Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Эртага – 1 апрель! Ўзбекистонда нималар ўзгаряпти?

Эртага – 1 апрель! Ўзбекистонда нималар ўзгаряпти?

Эртага 2020 йилнинг тўртинча ойини қаршилаймиз, бу иккинчи чоракка қадам дегани. QALAMPIR.UZ янги ойнинг бошидан ўзбекистонликларни қандай ўзгаришлар кутаётгани ҳақида хабар қилади. 1 апрелдан прописка тизимида ўзгаришлар бўлиши мумкин, бир қанча ватандошмиз кутган фуқаролик тўғрисидаги ҳужжат кучга киради, солиқ ва бошқа соҳаларда ўзгаришлар бўлиши кутиляпти. Ушбу материалда улар билан батафсил танишишингиз мумкин бўлади.

Прописка тизими йўқ бўлмайдиганга ўхшайди

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслигини кўзда тутувчи тартибни жорий этиш назарда тутилган. Ички ишлар вазирлиги бу бўйича ўз қонун лойиҳасини ишлаб чиқди ва ҳозирда муҳокама қилинмоқда.

Аммо лойиҳада бир неча фуқаро биргаликда мулк сотиб олиш ҳуқуқи чекланмоқда. Доимий прописка қилингандан сўнг 3 йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда, эр (хотин) Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида олинган доимий пропискасини йўқотиш қисми киритилмоқда. Тошкентда вақтинча рўйхатдан ўтмасдан юриш муддати 10 кунгина қилинмоқда. Лойиҳа муҳокамаси 31 мартгача давом этади.

“Паспортсиз” ватандошлар хурсанд бўладиган бўлди

“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги 58 моддадан иборат қонун ҳам 1 апрелдан кучга киради. 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу Қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади.

Ота-онаси (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари деб тан олинган бола юқорида кўрсатилган асосларга кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади. Фуқаролиги бўлмаган шахсни Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиш тўғрисидаги ариза доимий яшаш жойидаги ички ишлар органига топширилади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

-    сўровнома;

-    фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномаси;

-    никоҳ тузилганлиги ёки никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

-    аризачининг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарганлиги ҳақидаги маълумотнома (ўзгаришлар мавжуд бўлса);

-    давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат.

Фуқаролиги бўлмаган шахсни Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиш тўғрисидаги аризани ички ишлар органлари томонидан кўриб чиқишнинг умумий муддати ариза топширилган кундан эътиборан уч ойни ташкил этади.

Ҳокимликлардан яна бир тизим ажратиб олинади

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, келаётган 1 апрель санасидан Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органлари Давлат хизматлари агентлиги тизимига ўтказилиши режалаштирилган.

Агентлик ФҲДЁ органларининг ишини тизимли назорат қилиш, малакали кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимини юритиш ва ФҲДЁ органларининг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича функцияларни амалга оширади. Аввал ФҲДЁ органлари туман ёки шаҳар ҳокимлиги тасарруфида эди.

Солиқ префернцияларининг кўпидан воз кечилади

Давлат раҳбарининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида“ги фармонига кўра, Солиқ кодексининг эски таҳририда назарда тутилган деярли барча имтиёзлар 2020 йилнинг 1 апрелидан бошлаб бекор қилиниши белгиланган.

Бунда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган таълим, тиббиёт, маданият, маиший хизмат бўйича солиқ имтиёзлари сақланиб қолинди. Иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар кучини йўқотмайди.

Янгича давлат хизматлари жорий қилинади

Президентнинг “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига кўра, янги ойнинг биринчи кунидан Тошкент шаҳрида фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари белгиланди. Улар қуйидагилар:

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат тиббиёт муассасалари томонидан фуқароларга маълумотномалар бериш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Унга мувофиқ, 1 апрелдан бошлаб:

-    руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери томонидан фуқароларнинг ҳисобда туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотномани тўғридан-тўғри бериш амалиёти бекор қилинади;

-    фуқароларга Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотнома фақат Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали тақдим этилади;

-    наркология ва руҳий касалликларга чалинган фуқаролар ҳисоби фақат электрон шаклда юритилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2020 йил 1 апрелга қадар автоматлаштирилган электрон ахборот тизимига Руҳий касалликлар бўйича диспансер ва Наркология диспансери ҳисобида турган фуқаролар ҳақида тегишли маълумотларни киритиб, электрон база шакллантирилишини таъминлаши ҳамда давлат хизматларини кўрсатишда тегишли маълумотлардан фойдаланиш имкониятини тақдим қилиши керак.

Қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ерлар ажратилади

“Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинган.

2020 йил 1 апрелдан бошлаб тажриба-синов тариқасида Тошкент вилояти Қибрай ва Тошкент туманлари, Фарғона вилояти Фарғона ва Олтиариқ туманлари ҳамда Қашқадарё вилояти Китоб ва Нишон туманларида:

-    жисмоний ва юридик шахсларга ер участкаларини қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун шаффоф ва очиқ танлов ўтказиш орқали ажратиш механизми жорий этилади;

-    жисмоний ва юридик шахсларга кейинчалик танловга қўйиш бўйича ташаббус кўрсатиш ҳуқуқини тақдим этган ҳолда махсус геопортал орқали ер участкаси тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш ҳуқуқи берилади;

-    қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ҳуқуқининг бозор қийматини баҳолаш ҳамда улардан солиққа тортишда фойдаланиш механизми жорий этилади.

МТМ ходимларига ҳақ тўлаш тартиби ўзгаради

2020 йил 9 март куни “Давлат мактабгача таълим тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди

2020 йил 1 апрелдан бошлаб туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари ушбу ҳудуддаги боғчалар сонидан келиб чиқиб, I, II  ва III гуруҳларга ажратилади ва шу асосда мактабгача таълим тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби такомиллаштирилади. Қуйидаги тартиб жорий қилиниши бошланади.

 

Киритилди: 23:57 31.03.2020. Ўқилди: 5706 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!