Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Буюклар муҳаббати: Македониялик Искандар Зулқайнар қалбини забт этган Самарқанд гўзали

Буюклар муҳаббати: Македониялик Искандар Зулқайнар қалбини забт этган Самарқанд гўзали

Искандарнинг нигоҳлари Шарққа қаратилган эди. У “Шарқий заминни” забт этиб, буюк салтанатга асос солишни орзу қиларди. Шарққа томон бошланган 10 йиллик Эллин юришига бошчилик қилганида македониялик шоҳ атиги 22 ёшда эди. Ўн йиллик юришнинг уч йили Марказий Осиё ҳудудлари, Суғдиёна (Самарқанд) ва Бақтрияни забт этиш учун сарфланди. Бугунги кунда нафақат мутахассислар, балки Искандар Зулқайнар ҳаётига қизиқувчи барча қадимий замин - Самарқандга келишга ошиқади. Бу замин жаҳонгир Искандарнинг Самарқанд гўзали Равшанакка (лотин тилида Роксана) нисбатан қалбида уйғонган муҳаббатига гувоҳ бўлган. Аммо бу муҳаббат фожиали, ёрқин ва жуда қисқа давом этди.

Искандар учун Суғдиёна ва Бақтрияни забт этиш Шарқий юришнинг энг қийин кечган жараёни бўлди. Спитамен бошчилигидаги маҳаллий аҳоли босқинчиларга қарши қаҳрамонларча қаршилик кўрсатишди. Македониялик шоҳнинг асосий рақиби, унга нисбатан кучли қаршилик кўрсатган суғдиёналик зодагонлар эди.

Суғдиёнани забт этишда грек-македон қўшини йўлидаги биринчи тўсиқ “Суғдиёна қояси” эди. Бу тоғ устида қурилган қалъа бўлиб, Искандар учун уни забт этиш ҳарбий юришининг тақдирини ҳал қиларди. Искандар қўшинига қалъадан туриб отилаётган камон ўқлари жиддий зиён етказарди. Қалъани ҳужум билан забт этишнинг умуман иложи йўқ эди. Искандар қўшини “Суғдиёна қоясига” яқинлашиши билан камон ўқлари ёмғири ёғиларди. Искандарнинг таслим бўлиш талабига суғдиёналиклар шундай жавоб қилишди: “Эллинлар (Юнонлар) ва македонлар шоҳи, агар сенда қанотли жангчилар бўлса, қалъани забт этишга ҳаракат қилиб кўр. Аммо сенда ундай жангчилар бўлмаса, яхшиси ортинга қайтиб кет. Сен ҳеч қачон бу ергача етиб келолмайсан”. 

Искандар қояга чиқишда тажрибаси бор энг кучли жангчиларни саралаб олди ва уларга юксак мукофотлар ваъда қилиб, тепаликка чиқишни буюрди. Тунда жасур жангчилар арқонлар ёрдамида қоядан кўтарилишни бошлади. Улардан 30 таси қоядан қулаб ҳалок бўлишди, қолганлари тонггача қалъадагилардан ҳам юқорироққа кўтарилиб олишди ва юқоридан туриб қалъага ҳужум қилишди. Ғафлатда қолган қалъадагилар ҳимояланишди, аммо охир-оқибат қалъа забт этилди.

Қалъа ичида маҳаллий зодагон Оксиарт оиласи билан Искандар қўшинига асирга тушди. Искандар қалъага кирганида Оксиарт хонадонидан чиқиб келаётган қизга кўзи тушди – бу Оксиартнинг қизи Равшанак эди. Равшанак шарқона ҳусни ва латофати билан Искандарнинг ақлини ўғирлади. Ёш Искандар уни бир кўришда севиб қолди...

Равшанак асира бўлишига қарамасдан, Искандар унга уйланишга қарор қилди.

Искандарнинг ҳарбий юриши давомида ёзувчилар, тарихчилар, файласуфлар доимо у билан бирга бўлишган. Улардан бири, юнон ёзувчиси Арриан шундай ёзади: “Оксиартнинг қизларидан бирининг исми Роксана (Равшанак) бўлиб, у жуда гўзал қиз эди. Жангда иштирок этганлар уни “биз кўрган аёллар ичида энг гўзали” деб такрорлашарди. Александр Роксанани бир кўришда севиб қолди. Унга бўлган муҳаббати туфайли, шоҳ унга куч билан эришишдан бош тортди ва унга уйланишга қарор қилди”.

Искандар ва Равшанак қандай ажойиб жуфтлик бўлишганини тасаввур қилинг: қудратли жангчи, шоҳ ва саркарда ҳамда соҳибжамол Самарқанд гўзали. Юнон рассоми Ротари томонидан чизилган “Александр ва Роксана тўйи” номли асар бугун дунёга машҳур. Мазкур асар Плутарх ҳикояси асосида чизилган бўлиб, рассом Искандар ва Равшанакнинг учрашуви лаҳзасини тасвирлаган. Оҳ-нола қилаётган хизматкорлар атрофида ёш Равшанак шарқона ибо, ҳаё билан ошиқу беқарор саркарда ёнида турибди. Бироқ асарда рассом Суғдиёна гўзалини эмас, балки юнон қизи гўзаллигини тасвирлаган. Соҳибжамол Равшанак “Шарқнинг асл атиргули” (Плутарх сўзлари) бўлган. Унинг беқиёс гўзаллиги ўз даврида тилларда достон бўлган.

Шу ўринда савол туғилади, Равшанак Искандарни севганми? Катта эҳтимол билан айтиш мумкинки, у Искандарнинг қудратидан чўчиган. Шу билан бирга, уни хўрланишдан сақлаб қолгани учун ҳам Искандардан миннатдор бўлган. Кейинчалик Равшанак ўз хатти-ҳаракати билан уни севишини ва қаттиқ рашк қилишини исботлаган...

Уларнинг унаштириш маросими ва тўй шарқона урф-одатда ўтди. Бу ҳолат юнон саркардалари ва амалдорларига ёқмади, албатта. Унаштириш маросими соддагина қилиб ташкил этилди - ханжар билан буғдой уни иккига бўлиниб, келин-куёвга улашилди. Бу одат ҳозирги кунгача сақланиб келинади. Бироқ никоҳ тўйи шоҳона ўтказилди. Тўй бўлган вақтда Равшанакнинг ёши 16 ёшларда бўлган. Ўша куннинг ўзида Искандар билан унинг 10 минг жангчиси маҳаллий қизларга уйланишди. Ушбу тўйдан сўнг Искандар томонидан юнон-македон қўшинига жалб этилган Суғдиёна ва Бақтрия жангчилари қўшин сафида тенг ҳуқуқли мақомини олишди. Равшанакнинг оила аъзолари, ака-укалари ва опа-сингилларига юқори даражалар берилди.

Ёш шоҳнинг ҳашаматли тўй қилишида, Суғдиёна ва Бақтрия аҳолисига юнонлар билан тенг ҳуқуқ берилишида сиёсий мақсад ҳам бор эди. У куч билан бу ҳалқни ушлаб туришнинг иложи йўқлигини Искандар тушуниб етганди. Шу сабабли ҳам у муроса йўлини танлади. Суғдиёнага куёв бўлишни шараф деб билди ва Ғарб ва Шарқ маданиятларини бирлаштиришни хоҳлади.

Марказий Осиёга келгунига қадар юнон маданиятини энг улуғ маданият деб ҳисоблаган Искандар (нафақат Искандар, балки барча юнонлар) бошқа маданиятларни қолоқ, деб ҳисобларди. Аммо у Марказий Осиё маданияти нақадар ривожланганини, бу масканда юнонларникидан қолишмайдиган етук файлсуфлар, тарихчилар, санъаткорлар, ҳунармандлар ва жанг майдонида жон беришни шараф билгувчи халқни кўриб лол қолди ҳамда бу икки маданиятни бирлаштиришни хоҳлади. Шундай қилиб, Эллада (Юнонистон) ва Шарқ ўртасидаги иттифоқ Искандар ва Равшанак ўртасидаги севги билан мустаҳкамланди.

Искандар Равшанак билан умрининг сўнгги тўрт йилини бирга ўтказди. Тақдир Искандарнинг пешонасига эрта вафот этишни ёзган экан. Бутун оламни ва эртаклардаги маконларни забт этишни орзу қилган македониялик Искандар кучга тўла 33 ёшида вафот этди. Ғарбга ҳарбий юриш қилишга тайёргарлик кўраётган шоҳ, сафардан олдин базму жамшид уюштиришни буюрди. Шоҳ бир неча кун тинмасдан дўстлари билан туну кун базм уюштирди. Барча манбалар Искандарнинг бетоб бўлишини ушбу базмдаги майхўрлик билан боғлайди.

Искандар куну тун тинмасдан майхўрлик қилган. Майхўрлик давом этаётган бир вақтда, катта идишдаги майни бир кўтаришда ичиб юборган шоҳ тўсатдан йиқилди ва оғриқдан бақириб юборди. Яқинлари уни кўтариб тўшакка ётқизишди. Хасталик кучайиб бораверди, табибларнинг ҳеч бири хаста шоҳга ёрдам бера олишмади. Искандар оғриқларга бардош бера олмай, ўзини ўлдириш учун дори ўрнига қилич беришларини талаб қилди. Орадан ўн кун ўтиб, Искандар биринчи фарзандига ҳомиладор бўлган ёш рафиқасининг қўлида вафот этди. Равшанак унинг очиқ қолган кўзларини қўллари билан юмди ва унга сўнгги марта бўса ҳадя этди...

Искандарнинг вафотидан сўнг шоҳнинг энг яқин саркардалари у барпо этган салтанатни шафқатсизларча парчалаб, бўлиб олишди. Сиёсий курашлар ва ўйинлар авжига чиқди. Оқибатда Искандар салтанатини қўлга киритган кучлар Равшанак ва унинг улғайиб бораётган ўғли Александр IV - Искандарнинг ҳақиқий меросхўридан жиддий хавфсирай бошлашди.

Улар дастлаб Равшанак ва набираси Александр IV ни ўз ҳимоясига олган Искандарнинг онаси Олимпиадани қатл қилдилар. Равшанак ва унинг ўғлини ошкора қатл этишдан чўчишди. Чунки ҳалқ Искандарнинг ҳақиқий меросхўри қатл этилишини кечирмасди. Шу сабабли улар Равшанак ва унинг ўғлини қадимий юнон анъаналарига кўра, энг номард ва пасткаш усул билан - хуфёна заҳарлаб ўлдиришди. Уларнинг жасадларини барчадан яшириб дафн қилишди. Шу тариқа Искандар ва Равшанакнинг муҳаббатига якун ясалди.

Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади

Manba: zarnews.uz

Киритилди: 21:45 18.11.2019. Ўқилди: 5498 марта. Фикрлар сони: 1 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!