Исроил мудофаа кучлари Ливанга ҳарбий блокада ўрнатиб, Сурия ва Эрондан келаётган юк самолётларининг Байрут аэропортига қўнишни тақиқлади. Бу ҳақда Ynet нашри хабар бермоқда.
Ҳисоботга кўра, сўнгги 24 соат ичида Исроил бир неча кун аввал вайрон қилинган Ливан ва Сурия ўртасидаги олтита чегара ўтиш пунктини тиклашга тўсқинлик қилган. Бундан ташқари, армия Ливанга Сурия ёки Эрон самолётларининг Байрутга қўнишига рухсат бермаслигини расман маълум қилган. Фуқаролик транспортига рухсат берилади. Ливан соҳилларида Эрон кемалари ҳам ушланиши мумкин.
Бир неча соат олдин Эрондан келган самолёт Байрут аэропортига қўна олмай, Теҳронга қайтишга мажбур бўлган эди.
Нашр вакилининг иддао қилишича, ҳозиргача 600 мингга яқин ливанлик мамлакат жанубидаги уйларини ташлаб шимолга кўчиб ўтган, яна 400 минг нафари эса Байрутнинг Даҳия туманидан эвакуация қилинган.