Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда Унда “Пиротехника буюмларининг муомаласи тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов пиротехника буюмларини ноқонуний реализация қилиш ва улардан фойдаланиш ҳолатларининг кўпайиши фуқаролар хавфсизлиги ва жамоат тартибига салбий таъсир кўрсатаётганини қайд этди.
- Бу ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг келиб чиқишига таҳдидлар туғдирмоқда, - деди Қ.Бурхонов. - Масъул вазирлик ва идоралар томонидан аниқ мақсадли тадбирлар ўтказилишига қарамасдан, республика ҳудудига пиротехника воситаларини четдан ноқонуний олиб кириш ҳолатларини тўлиқ қамраб олишнинг имкони бўлмаяпти.
Эндиликда ушбу турдаги қонунбузарлик учун амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдордаги жарима жазоси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма беш бараваригача оширилмоқда.