Бугун 7 декабрь, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги: Теҳрон Европa билан ядровий музокаралар ҳақида ўйламаяпти

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги: Теҳрон Европa билан ядровий музокаралар ҳақида ўйламаяпти

Эрон БМТ санкцияларини қайта жорий этишга ёрдам берган Европa билан ядровий музокаралар ҳақида ўйламаяпти, аммо АҚШ билан “адолатли ва мувозанатли” музокара жараёнини қайта бошлашга тайёр.

Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арагчӣ давлат телевидениеси орқали жонли эфирда чиқиш қилиб, мамлакат ташқи сиёсатининг долзарб масалалари ҳақида фикр билдирди.

Дипломат таъкидлашича, 9 сентябрь куни Қоҳирада Эрон ва Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) ўртасида имзоланган, ўзаро ҳамкорликни тиклашни кўзда тутувчи келишув БМТ санкциялари кучга кирганидан сўнг ўз кучини йўқотган.

Бироқ, Арагчининг сўзларига кўра, бу ҳамкорликнинг тўлиқ тўхтатилганини англатмайди:

“Қоҳира келишуви ҳозирча тўхтатиб қўйилган. Биз агентлик билан ҳамкорликни бутунлай тўхтатамиз демаяпмиз, чунки ҳамкорликнинг айрим йўналишлари бизнинг манфаатларимизга мос келади. Алоқалар узилмайди, аммо келишувни амалга ошириш ҳозирча қолдирилди. Агентликнинг янги талаблари бўйича қарорни Олий миллий хавфсизлик кенгаши қабул қилади”, — деди вазир.

Арагчининг таъкидлашича, Теҳрон Европa давлатлари билан ядровий музокаралар олиб бориш учун ҳеч қандай асос кўрмаяпти, чунки бу музокаралар БМТ санкцияларининг қайта жорий этилишига сабаб бўлиши мумкин:

“Ҳозирда биз европаликлар билан музокаралар учун асос кўрмаяпмиз. Биз АҚШ билан адолатли ва мувозанатли мулоқотга тайёрмиз”, — деди у.

Вазир қўшимча қилди, АҚШ билан воситачилар орқали алоқалар ҳануз давом этмоқда:

“Бизнинг АҚШга нисбатан позициямиз ҳар доим аниқ бўлган — агар улар шарт қўйишга уринмасдан, ўзаро ҳурмат ва тенг ҳуқуқлилик асосида музокара қилишга тайёр бўлсалар, биз ҳам шундай музокараларга тайёрмиз”, — деди дипломат.

Арагчӣ, шунингдек, АҚШ президенти Дональд Трампнинг Эрон Иброҳим келишувларига қўшилиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотига ҳам жавоб берди:

“Иброҳим келишувлари, муқаддас номига қарамай, Фаластин халқи ҳуқуқларини инкор этадиган, босқинчи ва жиноятчи режимни қонуний деб тан олишга қаратилган хиёнаткор режадир. Бу келишувлар бизнинг ғояларимиз билан ҳеч қандай умумийликка эга эмас”, — деди вазир.

Шунингдек, у Россия расмийларининг маълумотларига таяниб, ўтган ҳафта Россия президенти Владимир Путин ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ўртасида бўлиб ўтган телефон суҳбати ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:

“Россиялик дўстларимиз маълум қилишича, Нетаньяҳу Эрон билан янги можаро бошлаш ниятида эмаслигини айтган. Аммо бу биз учун муҳим сигнал эмас — Эрон қуролли кучлари тўлиқ шай ҳолатда, сионит режимининг алдаш эҳтимоли юқори, ва бундай баёнотлар кўпинча чалғитиш учун қилинади”, — дея таъкидлади Арагчӣ.

Киритилди: 14:40 12.10.2025. Ўқилди: 1045 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!