Ҳозирда лабини укол қилиб ишириш, кўзига рангли линза қўйдириш, бурнини операция қилдириб, шаклини ўзгартириш, дори ичиб вазн ташлаш ва шу каби ишлар билан ҳилқатни ўзгача қилишга уринадиган қизлар сони ортмоқда. Бу шунчаки мода ортидан қувиш эмас, руҳий бузилишнинг бир туридир. Ўзига нисбатан ишончнинг пастлиги билан намоён бўлувчи бу ҳолат фанда "дисморфофобия" деб юритилади.
Унда одам ҳаддан ташқари ташвишланиб, ўз танасининг кичик нуқсони ёки хусусияти билан машғул бўлади. Дисморфофобиянинг асосий белгиларига қуйидагилар киради: ўз ташқи кўринишининг бир ёки бир нечта жиҳатларини кучли ёқтирмаслик, кўп бўяниш ёки кийимлар билан камчиликларини яширишга уриниш, ташқи кўринишини бошқа одамларники билан таққослаш.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, касаллик турли хил психологик, ижтимоий, биологик ва шахсий омиллар туфайли юзага келиши мумкин. Кўпинча, муаммо ўсмирларда бошқаларнинг танқидисабаб пайдо бўлади.
Дисморфофобияни даволаш мутахассис назоратида, махсус ишлаб чиқилган когнитив хулқ-атвор терапияси ва дорилар ёрдамида амалга оширилади. Косметик даволаниш эса самарасиз, чунки дисморфофобияга чалинганлар ташқи кўринишини ўзгартириш билан тинчимайди, ўзига танқидий назар ташлаб, янги айбларни топишда давом этаверади. Шу боис ирода кучини ишга солиб, қатъиятни ошириб, ўзини қабул қилиш кўникмаларини шакллантирган мақсадга мувофиқ.