Бугун 16 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Дунёнинг энг илғор етти клиникаси

Дунёнинг энг илғор етти клиникаси

Пандемия даврида тиббий хизматларга бўлган талаб кескин ошиб кетди. Дунёда соғлиқни сақлаш тизимининг асоси йирик клиникалар ҳисобланади. Уларда нафақат даволаш, балки тиббиётнинг бир неча йиллик истиқболларини белгиловчи тадқиқотлар ҳам олиб борилади.

Қуйида тақдим этилаётган рўйхатни мукаммал рейтинг деб бўлмайди. Сабаби, ҳар бир клиника ўз йўналиши бўйича илғор. Аммо айнан мана шу тиббий масканлар жаҳон етакчилари эканини англатувчи нисбий кўрсаткичлар бор, дейди Dori-Darmon" АК матбуот хизмати.

Жонс Ҳопкинс клиникаси

АҚШнинг Балтимор шаҳридаги бу кўп тармоқли клиникада жуда мураккаб операциялар амалга оширилган, тиббиётда муҳим роль ўйнаган тадқиқотлар қилинган, унинг талабалари ичидан Нобель мукофоти совриндорлари етишиб чиққан.

Бугунги рўйхатдаги дастлабки ўринда жойлашиши сабаби айнан коронавирус пандемияси билан боғлиқ. Бу касаллик бўйича энг ишончли ва фойдали тавсиялар, статистик маълумотлар ҳамда даволаш тактикаларини танлашда шу клиника фаолияти эталон вазифасини бажарди.

Чуқур тадқиқотлари орасида ген инженерияси алоҳида ўрин тутади.

Крис Хани Барагванат шифохонаси

Узоқ Жанубий Африка Республикасининг пойтахти Йоханнесбург шаҳридаги бу клиникада пандемияга қадар ҳам 5 минг нафар ходим ишлаган. Клиниканинг обрўси баландлиги сабаб, масофа узоқ бўлишига қарамай, жуда кўп давлатлардан беморлар келиб яхшигина пул тўлаб даволанишади.

70 гектар майдонда жойлашган бу тиббий масканда бирваракайига 3000 киши даволаниши мумкин. Пандемия даврида ходимлар сони ҳам, беморлар сони ҳам ўртача 20-25 фоизга ошган.

Стэнфорд клиникаси

АҚШдаги бу клиниканинг ўзига хос жиҳати – инновацион технологиялар қўллаши билан барчадан ўзиб кетган. Бу тиббий маскан телемедицина, микрожарроҳлик каби қатор мураккаб йўналишларда илғор ҳисобланади. Шунингдек, тиббий ускуналарни ҳаётга татбиқ этиш бўйича энг кучли тадқиқотлар ҳам айнан шу клиникада ўтказилади.

Бу маскан ходимлари бир вақтда ҳам юрак, ҳам ўпкани кўчириб ўтказганлари, шунингдек, АҚШда биринчи бўлиб ёши катта одам юрагини кўчирганлари билан мақтана оладилар.

Great Ormond Street – энг яхши болалар шифохонаси

Тиббиётнинг жуда катта қисми бўлган педиатрия йўналишида Лондондаги 1852 йилда асос солинган бу шифохона олдига тушадигани йўқ. Дунёнинг жуда кўплаб давлатларида турли йўналишларда тадқиқотлар олиб борадиган бу клиника болалар дуч келадиган энг мураккаб касалликларни даволаш бўйича қатор патентларга эга.

Хизматлари анча қиммат бўлса-да, тиббий суғурталар болалар жонига ора киради.

Андерсон онкология маркази

Техас университети қошидаги бу тиббий марказ онкология соҳасида етакчи ҳисобланади. Сўнгги йиллардаги ўлим сабабчилари орасида тобора юқорилаб бораётган саратон касалликлари кўпайгани сари бу клиниканинг тадқиқотлари қамрови ҳам, беморлари сони ҳам ортиб бормоқда.

Бу клиника онкология йўналишидаги тадқиқотлар учун бир йилда ўртача 700 млн доллардан 1 млрд долларгача инвестиция киритади.

Charitе, Берлин

Умуман, Германия тиббиёти клиникалари ҳам жаҳоннинг ҳар қандай тиббий масканлари билан беллаша оладилар. Биргина Charitе клиникасида бу давлатдаги тиббиёт ва физиология бўйича Нобель мукофоти соҳибларининг ярмидан кўпи ишлайди.

Мазкур клиника мураккаб жарроҳлик, хусусан онкология, трансплантология бўйича тадқиқотлар маскани ҳисобланади.

Массачусетс бош госпитали, Бостон

1811 йилда асос солинган бу тиббий марказ қатор йўналишларда илғор бўлса-да, айнан юрак касалликлари бўйича ютуқлари жиҳатдан яққол етакчи ҳисобланади. Жаҳоннинг энг малакали кардиохирурглари ушбу клиникада фаолият юритадилар, таълим оладилар ёки тажриба орттирадилар.

Ноёб тадқиқотлари билан машҳур бу клиника ходимлари орасида Нобель мукофотига лойиқ кўрилганлар сони 10 нафарни ташкил қилади.

 

Киритилди: 20:12 28.10.2020. Ўқилди: 2182 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!