Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

"Энди Шайх Салмон ўз одамларидан мулойимлик билан Ўзбекистонга овоз бермасликни сўрайди"

"Энди Шайх Салмон ўз одамларидан мулойимлик билан Ўзбекистонга овоз бермасликни сўрайди"

Куала-Лумпур (Малайзия)да бўлиб ўтган Осиё футбол Конфедерацияси (ОФК)нинг 28-Конгрессида қатор муҳим қарорлар қабул қилинди.

Жумладан, ОФК президенти ташаббуси билан Низомга тузатишлар киритилди. Эътиборлиси, ҳозиргача ушбу ташкилот ишларига хайрихоҳлик билдирган Ўзбекистон футболи вакиллари бу сафар амалдаги раҳбарларга қарши овоз беришди.

Нега? Машҳур мутахассис Алишер Аминов anhor.uz сайтига берган интервьюсида ушбу масалага алоҳида тўхталди.

– Алишер Анатольевич, овоз бериш жараёнида камчилик томонида бўлган Ўзбекистон футбол ассоциациясининг позицияси ҳақида нима дейсиз?

– Биринчи навбатда, Низомга киритилган ўзгаришлар нималарга асослангани, уларнинг мазмунини яхшилаб тушуниб олиш лозим. 2019 йилнинг 6 апрелида ОФК президентлиги ва Ижроқўм вакиллигига сайловлар бўлиб ўтади. Айни пайт Осиё футбол конфедерациясига баҳрайнлик Салмон бин Халифа раҳбарлик қилмоқда. Аммо бироз аввал унга жиддий рақобатчи пайдо бўлгани ойдинлашди – Одил Иззат (Саудия Арабистони).

Ушбу рақобатчининг жиддийлигини таъкидлаш пайти номзоднинг шахсий сифатларини назарда тутмадим, балки унинг ортида турган кучлар, уларнинг молиявий имкониятлари ва сиёсий таъсир кучини инобатга олдим.

Шу ўринда, ОФК сайлов-олди кампаниясида қатнашиш учун яқинда Саудия Арабистони футбол федерацияси президенти лавозимидан кетган жаноб Иззат миллий миқёсда у қадар катта кучга эга эмаслигини таъкидлаш жоиз: Саудия футболи ривожи йўлидаги ҳал қилувчи қарорларни мамлакат спорт вазири Турки ал Шайх чиқаради.

Демак, Саудия Арабистони ўз номзодини кўрсатиш чоғида сиёсий «дастак»ни ишга солиб, Баҳрайн футбол ассоциациясига босим ўтказиш ва шу тариқа Шайх Салмонни янги муддатга номзод сифатида кўрсатмаслигини таъминлаш имкониятига эга. Яъни бегона қўллар билан пойгадаги асосий фаворитни четлаштириши мумкин.

ОФК президенти буни яхши тушуниб тургани учун Низомга ўзгаришлар киритиш ташаббуси билан чиқди: унга кўра, миллий федерация фикридан қатъи назар, раҳбарликка унинг номзоди ҳам қўйилишига рухсат берилади. Авваллари номзод кўрсатишда бундай тавсиянома мажбурий бўлган, энди эса ОФКга аъзо учта федерациядан «розилик» олишнинг ўзи кифоя қилади.

Ижроқўм вакиллигига сайловда эса амалдаги шартлар ўз кучида қолди. Бундан кўринадики, ОФК президент тайинлашда миллий федерациялар фикрига кўз юмишга тайёр, нисбатан пастроқ лавозимларга номзодлар танлашда эса уларнинг розилиги аҳамият касб этади.

Бу розиликсиз Ижроқўм аъзолиги у ёқда турсин, ОФК шафелигидаги ўйинларда комиссарлик ҳам қилолмайсиз. Аксарият мутахассислар айнан миллий федерация раҳбарлари билан чиқиша олишмагани туфайли Ижроқўмдан четда қолиб кетишганига гувоҳ бўлдик. Бу гап нафақат Ўзбекистон ёки Туркманистон, балки Австралия ва Ҳиндистон сингари давлатларга ҳам тааллуқли…

– Демак, президент ўзи киритган ташаббус орқали кейинги тўрт йилликда ҳам лавозимида қолишни кўзлаган, бу йўлда мантиқни бир четга суриб қўяётган экан-да?

– Шу билан бирга Конгресснинг тўлиқ қўллаб-қувватлашига эришди. 46 та давлатдан 42 таси уни ёқлади. Агар демократия ва ошкоралик принципларига таянилса, ҳар қандай шаффоф сайлов жараёнида мантиқ хусусида гап бўлмайди. Бошқа томондан, қанчалик ғалати туюлмасин, Шайх Салмон ва унинг тарафдорлари айнан демократик тамойиллар тарафдори сифатида чиқиш қилишди.

Кимлар «қарши» овоз берди? Саудия Арабистони – чунки Шайх Салмоннинг бу лавозимда қолишини хоҳламайди. БАА – чунки ҳар жабҳада Саудия Арабистонини қўллаб-қувватлайди. Жанубия Корея – чунки бу мамлакатнинг ҳам президентлик курсиси борасида ўз қарашлари бор…

Улардан қайси бири демократия, мантиқ, номус ва қадр-қимматни биринчи ўринга қўйган дейсиз? Жавоб тушунарли! Вазият худди футбол сингари оддий ва тушунарли: қандай бўлмасин, фаворитни курашдан чиқариш лозим.

– Яхши, у ҳолда Ўзбекистон бу компанияга қай тариқа қўшилиб қолди?

– Конгрессдан сўнг бу савол кўпчиликни ўйга солди, ҳеч ким Ўзбекистон вакилларининг амалдаги президентга қарши овоз беришларини кутмаганди. Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон футболи мутасаддилигига келган илк даврларданоқ Шайх Салмон уни қўллаб-қувватлаб келди.

Энг асосий воқеа ўтган йилнинг сентябрь ойида кузатилган, ўшанда ЎФФ президентлигига сайловлар жараёнида мавжуд низом ҳужжатларининг кўплаб бандлари бузилганига қарамай, ОФК бу «сайловлар»ни қонуний тарзда ўтган, деб ҳисоблаганди. Аҳмаджоновнинг ушбу лавозимга сайланмагани, балки тайинланганидан Шайх Салмон бехабар бўлиши мумкин эмасди. Шунга қарамай, ОФК раҳбари мазкур ҳолатни маъқуллади.

Шайх Салмон ЎФАни Аҳмаджоновга фойдали бўлган бошқа позицияларда ҳам қўллаб-қувватлади. Масалан, сентябрь ойи охирида айнан Тошкентда ОФК Ижроқўми йиғилиши ўтказилди, гарчи Тошкент, айтайлик, логистика нуқтаи назаридан бундай тадбирлар ўтказиш учун қулай жой эмасди.

Одатда, бу каби йиғилишлар ОФК штаб-квартираси жойлашган Куала-Лумпурда ўтказилади. Ёки янада йирикроқ тадбирлар билан параллель равишда ташкилланади – ФИФА ёки ОФК Конгресси, Осиё кубоги финал мусобақаси шулар жумласидан.

Сентябрь ойи охирида Аҳмаджонов навбатдаги сайловларда Шайх Салмон номини ёқлашини оммавий тарзда эълон қилди. Аммо бир ойдан сўнг Ўзбекистоннинг позицияси кескин ўзгарди. Айни пайт ЎФА биринчи вице-президенти лавозимида фаолият юритаётган Аҳмаджонов Конгресс ишида қатнашмади.

Бироқ сир эмаски, айнан у бугунги кунда ўзбек футболи бошқарувини қўлга олган. Дарвоқе, Куала-Лумпурдаги овоз бериш жараёнида Аҳмаджоновнинг яқин ёрдамчиси иштирок этди.

ОФКдагилар Ўзбекистон футбол ассоциациясининг позициясидан бир хил маъно чиқаришди, уларнинг фикрича, мазкур ҳолатда Шайх Салмонга хиёнат қилинган.

Аҳмаджоновнинг «қарши» овоз берилгани ҳақида ЎФА президентига ҳисобот берганига шубҳам бор. Бундай даражадаги қарорлар ЎФА Ижроқўми ижозати билан чиқарилиши кераклиги ҳақида эса, ўйлашимча, Аҳмаджонов ўйлаб ҳам кўрмаган.

– Бунга нима сабаб бўлган, деб ўйлайсиз?

Биласизми, раҳбарликка тайинланиш чоғида қонунни четлаб, турли «майда-чуйдалар»га эътибор қаратмай, мамлакат футболини бошқараётган шахс ҳеч қачон қонунни тушунчадан юқори қўймайди. Умуман, тушунчаларини ҳам, билишимизча, Аҳмаджонов осонгина қурбон қилади.

Бу гапларнинг сийқаси чиққан: афтидан, саудияликлар қандайдир аргумент топишганки, бу нарса ўзбекистонлик футбол функционерларининг фикрини ўзгартириш учун етарли бўлган. Бу қандай сабаб бўлиши мумкинлигини фақат тахмин қила оламиз, холос.

Боз устига, билишимча, ЎФА раҳбарлари Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари федерацияларини ҳам «қарши» овоз беришга ундашга ваъда беришган. Аммо режа иш бермади, нимадир ўхшамади. Улардан ҳеч бири келишув ва ваъдаларга рози бўлмади.

– Тахминингизча, ушбу воқеанинг оқибатлари қандай бўлиши мумкин?

– Катта эҳтимол билан ЎФА энди ОФК Ижроқўмидаги ўрнини сақлаб қолиш имкониятидан маҳрум бўлди. 42та федерация розилигини олган Шайх Салмон ўз одамларидан мулойимлик билан Ўзбекистонга овоз бермасликни сўрайди, модомики, Шарқ – нозик масала, сайловларда ютқазиш учун шунинг ўзи етарли бўлиши мумкин.

Ўзбекистон вакилларининг ОФК Ижроқўмидаги ўрни айнан Шайх Салмоннинг қўллаб-қувватлаши натижаси эди. 2011 йили ЎФФ Осиё футболига ҳеч қандай таъсири бўлмаган вакил – Сардор Раҳматуллаев номзодини илгари сурганда, Ўзбекистон ҳаттоки Мальдивга ҳам ютқазганди.

2013 йили ОФК раҳбарлигига Шайх Салмон келгач, ЎФФнинг ўша пайтдаги президенти Мираброр Усмонов узоқни ўйлаб иш кўрди ва уни сайловларда қўллаб-қувватлади. Кўп ўтмай, Жанубий ва Марказий Осиё футбол федерацияларини ажратиш ташаббуси берилгач, бу Раҳматуллаевнинг барибир, Ижроқўмга аъзо бўлишига ёрдам берди.

Аслида, Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA)нинг ташкил этилиши Ўзбекистоннинг шу ўринни олиши учун ўйлаб топилганди. Хўш, тузилганига тўрт йил бўлган ташкилот нима билан шуғулланяпти? Бу саволга жавоб бериш мушкул. Фақатгина ОФК ва ФИФА ҳисобига ташкил этиладиган айрим турнирлар пайтида қандайдир фаоллик кузатилади.

Умуман, CAFAнинг асосий вазифаси қонун-қоида чегарасидан чиқмайдиган федерацияларга Ижроқўмда жой кафолатлашдан иборат. Энди, Ўзбекистон футбол ассоциацияси катта эҳтимол билан бундай имтиёздан айрилади.

Боз устига, ОФКнинг доимий қўмиталарида Ўзбекистон вакиллари сони қисқариши мумкин. Мираброр Усмонов ва Шайх Салмон ўртасидаги яқин муносабатлар туфайли бугунги кунда ЎФАнинг кўплаб вакиллари асосий қўмиталар аъзолари ҳисобланишади: мусобақалар ўтказиш қўмитаси, техник қўмита, ривожланиш қўмитаси, футзал ва пляж футболи қўмитаси.

Айнан Шайх Салмоннинг ёқлаши туфайли Ўзбекистон 2016 йили футзал бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Бу эса Ўзбекистон термасининг жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш вазифасини анча осонлаштирганди. Бир кун келиб, ОФК президенти ўз принципларига содиқ қолиб, айрим ҳуқуқлар бўйича ЎФАга рад жавобини бериши мумкин. Бунинг учун сабаблар етарлича…

Бу фикрларим билан Шайх Салмонни бенуқсондек кўрсатмоқчи эмасман. У Осиё футболини қонун доирасида бошқармаяпти, тушунарли бўлиши учун, ОФКнинг ЎФА билан ўзаро бажарган ишларини мисол сифатида келтириш мумкин. Аммо ушбу олағовур сценарий яна бир карра кўрсатди: ЎФА раҳбарияти камида шошқалоқликка йўл қўйди.

 

Киритилди: 11:00 15.11.2018. Ўқилди: 5287 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!