Бугун 18 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Бухорода эркак ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд бўлмаганлиги сабабли оқланди

Бухорода эркак ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд бўлмаганлиги сабабли оқланди

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг 2010 йил 15 октябрдаги ҳукмига кўра, Ҳ. Ўзбекистон Республикаси ЖК 167-моддаси 3-қисмининг “а,в” бандлари билан ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 2 йил, ЖК 209-моддасининг 1-қисми билан 1 йил; ЖК 227-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан 2 йил, ЖКнинг 59-моддаси тартибида 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ойлик иш ҳақининг 30 % миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган.

Суднинг ҳукмига кўра, Ҳ. аудитор вазифасида ишлаб, банк филиали бошқарувчиси С., бош ҳисобчиси М., МЧЖ раҳбари З., МЧЖнинг техника хизмати бўйича мутахассиси А.лар билан уюшган гуруҳга бирлашиб, 2009 йил 14 августдаги банкнинг Бухоро вилоят филиали ва Пешку туманидаги хусусий тадбиркор
О. ўртасида тузилган 62-сонли кредит шартномаси асосида банк томонидан ажратилган 65.000.000 сўм кредит маблағларини талон-торож қилиш мақсадида, Пешку туман давлат солиқ инспекцияси хисоботлар бўлимининг мухрини эгаллаб, мазкур штамп билан 2001 йилда фаолияти тухтатилган фермер хўжалигининг 1-сонли шакл бухгалтерия балансига Пешку туман давлат солиқ инспекциясининг штампини қўйиб, қалбакиллаштирилган баланс ҳужжатларини банкнинг Бухоро вилоят филиалига тақдим қилиб, такроран хизмат сохтакорлигига йўл қўйиб, Пешку туманида 1998 йил 29 январда рўйхатга олинган 2001 йилдан буён фаолияти тўхтатилган фермер хўжалигининг 2009 йил 1 январь холатдаги молиявий хисоботлари бўйича яъни, унинг иқтисодий барқарорлиги тўғрисида сохта аудиторлик хулосаси тузиб, мазкур хулосани банк Бухоро вилоят филиали кредит бўлимига тақдим қилиниши натижасида якка тартибдаги тадбиркор О.га  65.000.000 сўм ажратилишига ва мазкур кредит маблағларни Пешку туманида рўйхатга олинган масъулияти чекланган жамиятининг ҳисоб рақамига кўчирилишига эришиб, кредит маблағларини нақдлаштириш йўли билан ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишда айбланган.        

Дастлабки тергов ва суд муҳокамасида сўроқ қилинган Ҳ., фермер хўжалигининг молиявий баланс ҳужжатлари унга муҳр ва имзолар тўлиқ қўйилган ҳолда тақдим қилинганлигини, О. исмли банк ходимининг илтимоси билан хулоса қилиб берганлигини, кредит олувчилар билан тил бириктирмаганлигини, ажратилган кредит маблағлари бўйича манфаатдор бўлмаганлигини билдириб кўрсатувлар берган. Унинг мазкур кўрсатувлари жиноят ишидаги далиллар билан рад қилинмаган, иш ҳолатлари аксинча бўлганлиги исботлаб берилмаган.    

Шунингдек ишда судланувчи тариқасида сўроқ қилинган С., фермер хўжалигининг муҳрини топиб олганлигини, шу муҳрдан фойдаланиб, банкдан берилган 2009 йил 10 июль санасидаги 2-сонли кафиллик шартномасининг бланкасига имзо ва муҳр қўйганлигини, банк томонидан фермер хўжалигининг молиявий баланс ҳужжатлари сўралгани учун хўжаликнинг баланс ҳужжатларига сохта маълумотлар киритиб, Пешку туман ДСИга иш билан борганида солиқ ходимининг столида турган қайд қилиш штампини олиб, баланс ҳужжатларига босганлигини, кейин ушбу ҳужжатларни банкка тақдим қилганлигини, бу жараёнларда аудитор Ҳ.нинг иштироки бўлмаганлигини баён қилган бўлсада, биринчи инстанция суди фермер хўжалигининг муҳри ва давлат солиқ инспекциясининг штампини эгаллашда ва фойдаланишда Ҳ.нинг иштироки тўғрисида асоссиз хулосага келган.

Жиноят ишида судланувчи ёки гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган бирор шахснинг Ҳ.нинг кредит олувчилар билан уюшган гуруҳга бирлашганлиги, гуруҳ раҳбари ёки аъзоларининг илтимоси билан фермер хўжалигининг иқтисодий барқарорлиги тўғрисида сохта аудиторлик хулосаси тузиб берганлигини, унинг ажратилган кредит маблағлари бўйича манфаатдор бўлганлигини тасдиқлайдиган кўрсатувлари мавжуд эмас.

Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 май кунидаги “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддасида аудиторлик текширувининг молиявий ҳисобот ва бошқа молиявий ахборот тўғрилиги ва қонун ҳужжатларига мослигини аниқлаш мақсадида хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳисоботини ҳамда у билан боғлиқ молиявий ахборотни аудиторлик ташкилотлари томонидан текширишдан иборат эканлиги кўрсатилган.

Жиноят иши ҳужжатларидан кўринишича, Ҳ.унга тақдим қилинган ҳужжатларни ўрганиб улардаги маълумотлар асосида фермер хўжалигининг иқтисодий барқарорлиги тўғрисида хулоса тузиб берган. Бу жараёнда Ўзбекистон Республикасининг “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуни талаблари ёки соҳани тартибга солувчи ички норматив ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилмаган.

Чунончи, аудитор Ҳ.га фермер хўжалигининг 2008 йил якунлари бўйича 1-сонли шаклдаги бухгалтерия баланси, молиявий натижалар тўғрисидаги 2-шаклдаги ҳисобот, дебитор ва кредитор қарздорлик ҳақидаги маълумот, пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот ҳужжатлари тақдим қилинган. Барча ҳужжатлар фермер хўжалигининг муҳри билан тасдиқланган. 2008 йил якунлари бўйича 1-сонли шаклдаги бухгалтерия баланси ҳужжатларида Пешку туман ДСИ солиқ тўловчиларнинг бухгалтерия ҳисоботларини қабул қилиш бўлимининг штампи босилган бўлиб, ҳужжатлардаги маълумотлар Пешку туман ДСИдаги маълумотлар билан солиштирилганлигини билдиради.

Жиноят ишида, аудитор Ҳ.га тақдим қилинган ҳужжатлар қалбаки бўлган тақдирда ҳам унинг бундан хабардор бўлганлигини тасдиқлайдиган далиллар мавжуд эмас. Шундай экан дастлабки тергов органи ва биринчи инстанция судининг Ҳ.нинг  уюшган гурухга бирлашиб ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини талон-торож қилганлиги, корхонанинг ўта мухим ахамиятга эга бўлган мухрини эгаллаганлиги, хизмат сохтакорлигига оид хулосалари фақат тахминга асосланган бўлиб, қонуннинг ҳукм тахминларга асосланиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги талабларига жавоб бермайди.

Қайд этилганларга асосан, судлов ҳайъати, суд ҳукмининг Ҳ.га оид қисмини бекор қилиб, унинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖК 167-моддаси
3-қисмининг “а,в” бандлари, 209-моддаси 2-қисмининг “а,б” бандлари, 227-моддаси 2-қисмининг “а” бандида кўрсатилган жиноят таркиби мавжуд эмас деб ҳисоблаб, ишни ЖПК 83-моддасининг 2-бандига асосан тугатди. Ҳ.нинг етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини ЖПКнинг 304-313-моддаларида назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқига эга эканлиги эътироф этди.

 

            АСҲ-3-03/127-19-сонли ажрими

Жиноят ишлари бўйича

Бухоро вилоят судининг

судьяси С.Найимов

 

Киритилди: 12:23 26.11.2019. Ўқилди: 1369 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!