Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Фарғонада ноҳақ айбланган ака-сингил оқланди

Фарғонада ноҳақ айбланган ака-сингил оқланди

Маълумки, сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга кўтарилди. Бу эса, айниқса, судларнинг оқлов ҳукмлари ва ажримларида яққол намоён бўлмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Фар­ғона вилоят судининг кассация инстанциясида кўриб чиқилган, Ўзбекистон туманида яшовчи тадбиркор ака-сингил Сайдали Мухторов ва Мунтазамхон Мухтороваларга оид жиноят иши ҳам бу фикр­нинг ёрқин исботидир.

Айтиш керакки, ака-сингил тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келишган. Яъни Сайдали тумандаги «AL IM­RON FAYZ» хусусий корхонаси раҳбари, Мунтазамхон эса, корхона иш юритувчиси сифатида фаолият олиб борган. Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон тумани судининг 2019 йил 4 ноябрдаги ҳукмига биноан, Мунтазамхон Мухторова 2014 йил октябрь ойида акаси Сайдали Мухторов билан ўза­ро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, Ўзбекистон ту­мани Файзобод қишлоғида жойлашган «Эргашали Турсунов Нурсух» хусусий корхонасига қарашли 4-сонли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасини фуқаро Эргашали Турсунов билан 25 000 АҚШ доллари (75 000 000 сўм) га сотиб олишга келишади. Келишувга кўра, ака-сингил Мухторовлар мулкнинг пулини 3 кун муддатда тўлашга ваъда беришади.

Шу тариқа улар Э. Турсуновнинг ишончига кириб, корхона гувоҳномаси, низоми, муҳри ҳамда ёқилғи қуйиш шохобчасининг бино ва иншоотлари кадастр ҳужжатларини корхона фаолияти тўғри эканини текшириб кўриш учун олиб кетишади.

Шундан сўнг — 2018 йил май ойига қадар келишилган пулнинг 25 000 000 сўмини турли кўринишларда беришади, холос. Сўнгра Эргашали Турсуновнинг ўғли Убайдулло Турсунов номидан гўёки шохобчанинг келишилган 75 000 000 сўм пулидан 57 300 000 сўмини олгани ҳақида тилхат ёзиб, У. Турсуновнинг имзосини қалбакилаштиришади.

Бундан ташқари Мунтазамхон 2018 йил 9 март куни акаси С. Мухторов билан «Эргашали Турсунов Нурсух» хусусий корхонасига тегишли муҳр ва ҳужжатлар ўзларида эканлигидан фойдаланган ҳолда хусусий корхонага Сайдали Мухторовни раҳбар этиб тайинлаш тўғрисидаги қалбаки йиғилиш баёни ҳамда корхонани қайта рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги аризасини тайёрлашади.

Айни ҳужжатларга ҳам У. Турсуновнинг имзоларини сохталаштириб қўйиб, Ўзбекистон тумани «Ягона дарча» марказига тақдим этишади. Натижада 2018 йил 12 март куни С. Мухторовни корхона раҳбари сифатида, АЁҚШ бино ва иншоотларини ҳам корхона мулки сифатида низомига киритган ҳолда корхонани қайта рўйхатдан ўтказишга эришишади. Бу билан ака-сингил ўзганинг кўп миқдордаги — 75 000 000 сўмлик мулкини ва мулкка бўлган ҳуқуқларини қўлга ки­ритиб, фирибгарлик жиноятини содир этишади.

Бинобарин, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Суд эса, М. Мухторовани Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-кисми «а», «б»-бандлари, 228-моддаси 2-қисми «а», «б»-бандлари, 228-моддаси 3-қисми билан, С. Мухторовни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а»-банди, 228-моддаси 2-қисми «б»-банди, 228-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топиб, қонуний жазо тайинлайди.

Аммо Мунтазамхон Мухторова суд ҳукмидан норози бўлиб, кассация тартибида шикоят билан мурожаат қилади. У ўз шикоятида би­ринчи босқич суди томонидан айбсизлиги ҳа­қидаги важлари текширилмасдан ноқонуний ҳукм чиқарилганини маълум қи­либ, оқлов ҳукми чиқаришни сўрайди.

Жиноят-процессуал кодексининг 95-моддасида далиллар жиноят иши учун аҳамиятли бўлган мавжуд ҳолатлар ҳақидаги хулосаларни тасдиқловчи, рад этувчи ёки шубҳа остига олувчи фактлар ёки нарсалар тўғрисидаги маълумотларни акс эттирган тақдирдагина ишга алоқадор деб эътироф этилиши, 455-моддасида эса, ҳукм қонуний, асосли ва адолатли бўлиши шартлиги, суд ҳукми фа­­­қат суд муҳокамасида текширилган далиллар билан асосланиши лозимлиги кўрсатилган. Бироқ биринчи инстанция суди ишни кўришда Мунтазамхон Мухторова ва Сайдали Мухторовларнинг эълон қилинган айбловга умуман иқрор бўл­масдан, айби йўқлиги ҳа­қида важлар келтириб, оқ­лов ҳукми чиқариш ҳақи­да­ги кўрсатмаларига етарлича баҳо бермай, уларнинг важларини синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқмасдан, суд ҳукмида кўрсатилган жиноятни содир қилганлигини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган далиллар Жиноят процессуал кодексининг 95-моддасига мувофиқ ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозимлиги, агар иш бўйича жиноят содир қилганликда бир неча судланувчилар айбланаётган бўлса, суд ҳукмида ҳар бир судланувчига нисбатан далиллар келтириши ва таҳлил қилиб чиқиши ҳамда хулоса қилиши зарурлиги ҳа­қидаги қонун талаблари ва Пленум қарори тушунтиришларига риоя қилмаган.

Кассация суди мажлисида аён бўлишича, Убайдулло Турсунов 2012 йилдан бошлаб бир неча маротаба М. Мухторовадан қарзга пул сўраган. Шу боис Мунтазамхон баъзан нақд пул берган, айрим ҳолларда ўз корхонасининг ҳисоб рақамидан У. Турсунов айтган ҳи­соб рақамларга пул ўтказиб берган.

Натижада Убайдулло 2014 йилга келиб, ундан 14 000 000 сўм атрофида қарз бўлиб қолган. Лекин қарзларини қайтармаган. Бинобарин, М. Мухторова қарздорнинг отаси Эргашали Турсунов билан учрашиб гаплашган. Шунда Э. Турсунов ўзига тегишли «Эргашали Турсунов Нурсух» корхонасига қарашли 4-сонли АЁҚШни сотиб, ўғ­лининг қазларини қайтаришини айтган.

Кейинчалик эса, Мунтазамхоннинг ўзи АЁҚШни сотиб олишга келишган.

Яъни Убайдуллонинг қарзларини чегириб, «Эргашали Турсунов Нурсух» хусусий корхонасининг солиқдан бўлган қарзларини тўлашга ва қолган пулни беришга келишган.

Шундай бўлган ҳам. Фақат М. Мухторова барча тў­ловларни амалга ошириб, 12 400 000 сўм пулни моддий жиҳатдан қийиналгани сабабли бера олмаган.

Гарчи «Эргашали Турсунов Нурсух» хусусий корхонаси ва низомини Ўзбекистон тумани давлат хизматлари марказидан қайта рўйхатдан ўтказилиши, туман давлат нотариал идораси орқали АЁҚШ мулкларининг гаровга қўйилиши ка­би ҳаракатларнинг барчасини ота-бола Турсуновлар ўз розиликлари билан амалга оширган бўлишса-да, тергов ва суд жараёнида улар Мунтазамхон ва Сайдали ҳужжатларни қалбакилаштиргани ҳамда фирибгарлик қилганини билдиришган. Ота-боланинг кўр­сат­маларини эса, гувоҳ А. Имомназаров ва қўшимча гувоҳ Р. Зоҳидовлар ҳам қўл­лаб-қувватлашган. Аммо Эргашали Турсуновнинг ўзи­га тегишли АЁҚШнинг ер ва мулклари М. Мухторова томонидан гаровга қўйилиб, «Микрокредитбанк»нинг Қўқон филиалидан 170 000 000 сўм кредит олинганидан 2019 йил март ойида банк ходимлари уйи­га келгач, хабар топгани ҳа­қидаги кўрсатмалари асоссиздир. Негаки, у 2018 йил 29 март куни «Эргашали Турсунов Нурсух» хусусий кор­хонаси балансидаги 4-сонли АЁҚШ мулклари ҳам­да ерга эгалик қилиш ҳуқу­қи билан гаровга қўйилишига розилик билдирган. Унинг бу ҳақдаги розилик аризаси ва имзоси Ўзбекистон тумани давлат нотариуси томонидан тасдиқланган. Шунингдек, Э. Турсунов ўзининг кўрсатмаларида 2018 йил октябрь ойида М. Мухторова билан кўришиб, олинган кредит ҳисобидан 500 АҚШ долларига тенг 3 900 000 сўмни олганини баён қилган.

Бу эса, Эргашали Турсуновнинг М. Мухторовани банкдан кредит олишидан хабардор бўлганидан далолат беради. Ўз-ўзидан аёнки, бундай шуб­ҳали ва қарама-қарши ҳо­латлар шахсни айблаш учун асос бўлолмайди.

Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасида судланувчини қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, айб­сиз деб топилиши ва реабилитация этилиши, 464-моддасида эса, жиноят содир этилишига судланувчи дахлдор бўлмаса, судланувчига қўйилган айблов иш ҳолатлари батафсил текширилгандан кейин ишонарли тарзда ўз тасдиғини топмаса, суд судланувчини оқлаши белгиланган. Ана шу асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди ўзининг 2020 йил 7 июлдаги ажрими би­лан жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судининг 2019 йил 4 ноябрдаги ҳукмини бекор қилиб, Мунтазамхон Мухторова ва Сайдали Мухторовни айбсиз деб топиб, оқлади.

Шу тариқа адолат қа­рор топиб, ака-сингил тадбиркорлар ноҳақ айбловдан халос бўлишди.

Бундан ташқари суд Эргашали Турсунов, Убайдулло Турсунов, А. Имомназаров ва Р. Зоҳидовларнинг кассация инстанция судида берган кўрсатмаларини ишончга сазовор бўлган ва иш ҳолатига мос келувчи далиллар йиғинидиси билан рад қилди. Яъ­ни, улар судда била туриб, ёлғон кўр­сатма бермаслик ва ўз зиммасидаги вазифани бажаришдан бўйин товлаш учун Жиноят кодексининг 238-моддаси билан огоҳлантирилишга қарамасдан ёлғон кўрсатма бергани, Р. Зоҳидов эса, ишни судда кўриш вақтида гувоҳ Д. Ҳусанбо­евани ёлғон гувоҳлик беришга мажбур қилиб, иш бўйича ҳақи­қатни аниқлашга тўс­қинлик қилганликдаги ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериб ўтди.

Жиноят-процессуал кодексининг 417-моддасида агар суд тергови вақтида жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, суд жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда бу ҳақда прокурорга хабар қилиши белгиланган. Шу боис, суд Э. Турсунов, гувоҳлар У. Турсунов, А. Имомназаров ва Р. Зоҳидовнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 238-моддасида назарда тутилган жи­ноят аломатлари мавжудлиги сабабли хусусий ажрим чиқариб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун тегишли материалларни Фарғона вилоят прокурорига юборди.

Албатта, айни пайтда суд­лар фаолиятидан бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Зотан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кў­ламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳар бир иш бўйича адолатни қарор топтиришни та­қозо этмоқда. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида — поклик ҳукмрон бўлиши керак.

Киритилди: 13:06 08.10.2020. Ўқилди: 2841 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!