Европа Иттифоқи вазирлари бугун WhatsApp, iMessage ва Signal каби мессенжерлардаги хабарларни ноқонуний контент мавжудлигини текшириш юзасидан мажбурий сканерлашни жорий қилувчи қонун лойиҳасини муҳокама қилади. Бундан кўзланган мақсад — болаларга нисбатан жинсий жиноятларга қарши курашиш.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасида сканерлаш қандай амалга оширилиши аниқ кўрсатилмаган. Мутахассислар таклиф этилаётган чора-тадбирлар амалда ёзишмаларнинг махфийлик шартларини бузмаслигига шубҳа билдирмоқда.
"Бундай жиноятларга қарши кураш яна хавфсиз онлайн алоқага ҳужум қилиш учун баҳона бўлиб хизмат қилмоқда", дея фикр билдирди Потсдамдаги Ҳассо Платтнер институтининг киберхавфсизлик профессори Аня Леман. Нидерландия буни инсон ҳуқуқларининг бузилиши сифатида баҳолаб, ушбу қарорнинг қабул қилинишига рози эмаслигини эълон қилган. Қонун лойиҳасига қарши чиққанлар орасида Германия ҳам бор.