камчиликларни қилиб бермаётганликларини айтиб, яна жаврашни кучайтирди. Ва кейин қайнотасига қарата кўчага чиқиб, кийимларини ечиб, “Қайнотам тегажоқлик қиляпти, номусимга тегди” деб айтаман деб, туҳмат қила бошлади. Мана шу гап Рустамжоннинг жон-жонидан ўтиб кетди. Ахир келинининг учта боласи бор, шу кунгача Рустамжон келинининг қилғиликларига чидаб келаётганди, мана буниси тамомила ошиб тушди, унингча.

Ўзини босган Рустамжон биринчи галда набираларига телевизори бор хонага кириб, телевизор кўриб туришларини тайинлади. Келини Дилдора жаврай-жаврай хонасига кириб кетган, Рустамжон пичоқ бориб суякка қадалди, деб ўйлаб, қассобчилик қилиб юрганида ишлатадиган пичоғини қўлига олди-ю, келинининг ортидан унинг хонасига кирди. Дилдора болалар хонасида турган экан. “Қаерга кетасан, ким сенга жавоб берди, нимага менга туҳмат қиласан?” деб Рустамжон Дилдорага қўлидаги пичоқни кўрсатди. Сўнг келинига уйдан чиқиб кетса, ўлдириб юборишини айтиб, таҳдид қилди.

Рўпарасида пичоқ тутганича важоҳат билан қайнотаси турганига ҳам паво қилмаётган Дилдора эса “Ўлдириш қўлингдан келмайди…” дея қайнотасини ҳақорат қилди…

Пичоқни ошхона токчасига қўйиб, ҳовли юзасига чиққан Рустамжон эгнидаги кўйлагига қараган эди, кўйлагини олдилари қонга бўялганини кўриб, кўйлагини ечиб, тандирни олдига ташлади. Уйга кириб, шимини қараган эди, шимига ҳам қон текканлигини кўриб, шимини ечиб, бошқа уст-бошларини кийиб олди.

Сўнг сўрида турган телефони орқали ўғилларига телефон қилиб, уларни чақирди. Лекин у келини Дилдорани ҳақоратларига чидай олмай сўйиб ташлаганини   айтмади.

Яқинда жиноят ишлари бўйича Данғара туман суди юқоридаги қотиллик жиноятини кўриб чиқди.

Суд жараёнида судланувчи Р.Соҳибов ўзига нисбатан эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрор ва пушаймон бўлиб, келини Д.Соҳибова ҳаётлик пайтида бирор марта тегажоқлик қилмагани, қилмишига пушаймонлиги, ўзига нисбатан қонуний енгиллик берилишини сўради.

Судда жабрланувчининг қонуний вакили Ҳокимова Омина Арипходжаевна марҳума Д.Соҳибова қизи бўлишини, куёви Соҳибов Равшанбек Рафиқжоновични куёв қилишидан олдин масжидда имомга шогирдлик қилиб юрганида иймонлик, эсли, ҳушли эканлигини кўриб, унга қизи Д.Соҳибовани бергани. Қизи илгари қайнотаси Р.Соҳибов билан муносабати яхши бўлганлиги. Лекин охирги 2-3 йил ичида қизи қудалар камбағалдан чиққан эканлигини айтиб, нафсониятига тегаётганларини айтиб, ҳасрат қила бошлагани. Қизи Д.Соҳибовага оиласи бузилиб кетмасликни ўйлаб, сабр қилишини айтиб, юравергани. Агар озгина бўлса ҳам қайнотаси уни ўлдиришини билганида, қизини уйига олиб келиб олган бўлишини. Қизини қайнотаси унга нисбатан ҳирсий муносабатга бўлганлиги ёки ўрталарида бирон-бир жинсий яқинлик бўлганлиги ҳақида айтмагани. У қизини охирги маротаба ўлимидан 1 кун аввал уйига келган вақтида кўрганлиги. Ўшанда қизида бир ҳафтадан бери қон босими ошиб турганлиги ва асаблари жуда ҳам таранг ҳолатда юрганлиги. Шу сабабли Данғара тумани марказидаги шифохонада невропатологга учраганлиги, шифокордан чиқиб, ёнига келганлиги. Қизи билан бирга ўша куни тушлик қилиб, гаплашиб ўтирганлиги. Шу куни қизи нимагадир сиқилиб кетаётганлигини айтиб, 3-4 кун шу ерда қолишлигини сўраганлиги. Лекин у уни уйига жўнатиб юборганлиги, қизини ўлдирилишига нима сабаб бўлганлигини билмаслигини. Чунки, қизини бетга чопадиган ва қайнотаси билан юзма-юз туриб уришадиган одати йўқлиги. Набираси Муслимахондан эшитиши бўйича, ўша куни қизи уйга кетиб, даволаниб келаман деганида, қайнотаси бунга рухсат бермаганлиги ва шуни оқибатида ўрталарида жанжал келиб чиққанлиги. Бунинг натижасида қайнотаси унга бақириб ташлаган эканлигини. Шундан сўнг қайнотаси набираларини телевизор бўлган уйга киргазиб юбориб, ўзи эса ҳовлининг болалар ётоқхонасида қизи билан уришиб, ўша ерда пичоқ билан ўлдирган эканлигини. Набиралари қизини бобоси қай тариқа ўлдирганлигини ўз кўзлари билан кўришмаган эканлигини. Чунки, улар бу пайтда телевизор бор уйда ўтиришган эканликларини билгани. Ҳозирда набиралари судланувчи Р.Соҳибовни хонадонида улғаяётганлари, куёвини ҳурмати юзасидан судланувчи Р.Соҳибовни кечиргани, унга нисбатан моддий ва маънавий даъвоси йўқлигини баён қилди.

Суд ҳайъати судланувчи Р.Соҳибовга жазо тури ва унинг миқдорини тайинлашда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарори тушунтиришларига амал қилиб, жазони оғирлаштирувчи ҳолат мавжуд эмаслигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлигини, айбига тўлиқ иқрор ва пушаймонлигини, жабрланувчининг оғир хақорати сабабли ушбу жиноятни содир этганини, жабрланувчининг қонуний ваклини унга нисбатан даъвоси йўқлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида ҳамда Р.Соҳибов томонидан содир этилган қотиллик усулини эътиборга олиб, ўзи айбланган модда санкциясида назарда тутилган энг кам жазони тайинлашни лозим топди. Ва 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

 

Ҳаётбек СОТВОЛДИЕВ, Фарғона вилоятининг жиноят ишлари бўйича Данғара туман судининг раиси.

Киритилди: 10:22 04.03.2021. Ўқилди: 11011 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!