Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Доимий прописка «лазейка» бўлиб қолганини айтган ИИВ мутасаддиси узр сўраши керакми?

Доимий прописка «лазейка» бўлиб қолганини айтган ИИВ мутасаддиси узр сўраши керакми?

10 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган интервью ва журналистлар билан очиқ мулоқотга Олий суд муносабат билдирди.

Ички ишлар вазирлиги Бош бошқарма бошлиғи Бадриддин Шорихсиев Ўзбекистон Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган журналистлар билан очиқ мулоқот жараёнида кўп баҳсли ҳолатлар, айнан пропискадан ўтиш жараёнида юзага келаётганлиги, Тошкент шаҳрига пропискага ўтиш, қўпол қилиб айтганда, «лазейка» бўлиб қолганлиги, шунга қарамасдан, кўпчилик фуқаролар судга мурожаат қилишаётганлиги, суд қарор чиқаргандан кейин ходимлари фуқароларни прописка қилаётганлиги, бу масалада юқори ташкилотларга маълумот киритилганлиги ҳақида фикр билдирган.

Маълумки, Тошкент шаҳрида фуқароларни доимий прописка қилиш Ўзбекистон Республикасининг «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонунига асосан тартибга солинади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида»ги Йўриқнома тасдиқланган.

Мазкур Йўриқноманинг 4-бандига кўра, доимий прописка қилиш учун ариза Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти туман (шаҳар) Ички ишлар бошқармаси (бўлими)нинг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига тақдим этилиши кўрсатилган.

Бу қоида талабидан кўпчилик, шу жумладан, ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқарма бошлиғи ҳам хабардор бўлса керак? Зеро, биринчидан, мазкур қонун ва Низомда фуқарони Тошкент шаҳрига суд қарорига асосан прописка қилиш ҳақида бирорта қоида мавжуд эмас ва судлар буни яхши билишади.

Иккинчидан, амалдаги ФПК талабига кўра, суд томонидан шахсни турар жойга доимий пропискага қўйиш ёки пропискадан чиқариш судлар ваколатига кирмайди, бу Ички ишлар органларининг мутлоқ ваколатига берилган.

Учинчидан, суд статистикаси таҳлилига кўра, ўтган йиллар мобайнида судлар томонидан кимнидир Тошкент шаҳрига рўйхатга қўйиш, киритиш ҳақида биронта ҳам қарор чиқарилмаган, бу факт.

Маълумот ўрнида шуни ҳам қайд этиш жоизки, судлар томонидан уйга киритиш, меросни тақсимлаш ҳақида кўрилган ишлар бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорлари фуқарони уй рўйхатига киритишга асос бўлмайди. Чунки уй рўйхатига киритишнинг юқорида келтирилган талабларига кўра, уй мулкдорининг розилиги талаб қилинади. Яъни суд, бирон фуқарони, айтайлик келинни уйга киритиш ҳақида қарор чиқариши уни фақат уйга киритишга асос бўлади, уй эгалари розилигисиз уни рўйхатга қўйиб бўлмайди.

Хулоса қилиб айтганда, ОАВда бундай нохолис, асосланмаган фикрлар билдирилиши фуқаролар орасида суд орқали Тошкент шаҳрига доимий пропискага ўтиш мумкин экан, деган нотўғри фикр шаклланишига олиб келиши мумкин. Шундай экан, Ички ишлар органи вакили ўз фикрларини юқорида қайд этилган қонун ҳужжатларига асосланиб, билдирилган фикрлари судлар фаолияти қонунийлигига шубҳа туғилишига асос бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, холис ва ҳаққоний изоҳ берса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Дунё тажрибасида эса, нотўғри ёки асосланмаган фикр билдириб қўйган мансабдор шахс тез фурсатда ўз хатосини тўғирлаб, узр сўрайди.

Киритилди: 00:15 14.06.2019. Ўқилди: 1727 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!