Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Чақалоғини ҳожатхонага ташлаган аёл: «Нима сабабдан эркак алдагани учун аёл шу ҳолга тушди, дейилмайди»

Чақалоғини ҳожатхонага ташлаган аёл: «Нима сабабдан эркак алдагани учун аёл шу ҳолга тушди, дейилмайди»

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси июль ойи бошида Сурхондарё вилоятининг Денов туманида 20 ёшли аёл томонидан янги туғилган чақалоқнинг ҳожатхонага ташлаб кетилгани юзасидан ўз муносабатини билдирди. Қуйида баёнотни тўлиқ ҳолда эълон қиламиз.

Бугунги шиддатли, ҳар куни минглаб воқеа ва ҳодисалар бўҳрони гирдобида ўтаётган глобаллашув даврида АЁЛ зотининг қадр-қимматини, ҳимоясини кучайтириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар қанча бўлса, афсуски аёл билан, унинг маънавияти билан боғлиқ ҳолатлар ҳам талайгина.

Масалан, деб санай бошласангиз бармоқ етмайди. «Аёл боласини сотди», «аёл боласини буғиб ўлдирди», «аёл жиноятга қўл урди» ва ҳоказо…

Таҳлил учун кўпчиликни ларзага солган 2 ҳолатни олайлик:

— 2018 йил 5 март куни Наманган вилоятининг Норин туманида «Тошлоқ гранд» фермер хўжалиги боғида ёлланиб ишлаётган Учқўрғон туманида яшовчи Б.Х. боғдаги ҳожатхонада қиз туққан ва уни қасддан ўлдириш мақсадида ҳожатхонага ташлаб юборган. Чақалоқ йиғисини эшитган шу боғ ишчиси А.Т. чақалоқни қутқариб қолган. Чақалоқ туман марказий туғруқхонасига ётқизилган.

— 2019 йил 2 июль кунифуқаро Ф.Т. Сурхондарё вилоятиДенов тумани Лолазор маҳалласидаги «Хабибобод» бозори ҳудудида жойлашган аёллар ҳожатхонасида қиз бола чақалоқни туғиб, ҳожатхона ичига ташлаб кетган. Ундан кейин ҳожатхонага кирган аёл чақалоқ йиғисини эшитиб, одамларни ёрдамга чақирган. Натижада чақалоқ қутқариб қолиниб, касалхонага жойлаштирилган.

Балки булар биз билган, билиб қолгангина ҳолатлардир.

Нега асосий омилни кам эслаяпмиз?

Бунақа пайтда ижтимоий тармоқларда, ўзаро мулоқотларда ёшлар, айниқса қизлар тарбиясига масъул ташкилотларни, маҳаллани, ота-онани айблаш, боласини ҳожатхонага ташлаган аёлни лаънатлаш жараёнининг бошланиши табиий.

Интернет тармоғида, матбуотда «Эркак алдагани учун аёл шу ҳолга тушди» дейилмайди, «Аёл жиноят қилди» дейилади. Асосан АЁЛ ва унинг гуноҳи, жинояти ҳақида гапирилади.

Тўғри, боласини туғиб шу аҳволга солиш — албатта, ҳеч қачон оқланмайдиган ҳол. Бироқ аввало масала негизида ётган яна бир ҳақиқат — шу ҳолатни содир этишда маънавий маънода аёл билан теппа-тенг айбдор бўлган эркак омили, унинг тарбиясию шу фожеадаги «ҳиссаси» етарлича баҳоланмайди.

Бундай ҳолларда аёлга нисбатан зўравонлик ҳолатини «ўзи хоҳлагани учун бирга бўлган», «вояга етганку» деган изоҳлар билан ёпиб юбориш ҳам аслида аёлга нисбатан ҳақли муносабат эмас.

Фожеанинг яна бир асосий сабаби

Биз фожеа сабаблари, илдизларига тўхталадиган бўлсак, аввало муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Термиздаги «Султон Саодат» мажмуасини зиёрат қилиш чоғида ёшларнинг исломий таълим-тарбиядан узоқ қолганини ўз ўрнида баҳолаб, «Очиқ айтсак, одамларни тарбиясига ислом нур эканлигини сингдиролмадик. Фожеамиз мана шу ерда», — деб айтган сўзларини эслашимиз зарур бўлади.

Чунки, Деновда бўлган мана шу мудҳиш ҳолатда ҳам никоҳсиз бола кўриш, оиласига хиёнат қилиш фожеаси болани туғиб ҳожатхонага ташлаб ўлдириш хулосасигача бориб етишининг негизида ҳам оилада, теварак-атрофда аввало нафақат диний, балки инсоний аҳлоқ қоидаларини, маърифатни англаб етмаслик, халқининг қадриятларини ҳурмат қилмаслик сабаби ётибди.

Қаерга қараяпмиз?

Бугунги кунда жамоатчилик томонидан бот-бот такрорланаётган «масъуллар қаерга қарашяпти?» деган эътироз ҳам ўринли.

Шу ўринда Сурхондарё вилояти Хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Қобулованинг Денов туманида бўлган ҳолат юзасидан берган маълумотига тўхталамиз:

«Мен ўша куни Денов туманида хизмат сафарида эдим. Профилактика инспекторидан эшитиб, боланинг соғлигини суриштириб, туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи билан тиббий ёрдам беришда эътиборсизлик қилмай назоратда ушлашни навбатчи врачларга тайинладик.

Маълум бўлишича оилада 6 фарзанд — 2 нафар ўғил, 4 нафар қиз улғаймоқда. Ф.Т.нинг маълумоти ўрта-махсус, отаси ишлашга рухсат бермаганлиги учун уйида тикувчилик билан шуғулланиб келган. Унинг номусига амакисининг ўғли 1990 йилда туғилган ўзи билан бир маҳаллада яшовчи А.Т. теккан.

Бола 02.07.2019 йилда туғилган, онаси ва ўзидан бошқа ҳеч ким билмаган. Отаси ва ака-укасидан қўрққанидан, қариндош-уруғ, қўни-қўшнидан уялганидан онаси билан келишган ҳолда болани йўқ қилиш учун шу йўлни топган. Бола ҳожатхона янги тозаланганлиги ва орқа томони билан тушганлиги сабабли ва ўз вақтида топилиб, тиббий ёрдам кўрсатилганлиги учун тирик қолган, ҳозирда саломатлиги яхши.

Туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси оиладан хабар олди. Оила маҳалланинг оддий оилаларидан. Отаси ҳам, оила аъзолари ҳам воқеадан хабар топгач, яна бир хатоликка йўл қўйиб қўймаслиги учун уларга вазиятни борича қабул қилиши ва яна кескинлаштирмаслиги тушинтирилди. Ҳозир вазият назоратга олинди, болага гувохномани расмийлаштириш чораси кўрилмоқда".

Яна кечикдик…

Тўғри, аслида бу каби бонг уришлар ҳам, халқ таъбири билан айтганда «бўлари бўлиб, буёғи сингиб бўлган"дан кейинги хабар олишлар ҳам, қайсидир масъулни ишдан олиш, кимгадир чора кўриш кабилар ҳам фожеани юмшатишга асос бўлолмайди.

Чунки, кўриниб турибдики, юқоридаги ҳолни содир этган эркак ва қиз яшаётган маҳаллада маърифий муҳит етарлича соғломлаштирилмаган. Қиз ҳомиласини «ҳожатхонага ташлаш учун» кўтариб юрган 9 ой давомида ҳеч ким ҳеч нарсани сезмаган.

Бугунги ислоҳотлар натижасида шу ҳолатлар содир бўлишининг олдини олиш учун кўрилаётган чоралар, масалан «Қизлар саломатлик маркази», «Аёллар маслаҳатхонаси», «Аёллар реабилитация маркази» каби ижтимоий ҳимоялаш тузилмаларидан кўзланаётган мақсад ўз вақтида аҳолига етказилмаган. Қисқа қилиб айтганда, яна кечикилган.

У ҳам аёл, унинг ҳам ҳимоячиси қонун

Ҳозирда жиноят содир этган аёл ҳақида шов-шувли эътироз ва ҳақоратга тўла минглаб изоҳлар ва фикрларни кузатяпмиз.

Бироқ, Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ташкилотлар ҳам аёл катта хато, ҳатто жиноят қилиб қўйса ҳам у аёлга нисбатан омманинг нафратини қўзғатишга, «бу аёлга ўлим» қабилидаги кайфиятни уйғотишга ҳақли эмас. Чунки, барча қатламдаги зарбага учраган, жинояти замирида битта ўзи турмаган аёлларни ҳам ҳимоя қилиш қонунга зид эмас.

Боласини туғиб ҳожатхонага ташлаб юборган аёлнинг қилмишини мутлақо оқламаган ҳолда, ҳолат юзасидан қўзғатилган тергов иши якунларини кутиб, ушбу аёлни, унинг оиласини ҳозирги мураккаб руҳий ҳолатдан олиб чиқиш билан шуғулланиш Хотин-қизлар қўмитасининг вазифасидир.

Хулоса ўрнида…

«Биров гуноҳ қилганда жим кузатиб туриш ҳам гуноҳдир» дейди доно халқимиз.

Бу каби ҳолатларни ўз вақтида олди олинмагани масъул ташкилотларнинг ёшлар, аҳоли, қизлар ўртасида маънавий тарғибот ишларини самарали ташкил этиш, тадбирларни одамларнинг кундалик ҳаётига бўлган таъсирини кучайтириш, жамоатчиликнинг ҳал этувчи улкан кучидан унумли фойдаланиш, оиладаги тарбияни тўғри ташкил этишда давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатиб турибди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, юқоридаги фожианинг маънавий жароҳати жуда чуқур ва тез битадиган эмас. Бу фожеа АЁЛнинг, мутлақо айбсиз ГЎДАКнинг, ўша ОИЛАнинг тақдирида умрбод давом этиши ҳам бор гап. Бироқ, ҳар қандай вазиятда ҳам хатони тўғирлашга, жароҳатни битказишга, бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун ҳар маҳалла ва оила кесимида ҳаракат қилиш ўринлироқдир.

Киритилди: 09:35 11.07.2019. Ўқилди: 4602 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!